Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:59

Москва суди Жаҳонгирнинг бармоқлари 10 та эмас, 8 та эканлигини тан олди


Uzbekistan-Russian -Uzbek Zhakhongir Normatov deported from Russia, Moscow,03.11.2016
Uzbekistan-Russian -Uzbek Zhakhongir Normatov deported from Russia, Moscow,03.11.2016

Москва шаҳар суди наманганлик Жаҳонгир Норматовни Россиядан депортация қилишга оид Перов тумани суди чиқарган қарорни бекор қилди. Бундан 3,5 ой олдин Перов тумани суди наманганлик меҳнат муҳожирини миграция қонунларини бузганликда айбдор деб топиб, Норматовни Россиядан депортация қилиш бўйича қарор чиқарган эди. Ўз навбатида Россия миграция қонунларини бузмаганини даъво қилган ўзбек муҳожири Москва шаҳар судида ўзининг ҳақлигини исботлади, яъни Перов тумани судида ўзини Норматов Жаҳонгир деб таништирган шахс сохта Жаҳонгир бўлгани исбот қилди.

Наманганлик меҳнат муҳожири Жаҳонгир Норматов бошига тушган муаммо ҳақида Озодлик бир ой олдин ёзган эди.

Москванинг Перов тумани суди жорий йилнинг август ойида Норматовни миграция қонунларини бузганликда айбдор деб топиб, уни Россия ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида оид қарор чиқарган эди.Жаҳонгир Норматовнинг Озодликка айтишича, ўзининг депортация этилаётгани ҳақидаги хабарни тасодифан билиб қолган ва ўзи қатнашмаган судда “қандай депортацияга тушганини”дан “гангиб” қолган.

Перов тумани суди мажлисида ўзини Жаҳонгир Норматов деб таништирган бошқа бир ўзбек муҳожири қатнашган. Ёнида бирор ҳужжат бўлмаган сохта “Жаҳонгир”дан суд ходимлари бармоқ излари олган, бироқ сохта “Жаҳонгир”нинг бармоқ излари полиция маълумотлар базасидаги бармоқ излари билан солиштирилмаган.

Жаҳонгирнинг айтишича бир неча йил олдин темир кесиб юборган бармоғи, унинг депортациядан қутқилишида, ҳақ эканлигини тасдиқлашда муҳим роль ўйнаган.

- Ўзбекистонда ишлаганимда темир икки бармоғимни босиб юборган, бир бармоғимнинг ярми йўқ. Мен аввал келганимда ишга рухсатнома (патент) олиш пайтида мендан бармоғ излари олишганди. Шу мени қутқарди. “Гражданское содействие” ташкилоти ва адвокатим Филип Шишовга раҳмат. Улар бўлмагандан эди, мени депортация қилиб юборишарди, деди Жаҳонгир.

Жаҳонгирнинг адвокати Филип Шишовнинг Озодликка айтишича, Москва шаҳар суди Жаҳонгир Норматовни Россиядан депортация қилишга оид Перов тумани суди чиқарган қарорни бекор этганини, "эришилган ғалаба” деб баҳолади. Адвокат Шишовнинг фикрича Жаҳонгир иши, Россияда полиция ва суд идораларининг меҳнат муҳожирларига бўлган муносабати ёмон эканлигига яққол далилдир.

- Айрим полиция ва суд ходимлари ўз вазифасига юзаки ёндошиб, муҳожирларда ҳужжат бор ё йўқлигини сўраб ўтирмасдан, депортация қилишни давом эттиришади. Бу инсон ҳуқуқларини кенг кўламда поймол этилишини билдиради. Бундай ёндошувдан асосий мақсад, менинг фикримча, Россиядан меҳнат муҳожирларини мумкин қадар кўпроқ чиқариб юборишдир. Баъзи ҳакамлар бир кунда 90 нафаргача меҳнат муҳожири ишини кўриб чиқишади. Афсус, ўз ҳуқуқини талаб қилиб охиргача курашаётган, Жаҳонгир Норматовга ўхшаш муҳожирлар кам топилади. Жаҳонгирнинг тиришқоқлиги, қўрқмаслиги боис у ўзининг ҳақ эканлигини судда исбот эта олди, деди адвокат Филип Шишов.

Жаҳонгир Норматов бошига тушган муаммо ҳал этилгач, Ўзбекистонга кетишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG