Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2024, Тошкент вақти: 01:29

Ғалаба эйфорияси. Озарбайжонда навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтмоқда


Сайловда қатнашаётган "мухолиф" номзодларнинг ҳаммаси Илҳом Алиевни қўллаб-қувватлашган.
Сайловда қатнашаётган "мухолиф" номзодларнинг ҳаммаси Илҳом Алиевни қўллаб-қувватлашган.

Озарбайжонда президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда. Сайловолди дебатларида томошабин ким амалдаги президентни қўллаб-қувватлаётганию, ким мухолифат вакили эканини билмади.

Теледебатларда президентнинг вакили Тоҳир Будагов иштирок этди. Алиевга мухолиф партиялар сиёсий пойгадан эрта чиқиб кетди.

Алиев 2008 йилдаги 89 фоизлик рекордини янгилай оладими ёки йўқ деган савол жорий сайловда муҳокама учун ягона масала бўлиб турибди.

Аслида сайлов 2025 йилда ўтказилиши керак эди, бироқ Алиев декабрь бошида сайловларни февралда ўтказишни таклиф қилди. Алиев гарчи сайлов қачон бўлишидан қатъи назар ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга ишончи комил бўлса-да, ўз ҳокимиятига нисбатан заррача ҳам шубҳа пайдо бўлишини истамади.

Озарбайжон Қорабоғни Арманистондан қайтариб олганидан бери Алиевнинг халқ орасида обрўси ошди.

Ғалаба эйфорияси мамлакатнинг турғун иқтисодиётидан (ялпи ички маҳсулот 2023 йилнинг 11 ойида атиги 0,8 фоизга ўсди) ва ижтимоий муаммолардан қанча вақт чалғитиши номаълум.

Озарбайжон Қорабоғни Арманистондан қайтариб олганидан бери Алиевнинг халқ орасида обрўси ошган.
Озарбайжон Қорабоғни Арманистондан қайтариб олганидан бери Алиевнинг халқ орасида обрўси ошган.

Илҳом Алиев 2003 йилда отаси Ҳайдар Алиевнинг вафотидан кейин ҳокимиятни қўлга олди ва ўшандан бери Озарбайжонни темир мушт билан бошқариб келмоқда.

Алиев сайлов муддатидан олдин ўтказилаётганини қуйидагича изоҳлади: Қорабоғдаги ғалабанинг янги сайловлар билан белгиланиши зарурати; Қорабоғда илк бор сайловлар ўтказиш имконияти ҳамда Алиев ҳокимиятга келганига 20 йил тўлиши.

«20 йилдан кейин сайловларнинг ўтказилиши, албатта, бу ўтган давр сарҳисоби бўлади», дея таъкидлади Алиев.

Озарбайжондаги асл мухолиф партиялар олдинги сайловларда бўлгани сингари, бу сайловни ҳам бойкот қилмоқда. Охирги марта Алиевга ҳақиқий мухолиф сифатида кўрилган номзод - тарихчи Жамил Ҳасанли 2013 йилги сайловда қатнашиб, 6 фоизга яқин овоз тўплаган.

Озарбайжон Халқ фронти партияси раҳбари Али Каримли фейсбукдаги саҳифасида “Бизгароль таклиф қилишди, лекин биз бу спектаклда иштирок этишни хоҳламаймиз. Бу ўйиннинг сайлов ёки ҳалол рақобатга алоқаси йўқ", деб ёзди.

Сиёсатга яқинда кириб келган ва янги мухолиф партияга асос солган иқтисодчи Қубад Ибодўғли президентликка номзодини қўяди деган тахминлар бор эди, аммо Ибодўғли 2023 йил июлида сохта пул ишлаб чиқаришда айбланиб ҳибсга олинди. Айтишларича, Ибодўғли сиёсий мотивлар сабаб панжара ортида қолмоқда.

Ҳақиқий рақобат бўлмагач, мухолифат ролини бир қатор маргинал шахслар ўйнамоқда. Бу йилги номзодлардан учтаси (Алиевдан ташқари) 2018 йилги президентлик сайловларида ҳам иштирок этган. (Ўша сайловда қатнашган номзодлардан бири ҳатто ўзига эмас, Алиевга овоз берганини айтган).

Бу йилги номзодларнинг аксарияти Алиевнинг «Янги Озарбайжон» партиясидан фақат номи билан фарқ қиладиган, лекин амалда ҳукуматпараст партиялар вакилларидир.

«Улар ҳукумат томонидан яратилган партиялар», - дейди Бокуда жойлашган «Очиқ Озарбайжон» нодавлат ташкилоти раҳбари Зоҳраб Исмоил.

«Бу сайловда амалдаги президентдан бошқа олти номзоднинг барчаси яқин ўтмишда президентни қўллаб-қувватлаган», деб ёзади Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси ўз ҳисоботида.

Алиевга муҳаббат рамзи
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

Номзодлардан бири ҳукуматга қарашли Ижтимоий тадқиқотлар маркази раҳбари бўлиб, уни лавозимга бевосита Алиевнинг ўзи тайинлаган.

Озодлик радиосининг Озарбайжон хизмати хабарига кўра, номзодлар вакиллик қилаётган партиялар ҳукумат томонидан молиялаштирилади.
«Илгари улар қонунга хилоф равишда ҳукуматдан маош олган. Энди улар бу тўловларни қонунийлаштириб қўймоқда», дейди Бокудаги Сиёсий бошқарув институти таҳлил маркази раҳбари Азер Гасимли.

«Мухолиф» номзодлар бир қатор кутилмаган сиёсий таклифлар билан чиқиш орқали сайлов кампаниясига қандайдир ранг олиб киришга ҳаракат қилди.

Жумладан, мамлакат номини Шимолий Озарбайжон Республикаси деб ўзгартириш, Эрондаги этник озарбайжон озчиликлар яшайдиган ҳудудларни эгаллашга чақирувчи миллатчилик кайфиятидаги чақириқларни қўллаб-қуввватлаш; Арманистоннинг Сюник вилоятини озарбайжонники деб даъво қилиш; Россия кучларини қўллаб-қувватлаш учун Сурияга ҳарбийларни юбориш ва ҳоказо.

«Улар Алиев яхшироқ экани ва ягона муқобил номзодлигини кўрсатиш учун бундай аҳмоқона ғоялар ҳақида гапирмоқда», - дейди таҳлилчилардан бири.

«Биз ҳукумат ҳар доим сайловларни сохталаштириши мумкинлги ва сайловда ғалаба қозона олмаслигимизни биламиз. Ҳеч бўлмаганда сайлов даврида, ташвиқот олиб бориб, режимни фош қилардик», - дейди Халқ фронти партиясининг юқори лавозимли амалдори.

«Ҳозир улар сайлов кампаниясини ёритиши ва сайловдаги қинғирликларни фош қилиши керак бўлган журналистларнинг ҳибсга олди, энг таниқли мухолифатчи арбоблардан бири Тофиқ Ягублу ҳам энг шармандали айбловлар билан қамоққа олинди».


Шунга қарамай, етакчи мухолиф партиялар сайловда қатнашмагани учун баъзи танқидларга учради.

«Афсуски, ҳақиқий мухолифат Озарбайжонда муқобил йўқлиги ҳақидаги манзарага ҳисса қўшмоқда», дейди ноҳукумат ташкилот раҳбари Исмоил.

Фақат ғалаба қозониш эмас, вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилиш ҳам муҳим», - дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG