Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:31

Роҳинжа қочқинлари Facebook ширкатига қарши 150 млрд долларлик даъво очди


БМТ Мьянмадаги мусулмон озчиликка қарши кампанияни геноцид деб атаган.
БМТ Мьянмадаги мусулмон озчиликка қарши кампанияни геноцид деб атаган.

Буюк Британия ва АҚШдаги ўнлаб роҳинжа қочқинлари Facebook корпорациясига қарши 150 миллиард долларлик маҳкама даъвосини бошлади. Арзгўйлар ижтимоий тармоқни мусулмон озчиликка нисбатан нафрат қўзғатувчи фикрларни ёйишда айблашмоқда.

Даъвода айтилишича, ижтимоий тармоқнинг ёлғон маълумот ва экстремистик ғояларни илгари сурувчи алгоритмлари реал оламда зўравонликка айланмоқда.

“Facebook ягона вазифаси аудиторияни кенгайтиришдан иборат махсус дастурланган робот кабидир”, дея суд ҳужжатидан иқтибос келтиради “Америка овози”.

Даъвогарларга кўра, “нафрат, айирмачилик ва ёлғон ахборот билан” тўйинган ижтимоий тармоқнинг ўсиши юз минглаб роҳинжа ҳаётининг хароб бўлишига олиб келган.

Даъвода таъкидланишича, Facebook алгоритмлари таъсирчан фойдаланувчиларда радикал гуруҳларга қўшилишга ундайди, “автократ сиёсатчилар ва режимлар” эса бу вазиятдан фойдаланиб қолишмоқда.

Мьянмада “Facebook“ орқали тарқалган нотўғри маълумотлар қайта-қайта этник ва диний зўравонликка туртки бўлгани айтилади. “Facebook” ходимлари ҳозирлаган ички ҳисоботларда ширкат Мьянмада роҳинжа мусулмонларига қаратилган нафрат нутқи тарқалишини тўхтата олмагани тан олинган.

2018 йилда “Facebook” ўз платформаларини назорат қилиш учун мьянма тилида сўзлашувчи 100 нафар ходимни ёллашни ваъда қилди. Аммо ширкат нечта контент модераторини ёллагани ёки улар кўплаб маҳаллий лаҳжаларидан қайси бирида сўзлашишини ошкор қилмади.

“Global Witness” ҳуқуқ гуруҳига кўра, “Facebook” раҳбариятининг оммавий ваъдалари ва муаммолар бўйича кўплаб ички ҳисоботларга қарамай, февраль ойида содир бўлган ҳарбий тўнтаришдан кейин ширкатнинг тавсия алгоритми армия ташвиқотини ва ширкат сиёсатига зид бўлган бошқа контентни тарқатишда давом этган.

Роҳинжалар – аксари ислом динига эътиқод қилувчи этник гуруҳ бўлиб, Мьянмада ирқий ва диний камситилмоқда.

2017 йил августда “Аракан роҳинжаларини қутқариш армияси” исломчи гуруҳи аъзолари Мьянма полициясига ҳужум қилиб, бир неча кишини ўлдирган. Бунга жавобан ҳукумат қўшинлари мамлакат шимолидаги Ракҳайн штатида амалиёт ўтказган. Ҳудудда маҳаллий мусулмон роҳинжаларни таъқиб қилиш бошланган. Улардан қарийб 750 минг киши қўшни Бангладешга қочишга мажбур бўлган.

Ушбу этник гуруҳнинг аксар вакиллари ҳануз Мьянмада яшамоқда, аммо мамлакатни идора қилаётган ҳарбий хунта роҳинжаларга фуқаролик беришни рад этиб, уларга нисбатан зўравонлик ва камситиш сиёсатини юритмоқда.

БМТ Мьянмадаги мусулмон озчиликка қарши кампанияни геноцид деб атаган.

XS
SM
MD
LG