Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:34

Чўкаётган эрини қутқармоқчи бўлган аёл сойга чўкиб кетди


Чодаксой
Чодаксой

13 май куни Наманган вилоят, Поп туман, Чодак қишлоғидан ўтувчи сойга ғарқ бўлган 33 яшар Сабоҳат Мирзораҳимованинг жаноза маросими бўлиб ўтди.

Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, 12 май оқшомида сойга чўкаётган эрини қутқариш учун ўзини сувга отган аёл жасади воқеадан бир неча соат ўтиб сой қирғоғидан топилган.

Поп туман ички ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, уч фарзанднинг онаси бўлган Сабоҳат Мирзораҳимова Чодаксойга тушиб кетган эрини қутқариш учун ўзини сойга отган:

"Эри, Абдуқаҳҳор Эргашев, 1981 йилда туғилган. Маст ҳолда сойга тушиб кетган. Эрини қутқариш учун аёл ўзини сувга отган. Эрини қишлоқдошларидан бир нечтаси қутқариб олган, лекин аёлни сув оқизиб кетган," деди ички ишлар ходими.

У ҳодиса билан ҳозирда туман прокуратураси шуғулланаётганини билдирди.

Поп прокуратураси ходими, терговчилар ҳодиса тафсилотини ўрганаётгани, хулоса чиқаришга ҳозирча эрта эканини айтди.

"Ҳодисани терговчи ўрганаяпти. Ҳозирча бирон хулоса чиқаришга эрта," деди у.

Чодакликлардан бирининг айтишича, аёлнинг ўлимига эр-хотин ўртасидаги жанжал сабаб бўлган:

"Эр-хотин ўртасида қандайдир гап қочган. Эри маст экан, ўзини сувга отган. Хотини эрини қутқариш учун ортидан ўзини сувга ташлаган. Жасадини бир неча соатдан кейин Чодаксой четидан топишган," деди чодакликлардан бири.

Эр-хотин истиқомат қилган "Мафтункор" маҳалласи яшовчиларидан бирига кўра, омон қолган Абдуқаҳҳор Эргашев деҳқончилик билан шуғуланган, аёли Сабоҳат Мирзораҳимова эса уй бекаси бўлган.

"Яхши оила эди. Эри деҳқончилик қиларди, аёли уй бекаси эди. Бундай ҳодиса бўлади, деб ҳеч ким ўйламаган. Кеча кўмиб келдик," деди марҳуманинг қўшниларидан бири.

Ўзбекистонда баҳор-ёз фаслида сувга чўкиб кетиш ҳоллари тез-тез кузатилади.

21 апрель куни Самарқандда 3 яшар қизалоқ ва унинг 4 яшар акаси ҳовлисидан оқиб ўтадиган каналга чўкиб кетган эди.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 7 март куни йўқолган 2 ёшли Муҳаммадсодиқ Нўмонжоновнинг жасади йўқолганидан 5 кун ўтиб уйи олдидан ўтувчи ариқдан топилган эди.

21 январь куни сувга чўкаётган синфдош дўстини қутқарган 10 ёшли Абдулла Рўзибоевнинг ўзи чўкиб кетган эди.

Фожиа Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/5 даҳасидан оқиб ўтувчи каналда рўй берган эди.

Боланинг жонсиз жасади икки кун ўтиб чўккан жойидан 1 километр олисдан топилганди.

XS
SM
MD
LG