Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 14:12

Эронлик ҳайдовчи қарийб 40 кундан буён Андижонда ҳибсда сақланмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара пунктининг Қирғизистон томони.

Эрондаги "Рахравон-Хуросон" логистика ширкати ҳайдовчиси Хусайн Али Жавоний Андижонда 6 октябрдан бери ҳибсда қолмоқда.

Ҳайдовчининг адвокати ва Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги консулига кўра¸ Жавоний ҳибсга олинган кундан тортиб 12 октябрга қадар уни ҳибсда сақлашга асос бўлувчи ҳужжатларсиз сақланган.

Адвокатга кўра¸ “юк хатидаги ноаниқлик боис ҳайдовчини бу қадар узоқ муддатга қамаб қўйиш мавжуд қонунларга зиддир".

Ўзбекистон Бош прокуратураси айни ҳолатда эронлик ҳайдовчи ҳуқуқи бузилганми-йўқлиги ўрганилаëтганлигини Озодликка билдирди.

Эрон Ислом республикасидаги юк ташишга ихтисослашган халқаро логистика ширкати ҳайдовчиси, 30 яшар Хусайн Али Жавоний билан бир ой олдин Андижон ИИБ тергов ҳибсхонасида учрашган қозоғистонлик адвокат Қамбар Юсупов Озодлик билан суҳбатда “терговчилар халқаро ҳуқуқ меъëрларига риоя қилмаганлигини” айтди:

- Жавоний билан 13 октябрь куни учрашгандим. Шундан бери хабар йўқ. Жавонийнинг айтишича¸ 7 октябрга ўтар кечаси уни Андижоннинг “Дўстлик” божхона чегара постида ушлаб, ҳибсга олишибди. Аммо менга берилган ҳужжатларда унинг 12 октябрь куни ҳибсга олингани ҳақида ëзилган. Демак ҳайдовчи бир ҳафта қонунсиз ҳибсда ушланган.

“Рахравон Хуросон” ширкати вакилининг Озодликка айтишича¸ “ҳайдовчи ва юкларнинг нима сабабдан ҳибс қилинганлигини билиш мақсадида минтақани яхши биладиган адвокат ëллаган".

Ҳайдовчини ҳимоя қилаëтган адвокат Қамбар Юсуповнинг Озодликка айтишича¸ эронлик Хусайн Али Жавоний Эрондан Қирғизистондаги ширкат омборига олиб кетилаëтган телевизорлар юкланган машинани бошқарган:

- Машина ва юклар ўзбек чегарачилари тарафидан арест қилинган. Машина ичида телевизорлар бўлган. Юк хатида ҳам телевизор ëзилган. "Юк хатидаги телевизорлар маркаси билан юк машинасидаги баъзи телевизорларнинг маркаси мувофиқ келмагани учун арест қилинди", деб менга терговчилар билдирди. Бу ҳолатда ҳайдовчини гаров эвазига судгача озод қилиш мумкин эди. Нега унинг 40 кундан бери ҳибсда сақланаëтгани ҳуқуқий асосланмаган.

“Рахравон Хуросон” ширкати раҳбари Муҳаммад Али Важд Озодликка ўз баëнот матнини юборди. Баëнотда ширкатга оид мол-мулк Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тарафидан асоссиз олиб қўйилгани ва ҳайдовчи ноҳақ қамалгани айтилади:

“Биз ҳайдовнинг тирик ëки ўлик эканлиги¸ унинг қийноққа солиб-солинмагани ҳақида 13 октябрдан кейин бирор маълумот ола олмадик. Биз энди бу борада Европа инсон ҳуқуқлари маҳкамасига шикоят қилишга қарор қилдик”, дейилади баëнотда.

Адвокат шикояти "ўзбек адлияси лабиринтида" адашиб қолди

Адвокат Қамбар Юсуповнинг айтишича¸ Ўзбекистон ДХХ Андижон бошқармаси зобити Улуғбек Турдиев бошқарма қабулхонаси олдида адвокатга у 23 октябрдан бошлаб бу ишдан четлаштирилганини айтган, аммо ҳужжат бермаган.

Адвокатнинг яна айтишича, у ëзган барча шикоятлар иснтанциядан инстанцияга копток қилиб тепилмоқда:

- Андижон прокуратурасига ëзилган шикоятни мен устидан арз қилганим Ўзбекистон ДХХси Андижон бошқармасининг ўзига қайтариб жўнатишибди. Генпрокуратурага ëзган шикоятим эса, Андижон прокуратурасига қайтарилди. Прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилсам, "унақа ариза бизга етиб келмади", дейишди. Бу орада ҳайдовчи Жавоний ҳуқуқий ҳимоясиз ҳолда қамоқда қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси айни ҳолатда эронлик ҳайдовчи ҳуқуқи бузилганми-йўқлиги ўрганилаëтганлигини Озодликка билдирди.

Эронлик ҳайдовчи билан боғлиқ ҳолат шунга ўхшаш илк ҳодиса эмас.

2014 йили Ўзбекистоннинг "Довуд-ота" божхона назорат пунктида араб тилидаги иккита китоби борлиги аниқланган “Вольво” русумидаги катта юк машинаси ҳайдовчилари ушлаб қолинган эди.

“Югтранс” ширкати вакиллари россиялик 39 ёшли Магомедсайид Хасаев ва 21 ёшли Алисултан Абакаров юкхонасидан топилган китоблар тақиқланган адабиëтлар рўйхатида эмаслигини аниқлангунча бир ойдан зиëд ҳибсда қолишган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG