Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

OzodTa’sir: Лавозимига қайта тикланган собиқ маҳкум-шифокор нафақага чиқарилди


Наманган болалар шифохонаси
Наманган болалар шифохонаси

Намангандаги болалар шифохонасининг қамалиб чиқиб, ўз лавозимига қайта тикланган бош врач муовини, Олия Шодиева, бу ҳақда Озодлик хабар беришидан кўп ўтмай нафақага чиқарилди.

Олия Шодиева 2008 йилда Намангандаги болалар шифохонасида 147 нафар гўдакка орттирилган иммун тақчиллиги вируси - ОИТВ юқтирилиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилганди.

ОИТВ юқтирилган камида 15 чақалоқ ҳаётдан кўз юмган.

Шодиева Олия ҳам мансабига совуққонлик билан қарашда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Қамоқдан озод этилгач Шодиева Намангандаги болалар шифохонасига 2015 йил охирларида яна ишга олинган ва кўп ўтмай бош врач муовини лавозимига қайта тикланган.

Озодлик билан суҳбатлашган маҳаллий шифокорлардан бири ўшанда Шодиева “таниш-билишлари орқали” ўз ўрнига тикланганини иддао қилганди.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимининг маълум қилишича, 29 апрелда Озодликда собиқ раҳбарнинг ўз лавозимига қайта тиклангани ҳақида мақола чиқиши ортидан болалар шифохонасида “ички текширув” бошланган.

Текширувлар жуда қаттиқ бўлди. Махсус комиссия ходимлари Шодиеванинг қандай қилиб бош врач муовини лавозимига олингани ва бу хабар қандай қилиб матбуотга чиқиб кетгани билан қизиқдилар. Алалоқибат, Шодиева ўз хоҳиши билан ариза ёзиб, пенсияга чиқиб кетди,” деди исми ошкор этилишини истамаган Озодлик манбаси.

Намангандаги Болалар шифохонаси навбатчисининг маълум қилишича, Олия Шодиева ўрнига бир неча йил муқаддам иш бошлаган ёш шифокор, Файзулло Маматвалиев, тайинланган.

Наманган сири - 2008

Наманган шаҳрида 147 нафар болакайнинг ОИТВга чалингани ҳақидаги хабар Ўзбекистонда шов-шувларни уйғотган эди.

Бироқ, Ўзбекистон расмийлари гўдакларнинг ОИТ вирусига чалинишига оид хабарларни икки йил давомида ошкор этмади.

Бу пайтга келиб 13 нафар наманганлик шифокор, жумладан болалар касалхонасининг бош врачи ва муовинлари устидан жиноий иш очилиб, улардан 12 нафари беш йилдан саккиз йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Намангандаги болалар шифохонасида вируснинг болаларга юқтирилишига санитария-гигиена, дезинфекцион ва стерилизацион режимнинг бузилгани сабаб сифатида келтирилди.

Ўзбекистонда ОИТВ юқтирганлар сони бўйича аниқ рақам ошкор этилмайди.

Ўзбекистонда 30 мингдан ортиқ ОИТ вирусини юқтирган киши аниқланган.

Аммо, мутахассислар ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори экани айтишади.

XS
SM
MD
LG