Линклар

Сирдарёда ўқитувчилар ғўза чопиғига сафарбар қилинди


25 майдан бошлаб Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Сайхунобод, Боёвут, Оқ олтин ва Сардоба туманларида ўрта умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж ўқитувчилари баҳорги мавсумий дала ишларига жалб қилинди. Озодликка бу ҳақда хабар берган маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, ўқитувчилар оммавий равишда пахта чопиғи, яганаси ва бошқа дала ишларига сафарбар этилган.

“Ҳамкасбларим бир неча кундан бери мактабдан қарийб 10-15 километр узоқликдаги пахта пайкалларига ҳашарга сафарбар этилган. Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни таъқиқлаганига қарамай маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан эълон қилинган сафарбарлик туфайли таълим сифатига жиддий зарар етмоқда”, деди педагог ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Исроил Ризаев.

Маълум бўлишича, Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармаси тизимидаги мактаб, лицей ва бошқа таълим муассасалари муайян тартибда мавсумий ҳашар учун белгиланган ҳашарчи ўринларини қоплаши зарур.

Бошқарманинг “Озодлик” саволларига жавоб берган мулозимининг айтишича, ўқитувчиларни дала ишларига ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Улар далага ўз хоҳишлари билан чиқмоқда:

“Ўқитувчини далага юбориш, балки, мактабларнинг ташаббусидир, бизнинг бошқармада бундай гап йўқ. Айрим ўқитувчилар пул топиш мақсадида далага чопаётганлари ҳам бор. Баъзи ўқитувчиларнинг ўзлари фермер бўлиб олган. Ҳамкасбларини ҳам, ҳатто ўқувчиларни ҳам ўз ташаббуси билан далага олиб чиқишади. Бунда бизнинг айбимиз йўқ” дейди бошқарманинг исмини очиқламасликни сўраган мулозими.

“Озодлик” маҳаллий ҳуқуқ фаолларига таяниб, Жиззах вилоятида ҳам ўқитувчиларнинг дала ишларига мажбурий сафарбар қилингани хусусида хабар қилганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG