Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:15

Ўзбекистонда Каримов ўлгани ҳақида Telegram ва WhatsApp орқали хабар тарқатганлар ушланди


Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида мамлакат президенти Ислом Каримовнинг вафот этгани расмий эълон қилинмасидан олдин Telegram ва WhatsApp мессенжерлари орқали президентнинг ўлгани ҳақида хабар тарқатганликда гумон қилинаётган ўндан зиёд шахс қўлга олиниб, сўроқ қилинмоқда. Айни пайтда пойтахт Тошкент ва вилоятлардаги ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқувчилари телефонларидаги Telegram ва WhatsApp иловаларини ўчиришга мажбурланмоқда.

Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, вилоятда "Ислом Каримовнинг ўлими ҳақда иғво хабар тарқатган" 12 одам қўлга олинган.

Исми очиқланмаётган бу шахслар “жамоатчилик тартиби бузилишига хавф яратувчи, ахборот-коммуникация тармоқлари воситалари ёрдамида атайлаб ёлғон ахборот тарқатганлик” айби бўйича Наманган шаҳри Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасида сўроқ қилинмоқда.

“Билиб-билмасдан ёлғон-яшиқ ахборотни тарқатишган. Кимдир юборган, булар бошқаларга тарқатиб юборган. Шундай йўл билан ваҳимали миш-мишлар, иғво хабарлар тарқалишига шерик бўлган", - деди Наманган ҳуқуқ-тартибот органларидаги исми сир қолишини истаган мулозим.

Эслатиш жоиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар нафақат ижтимоий тармоқларда, балки айрим Интернет нашрларда ҳам 29 августдаёқ пайдо бўлган эди.

Ҳукумат Каримовнинг шифохонага станцинар даволанишга ётқизилгани ҳақда эълон қилган бир пайтда президентнинг қазо қилгани ҳақидаги хабарлар Telegram ва WhatsUpp тармоқларида ҳам Ўзбекистон ичида қўлма-қўл бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва вилоятларда хавфсизлик органлари "аҳоли орасида ваҳима тарқалишининг олдини олиш" важи асосида Интернет кафеларда кузатувни кучайтирган.

Ўрта махсус касб хунар коллежлари ва мактабларда эса ўқувчилар телефонларидаги Telegram ва WhatsApp иловаларини ўчиришга мажбурланмоқда.

Тошкентлик мактаб ўқитувчисининг Озодликка айтишича, Халқ таълими бошқармаларидан берилган кўрсатма асосида ўқувчиларга Telegram ва WhatsApp иловаларидан фойдаланмаслик уқтирилмоқда.

- Telegram ва WhatsApp ни ишлатмасинлар, деб улар ва ота-оналари билан суҳбатлар ўтказяпмиз. Телефонларида Telegram ҳам WhatsApp ҳам умуман бўлмасин, деган кўрсатма берилган, ўқувчиларимиз шунга амал қилишлари керак, биз эса буни назорат қиляпмиз, - деди Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини истаган тошкентлик ўқитувчи.

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг ворис масаласини енг ичида ҳал қилишга уринаётган ҳукумат аҳолини ахборот бўшлиғида ушлаб туришга қаттиқ бел боғлаганини айтади.

- Ворис масаласини енг ичида ҳал этишга уринаётган ҳукумат ўз режасини бузиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотни тахдид ўлароқ кўрмоқда. Аслида катта хавф улар қўллаётган усуллардадир. Аҳолини ижтимоий тармоқлардан, ахборот воситаларидан узоқроқ тутиш учун ойлик олиб ишлайдиган троллар армияси ишга солинмоқда ҳозир. Бундайлар Ўзбекистон ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдиримоқчи бўлган ҳар қандай шахсга ташланмоқда, таҳдидлар қилмоқда, - дейди Алишер Илҳомов.

Айни пайтда Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг расмий вафотидан беш кун ўтиб ҳам унинг ўрнидаги муваққат раҳбар ҳақида аҳолига расмий билдирув қилингани йўқ.

Ўзбекистон Конституцияси бўйича президент ваколатлари Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга ўтиши керак.

Лекин, Ниғматулла Йўлдошев Ўзбекистондаги тадбирларда кўринмаяпти.

XS
SM
MD
LG