Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:11

Ўзбекистонда ҳарорат рекорди қайд этилди, касалхоналарда беморларга жой етмаяпти


Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши туфайли офтоб уриши ва юрак-қон томир касалликлари билан касалхонага ётқизилаётган беморлар сони кўпайди. Сўнгги эллик йил ичида энг юқори – 45 даража иссиқ қайд этилган Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятлари касалхоналарида, маълумотларга қараганда, беморларга койкалар етмай қолаётгани кузатилмоқда.​

Жиззах вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси врачи Озодлик билан суҳбатда ҳаво иссиқлиги туфайли беморлар кўпайганини тасдиқлади:

- Ҳозир бизда 105та койкага 180та бемор тўғри келяпти, иссиқ туфайли беморлар жуда кўп, - деди Озодликка Жиззах вилояти Юқумли касалликлар шифохонасининг врачи.

Қашқадарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари касалхоналарида ҳам шу аҳвол.

- Кечанинг ўзида бизнинг касалхонага 54 бемор ётқизилди. Овқатдан заҳарланганлар кўп. Ич кетиш, ўткир респиратор касалликлар билан оғриганлар бор, - деди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик шифокор.

Ўзбекистон Гидрометеорология марказининг билдиришича, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳавонинг ҳарорати 26 июль куни 44 даражадан кўпроқни ташкил этган ва бундай юқори ҳарорарат ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан бери илк бор қайд қилинмоқда.

- Ҳаво ҳарорати ошаверса бизда беморлар кўпаяверади. Иссиқ урганлар ҳам жуда кўп. Юраги хасталар, қон босими борларга оғир бўлаяпти. Ҳаво иссиқлиги учун мурожаатлар кўп бўлмоқда, дейди Сурхондарё вилоят шифохонаси врачи.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими эса иссиқ боис мамлакатда фавқулодда ҳол рўй бермагани, ўлим ҳолатлари қайд этилмаганини айтди.

- Ҳозирга қадар иссиқдан ўлган бизда қайд этилмади. Офтоб уришлар бор, заҳарланишлар бор, ўлган йўқ, - деди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг мулозими.

Ўтган йили Ўзбекистонда жазирамадан камида уч киши нобуд бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўшанда ҳам Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўлим ҳолатларини рад этганди.

XS
SM
MD
LG