Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

Гулноранинг Bella Terraси ўрнини олмоқчи "Мода"ни россиялик юлдузлар очиб берди


"Мода" журнали
"Мода" журнали

“Лаззатланиш ҳаëт тарзимиздир” деган слоган асосида илк сони чиққан рус тилидаги “Мода” журналининг Тошкентдаги тақдимотида Кристина Орбакайте, Андрей Малахов ва Алла Михеева каби Россия шоу дунëси юлдузлари қатнашди.

-“Мода” журнали Гулнора Каримова тарафидан чоп қилинган "Белла Терра" журнали ëпилганидан кейин бўшаб қолган вакуумда ҳосил бўлди¸ дейди тошкентлик санъатшунос Акмал Ризев.

Унга кўра¸ бу журнал бир пайтлар Гулнора Каримова паноҳида бўлган тошкентлик тадбиркор Podium Italia дўкони эгаси Дмитрий Машченко тарафидан чоп қилинган:

- Журналнинг илк сонини варақладим. Немис руник ëзуви услубидаги сарлавҳа. Соқоли жуда ўсган бир йигит ва мовий кўзли қиз расми бор муқовада. Журнал 400 варақ. Киоскада сотилмайди. Билишимча, Podium Italia бутикидан либос оладиганлар орасида текин тарқатилади. Илгари Гугуша очган "Белла Терра" журналининнг собиқ бош муҳаррири Комила Аҳмедованинг “Мода” журналига бош муҳаррир бўлгани ҳам кўп саволга жавоб беради¸ дейди санъатшунос.

Яна бўрон..

Озодлик мухбири айни тақдимотда иштирок этган¸ аммо исми айтилишини истамаган дизайнер билан ҳам суҳбатлашди. Суҳбатдошга кўра¸ Тошкентнинг Hyatt Regency беш юлдузли меҳмонхонасида ўтказилган журнал тақдимотига 200 га яқин Podium Italia бутикидан либос оладиган бой мижозлар ва тошкентлик рассом ва мусиқачилар таклиф этилган:

- Тадбир презентациядан кўра¸ кўпроқ коктейл оқшоми форматига тўғри келди. Тадбирда Райхон Ғаниева¸ Муниса Ризаева каби поп- қўшиқчилар кўзга ташланди. Андрей Малахов¸ Кристина Орбакайте ва соҳибжамол Алла Михеевалар пулга чақирилган тўй генералидан кўра¸ оила дўстларига кўпроқ ўхшади. Орбакайте онаси Алла Пугачева репертуратидаги қўшиқлардан куйлади. “Яна бўрон” деган қўшиқни куйлар экан Орбакайте тадбир эгаси Дмитрий Машченко адресига комплементлар ëғдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ бу тадбир “Гулнора Каримова лойиҳаларига нуқта қўйилган 2013 йилдан бери давом этаëтган танаффусга барҳам берган”

- Туркман шоираси Жаҳон Поллиева ëзган ва Орбакайте ижро қилган “Яна бўрон” қўшиғи Ўзбекистондаги бугунги кайфиятни тасвирлади. "Яна бўрон¸ ўтмиш шарпаси қоронғида айланади. Яна бўрон. Икки абадийлик бир қисқа кунда бирлашди. Сени орқангдан эшик ëпмай мана неча йилдирки яшаяпман..."

Тошкентлик блоггер ва мунаққид Акмал Ризевга кўра¸ бу тадбир зодагонона зиёфатларни севадиган қўшиқчи, дизайнчи ва модельер Гулнора Каримованинг Style.uz дея номланган кенг кўламдаги тадбирларини эсга солади.

Шоумен Малахов Тошкентда
Шоумен Малахов Тошкентда

“Кечки Тошкент! Ҳаво иссиқ. Плюс 30...Янги журнал фаолиятини йўлга қўймоқдамиз”,- деб ёзди Россиядаги "Диско стар" ширкати воситачилигида 40000 доллар ҳақ эвазига Тошкентга келган Андрей Малахов ўзининг Instagram`даги саҳифасида.

Ўлат пайтидаги зиëфат

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик тадбиркор Hyatt Regencyда ўтказилган тадбирга салбий муносабат билдирди:

- Ўлат пайтидаги зиëфатга ўхшади. Одамлар қийналиб турган пайтда бунақа исрофгарчилик шартми?! Дмитрий Машченко бутиклари - Тошкентда энг қиммат кийимлар сотиладиган жой. Катта лавозимда ишлайдиганларнинг ўзлари, хотинлари ўша ердан кийинади. Битта костюм шим 35 минг¸ битта оқшом куйлаги 40 минг доллар. Сал олдинроқ ҳали доллар сакрамаган пайтда Canali фирмасида тикилган костюм шимни 26 миллион сўм деб қўйишди. Бундоқ олиб қарасам Хитойда қилинган контрафакт бўлиб кўринди. Билишимча катта фойда кўриляпти¸ дейди тошкентлик тадбиркор.

Қиммат маърака

Тантаналар ташкил қилиш билан шуғулланадиган москвалик тадбиркорнинг айтишича¸ Тошкендаги тадбирга таниқли артистлар Россиядаги "Диско стар" ширкати воситачлигида олиб келинган:

- Малахов¸ Орбакайте ва Михеева Диско стар ширкати воситачилигида қонун-қоидаларга риоя қилган тарзда¸ шартнома тузилиб Тошкентга боришди. Малаховга 40 минг¸ Орбакайтега 35 минг¸ Михеевага 10 минг доллар гонорар тўланган. Бундан ташқари учоқ билети¸ лимузин хизмати¸ меҳмонхона ва майда ҳаражатлар бўлади. 5 юлдузлик меҳмонхонада 200 кишига дастурхон ëзиш ҳам катта суммага тушади. Бошқа тарафдан қараганда, бу бизнесни тарғибот қилишнинг самарали услуби. "Малахов келган бутикдан кийиндик", дейишади. Тушунишимча, тадбирга кетган ҳаражат бутик эгалари имижи учун ҳизмат қилади¸ дейди суҳбатдош.

"Белла Терра" журнали

Тошкентда тақдим қилинган “Мода” журнали 2013 йили фаолияти тўхтатилган “Белла Терра” журналининг шаклий давомига ўхшайди.

“Белла Терра” журнали Гулнора Каримова раҳбарлигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси тарафидан чоп қилинган эди.

Шунингдек, Гулнора Каримова Тошкентдаги “Услуб уйи”нинг “Осиё рамзи” модельерлар ассоциацияси билан ҳамкорликда Дизайн ва мода ҳафталиклари ўтказиб келар эди.

XS
SM
MD
LG