Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Душанбе аэропортидаги нархлар қимматлигидан шикоят қилди


Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Душанбе аэропортида “Ўзбекистон ҳаво йӯллари” ширкати учун хизмат кўрсатишда имтиёз ёки енгиллик беришни сӯраб Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилди.

“Ўзбекистон ҳаво йӯллари” миллий авиакомпанияси расмийларининг айтишларича, Душанбе аэропортидаги хизмат нархлари Тошкент аэропортига қараганда уч баравар қимматроқдир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг Душанбедаги расмий вакили Орифжон Рӯзимуродовнинг 25 апрель куни Озодликка айтишича, авиакомпания Душанбега қилаëтган ҳар бир парвозидан кўп миқдорда зарар кўрмоқда.

- Душанбе аэропортида кўрсатиладиган хизматларга жуда катта нарх қўйилган. Умумий тарзда айтганда, Душанбега ҳар бир парвоздан биз 5 мингдан 7 минг долларгача зарар кўрамиз. Ҳозир бу аэропортга қўнамиз, шу боис бу маблағни тўлашимиз лозим. Бошқа илож йўқ, - деди Орифжон Рўзимуродов.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати расмийсига кўра, Тошкент-Душанбе рейсидан ҳозирда ўртача 30-50 йўловчи фойдаланмоқда ва "бундай вазиятда Душанбега парвозлар фойда ўрнига¸ зарар келтиради.”

Душанбе аэропортидаги хизмат нархлари Тошкентдагига нисбатан уч баравар қимматлигини иддао қилган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" расмийси¸ хизматлар учун Ўзбекистонда мавжуд нархларни "конфеденциал" деган иддао билан очиқлашни истамади.

Озодлик ихтиëрида бундай даъвони тасдиқловчи бирор ҳужжат ҳозирча йўқ.

Душанбе халқаро аэропорти расмийлари томонидан Озодликка юборилган расмий хатда аэропортда самолётларга кўрсатиладиган хизматлар нархини Монополияга қарши орган белгилангани айтилади.

Душанбе халқаро аэропорти расмийларига кӯра, ҳозирча Тожикистон ҳукуматининг топшириғи билан Душанбе халқаро аэропорти фақат маҳаллий ҳаво ширкатларига хизмат кўрсатишда имтиёзлар берилган¸ холос.

Тожикистондаги “Сомон Эйр” ширкатининг собиқ тижорат директори Алишер Рустамов 25 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Тошкент аэропортида хориж учқичларига хизмат кўрсатиш нархларининг Душанбе аэропортига қараганда уч баравар арзонлиги ҳақидаги иддаони рад этди.

- Аэропортларда 23 турда хизмат кӯрсатилади. Шулардан 17 таси учун Тошкент аэропортида ўрнатилган нарх Душанбе аэропортига қараганда қимматдир. Жорий йил бошида Ӯзбекистон томони билан авиақатновларни тиклаш масаласини муҳокима қилиш жараёнида биз Тошкент ва Душанбе аэропортларидаги хизмат кӯрсатиш нархини бир хил қилишни таклиф қилгандик. Аммо Ӯзбекистон томони бу таклифни қабул қилмади¸ деди Озодлик билан суҳбатда Алишер Рустамов.

Рустамовга кўра¸ ӯша пайт Ӯзбекистон томони Тошкент аэропортида кўрсатиладиган хизмат нархлари барча ҳаво ширкатларига бир хил қилиб белгиланганини айтиб¸ бу борада Тожикистон учун истисно қилинмаслигини айтган.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбири билан суҳбатда Душанбе аэропортининг шахси очиқланишини истамаган маъмури¸ айрим хизмат нархларига аниқлик киритди.

Унга кўра¸ Душанбе аэропортига қўниб-учиш учун учқичнинг ҳар бир тоннасига 17 АҚШ доллари миқдорида тўлов жорий қилинган.

"Тошкент-Душанбе рейсини амалга ошираëтган А320 учқичи 75 тонна келади¸ қўниб-учиш нархи 1250 доллар бўлади. Буларнинг устига¸ трап¸ автобус¸ автовокзалда юк ва йўловчиларни регистрация қилиш¸ самолëтга техник ва хавфсилик хизмати кўрсатиш кабиларни қўшсангиз¸ бемалол 5000-7000 долларга боради. Агар учқич кечқурунги 10 билан саҳарги 5 орасида келса¸ бу нархларга 40 фоиз устама қўйилади"¸ деб тушунтирди Душанбе аэропорти мулозимларидан бири.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиақатновлар 2017 йил апрель ойида 25 йиллик таннафусдан сўнг қайта тикланди.

Ҳозирда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент-Душанбе рейси ҳафтасига бир марта - сешанба кунлари А-320 русумли самолётларда амалга оширилади.

1992 йил сентябрда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиши билан икки мамлакат ўртасидаги авиақатнов тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG