Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 06:04

Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги жангларда 3 мингга яқин аскари ҳалок бўлганини маълум қилди


Озарбайжонлик аскар онаси - Бейлаган тумани, Озарбайжон, 30 сентябрь

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудудида этник арман кучлари билан жангларда 2800 га яқин озарбайжонлик аскар ҳалок бўлганини маълум қилди. Боку бугунга қадар 44 кун давом этган тўқнашувлардаги ҳарбий йўқотишларини очиқламаган эди.

Мудофаа вазирлиги томонидан 3 декабрь куни эълон қилинган статистика Россия воситачилигида тинчлик битими имзоланганидан уч ҳафта ўтиб эълон қилинди.

Тоғли Қорабоғ қонунан Озарбайжон ҳудуди бўлиб, айирмачи ҳудудни 1990 йилларнинг бошидан бери этник арманлар бошқариб келади.

27 сентябрда бошланиб кетган можаро 1990 йиллардан бери содир бўлган энг шиддатли тўқнашув бўлди. Жанглар давомида Озарбайжон кучлари Тоғли Қорабоғнинг йирик қисмини ва унга туташ туманларни қайта қўлга киритди.

Мамлакат Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, можаро 2783 нафар аскар ва зобит умрига зомин бўлган, 100 дан ортиқ ҳарбий бедарак йўқолган. Бундан ташқари, 1245 нафар ҳарбий жароҳат олган.

Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Озодликка 2718 нафар ҳарбий хизматчининг жасади тиббиёт ходимлари томонидан текширилаётгани, жасадлар орасида озарбайжонлик аскарларнинг жасадлари ҳам бўлиши мумкинлигини билдирди.

Аввалроқ Тоғли Қорабоғ расмийлари 1 741 нафар ҳарбийнинг жасади аниқланганини маълум қилганди. Бу рақам Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги келтирган кўрсаткични ўз ичига олади.

Минтақада зиддият 1980 йилларнинг охирларида, яъни Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида бошланган. 1994 йилда ниҳоясига етган уруш 30 мингдан ортиқ одам умрига зомин бўлди, 1 миллиондан ортиқ одамни – асосан этник озарбайжонларни ўз уйини тарк этишга мажбурлади.

Тинчлик битими имзоланиши ортидан Россия минтақага 2000 га яқин тинчликпарвар ҳарбийни юборди. Аммо Россия воситачилигида имзоланган тинчлик битими минтақанинг ҳуқуқий мақоми бўйича келишмовчиликларни бартараф этгани йўқ.

Кўплаб арманлар битим Арманистон учун шармандалик эканини айтмоқда. Сулҳ шартномасининг имзоланиши ортидан Ереванда норозилик намойишлари бошланиб кетди ва бош вазир Никол Пашинян ҳукуматига жиддий таҳдид туғилди.

Озарбайжонда эса келишув катта ғалаба ўлароқ қабул қилинди. Президент Илҳом Алиев маъмурияти бундан буён Озарбайжон қўшинлари рамзий ва стратегик аҳамиятга эга Шуша шаҳри забт этилган кун – 8 ноябрь ҳар йили Ғалаба куни сифатида нишонланишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG