Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:33

Ўзбекистонда Каримовсиз кунлар бошланди


Ўзбекистонда ҳал қилувчи онлар бошланди. Мамлакат мустақилликка эришганидан 25 йил ўтиб, ўзбеклар илк маротаба Ислом Абдуғаниевич Каримов етакчи бўлмаган мамлакатда уйғонди.

Бу хориждаги ўзбек диаспоралари ҳамда мухолифатчилар интиқиб кутган кундир.

Одамлар таҳлилчилар ва тадқиқотчилардан - жумладан, мендан ҳам – бундан кейин нима бўлишини кутиш мумкинлигини сўраб келадилар. Чунки улар дунёнинг энг авторитар тузумларидан бири бўлмиш Ўзбекистонда сиёсий ўзгаришлар бошланишининг эҳтимолдан узоқ бўлмаган (балки, ягона) йўли Каримовнинг табиат қонунларига бўйсуниши эканлигини билардилар.

Сўнгги йилларда ўзбек дўстларим билан қачон ўз оила аъзоларини кўра олишлари, ватанларидан хорижга чиқишлари, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлашлари, хорижда таҳсил олишлари ҳақида суҳбатлашганимда гап неча марта “балки Каримов ўлимидан кейин” жумласи билан бошланмаганини билмайман.

Ҳозирги Ўзбекистонда юқорида айтиб ўтилган ишларни қилишнинг ёки иложи йўқ, ёки бундай қилиш ўта хавфли: мамлакат борган сари жаҳондан ажралиб, унинг иқтисоди ва жамияти қатъий назорат қилиниб келмоқда.

Бир неча ҳафта аввал Қирғизистон жанубида миллати ўзбек бўлган дўстим билан тиканли симлар билан ажратилган ўзбек-қирғиз чегараси бўйлаб машинада ўтиб, чегаранинг нариги томонидаги қуролланган аскарларни кузатдик. Иккимиз ҳам Тошкентда бир неча йил яшаганимиз, у ерга қайтиб боришни қанчалик даражада исташимиз ҳақида суҳбатлашдик. Дўстим бошини силкитиб, “Каримов ўлганидан кейин...”, деди.

Ўша кун келди. Янги давр бошланди. Аммо нима ўзгаради? Мутахассислар 78 га чиққан Каримов ўлими ортидан нима бўлишини турли конференциялар ва мақолалар да қанчалик башорат қилишга уримасин, минтақада энг кўп аҳолига эга давлатда ворис ким бўлиши ва мамлакат қандай ривожланиши ҳақида қанчалик фол очмасин, аччиқ ҳақиқат шуки, биз деярли ҳеч нима билмаймиз. Айнан биз ҳайиққан нарса содир бўлди:

Каримов ворис тайинламай ва етакчиликни бошқага ўтказиш механизмини белгиламай ўлди. Каримов яратган тизимга эмас, унинг шахсиятига эътибор қаратганлар даҳшатли келажак ҳақида бизни огоҳлантириб келадилар. Уларнинг иддаосича, Фарғона водийсига фақатгина Каримов ўзининг темир қўллари билан ушлаб турган исломчилар кириб келармиш, мамлакатда кланлар ўртасида жанг бошланармиш каби гаплар. (Сиёсий алоқаларга эга бўлмаган, совет ҳукумати тарбиялаган Каримов кланлар ўртасидаги тангликни муваффақиятли бошқариб турган).

Бу гапларда жон бўлса-да, улар Ўзбекистон халқи ўзини-ўзи бошқара олмайди, деган иддаоларни қўллаш учун ўйлаб топилган уйдирмадир. Бу уйдирмалар сиёсий таҳлилчи Алёна Леденева Путин Россиясини назарда тутиб “система” деб атайдиган тизимнинг ўзбекча муқобилидир. Бундай тизим шахсиятга сиғинишга асосланган бўлиб, бу шахснинг таъсири унинг имкониятлари билан чекланмаган. Каримов энди йўқ, лекин махсус хизматларнинг чексиз кучига ҳамда иқтисод устидан ўрнатилган қатъий назоратга таянган давлат ҳали бор. Президентнинг сурати ҳар бир синф ва офисда қолишини кутиш мумкин. Бундай бўлишига қисман бўлса-да юқорида айтиб ўтилган уйдирмаларнинг ҳали-бери эсдан чиқмаслиги сабабчидир.

Марказий Осиёни ўрганувчи мутахассислар Ларри Марковитц ва Скотт Раднитц айтганидек, Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсий ва иқтисодий вазият қўшни давлатлардан ҳокимиятнинг марказлаштирилгани ҳамда унда барча иқтисодий субъектларнинг содиқ эканлигини ҳамда бўйсунишдан бош тортганларни жазолайдиган махсус хизматларнинг кучли эканлиги билан ажралиб туради. “Мажбурлаш ва жамият эвазига бойиб олиш” сиёсатига амал қилувчи давлатда ривожланиш йўллари берк бўлиб, мавжуд элиталар – Каримов билан бўладими, ёки усизми – ўзлари учун қулай сиёсий тизимни ўзгартиришни истамайди. Қолаверса, ҳар нарсага қодир махсус хизматлар уларнинг лавозимига ҳеч ким кўз олайтирмаслигига кафолат беради.

Бундай тизимдаги кундалик ҳаётни ва кенг тарқалган уйдирмалар қандай ишлашини бу йил содир бўлган ҳолат яққол ифодалайди. Жиззах вилоятидя яшовчи кичик тадбиркор Арамиз Авакянда икки кичик кўли бўлиб, у уларда балиқ етиштирарди. Бизнес яхши кетаётган эди, унинг ширкатида бир неча одам ишларди. Кутилмаганда маҳаллий маъмурият “Мажбурлаш ва жамият эвазига бойиб олиш” сиёсатига асосланган тизим қоидаларига таяниб, тадбиркорнинг мулкини ўзлаштирмоқчи бўлди. Авакян бунга қарши чиқди ва кўп ўтмай “Исломий давлат” жангари гуруҳини қўллашда айбланиб, қўлга олинди. Тадбиркорнинг адвокатлари ва қариндошларининг айтишича, уни қийноққа тутиб, ўзи ва ишчилари “Исломий давлат”нинг яширин тармоғи эканлигини, уларнинг мақсади ҳукуматни ағдариш эканлигини тан олишга мажбурлашди. Тадбиркорга қарши тайинли исбот келтирилмади. Миллати арман бўлган Авакяннинг ҳатто мусулмон эмаслиги, православ христиан эканлиги эса аён эди. Аммо бу тадбиркорнинг ўзбек суди томонидан тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилинишга тўсиқ бўлмади.

Тизим қандай бўлса, шундайлигича қолади. У ўзгаради, деб ўйлашга асос йўқ. Бунга Каримовнинг бор-йўқлиги таъсир қилмайди. Йил бошида сиёсий таҳлилчи Эрик Макглинчи айтиб ўтганидек, “Ўзбекистондаги ҳукмдор синф ўзи учун битмас-туганмас молия манбаи бўлмиш автократик тузумни сақлаб қолишни истайди”. Айримлар тузумга содиқ бўлган хавфсизлик хизматлари Каримовдан ҳам кучли бўлиб кетган, деб ишонади. Хавфсизлик хизматлари уларсиз мамлакатда исломий ғалаён бошланишига, бу исён бутун минтақага тарқаб кетишига ишонади. Кейинги ҳафталарда ўзгаришларни кузатар экансиз, ўзбекларнинг бирор ўзгариш бўлишига боғлаган умиди пучга чиқса, яъни девордаги портретдан бошқа ҳеч нима ўзгармаса, мутахассислар “ёки авторитаризм, ёки Исломй давлат” дилеммаси ҳақида бонг урса, жиззахлик тадбиркорни ёдга олинг. Охирги 25 йил ичида ўзбеклар нима хоҳлашларини ўзлари ҳам англаб етганлари йўқ.

Муаллиф: Ноа Такер

Инглиз тилидан таржима: Нодир Отаев

XS
SM
MD
LG