Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Тожикистонда исёнчи генералнинг ўғли 22 йилга кесилди


Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода.
Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода.

Душанбе шаҳар суди Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генерал Абдуҳалим Назарзоданинг тўнғич ўғлини 22 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд ҳукми ўтган ой чиқарилган бўлса-да, бу ҳақда жамоатчиликка энди эълон қилинмоқда.

Генерал Назарзоданинг 28 ёшли ўғли Бахтиёр Назаров “конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга чақирганлик”, “оммавий тартибсизликка чақирганлик” ва “оғир жиноят ҳақида атайлаб хабар бермаганлик”да уринишда айбланган.

Абдуҳалим Назарзоданинг ўзи Душанбе яқинидаги Ромит дараси тоғларида ўтказилган махсус амалиёт чоғида ўлдирилган. Тожик расмийлари уни давлат тўнтариши ясашга уринганликда айблаганлар. Назарзода давлатни тўнтаришга ҳаракат қилганми-йўқми – бу саволга ҳозир ҳеч ким холис жавоб беролмайди, бу сир генерал билан бирга қабрга кўмилди. Айни воқеа ҳақида ҳозир фақат Тожикистон куч ишлатар тузилмаларидан маълумот олиш мумкин, холос.

Озодлик тожик хизматининг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи манбасига кўра, Бахтиёр Назаров ва унинг икки укаси 2015 йил 4 сентябрида – амалга ошмай қолган давлат тўнтаришидан кейиноқ қўлга олинган. Бироқ улар ҳеч ерга кетмаслик тилхати асосида уч кундан кейин қўйиб юборилган.Манбанинг айтишича, ўша пайтда Бахтиёр ўз отасининг хатти-ҳаракатларини қоралаган ва унинг қуролли исён билан боғлиқ ниятидан хабари бўлмаганини айтган. Аммо ҳибсдан озод бўлган Бахтиёр отасига қарши Ромит дарасида махсус амалиёт давом этаётган пайтда ўз уйи ертўласида ёш йигитларни тўплаб, расмийларга қарши норозилик намойишига чиқишга ҳозирлик кўрган.

“У йигитларни шаҳар марказий майдонида расмийларга қарши намойишга чиқишга ундаган. Кейинроқ терговчиларга Бахтиёр отасининг режаларидан яхши хабардор бўлгани ва гуруҳ тузиб, унга ёрдам бермоқчи бўлгани маълум бўлди, бироқ режасини амалга оширишга улгурмай, қўлга олинди”, деди Озодлик манбаси.

Душанбе прокуратураси суддан Бахтиёр Назаровни 24 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган, бироқ судья 22 йиллик қамоқ билан кифояланишга қарор қилган. Ҳукмга мувофиқ, Бахтиёр икки йилни ёпиқ колонияда, қолган 20 йилни эса кучайтирилган режимли қамоқхонада ўтказиши лозим. Назаровга нисбатан шундай ҳукм чиқарилганини тасдиқлаган қариндошлари фойдасиз деб билганлари учун ҳукм устидан шикоят аризаси киритмоқчи эмаслар.

Бахтиёрнинг қариндошларидан бири Музаффар Абдураҳимов Озодликнинг тожик хизматига мазкур иш юзасидан суд мажлисларининг кўпида иштирок этгани ва Бахтиёр ўзига юкланган айбловларнинг кўпини қабул қилмаганини айтди. Унга кўра, Бахтиёр судда ўз сўзлари ва хатти-ҳаракатларини расмийларга нотўғри етказишганини айтган.

“Бахтиёр ўзини қисман айбдор деб ҳисоблайди, бироқ гувоҳлар ва прокуратура терговчилари сўзини тинглаганидан кейин суд уни 22 йилга қамаш ҳукмини чиқарди”, деди Музаффар Абдураҳимов.

Исёнчи генерал Назарзоданинг Бахтиёрдан ташқари яна икки ўғли ва бир қизи бор. Улар ҳам давлат тўнтариши уринишидан кейиноқ қўлга олинган, бироқ уч кундан сўнг озод қилингандилар.

XS
SM
MD
LG