Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Комилов: Ўзбекистон ҳеч бир ҳарбий-сиёсий блокга қўшилмайди


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясининг 71-сессиясида қилган маърузасида Ўзбекистон ҳеч бир ҳарбий-сиёсий блокга қўшилмаслигини айтди. У Ўзбекистон ҳукумати бундан буён ҳам давлат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсатини сақлаб қолишини таъкидлади.

БМТнинг Ню-Йорк шаҳрида ўтаётган 71-сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз мамлакати ҳеч бир ҳарбий-сиёсий блок ёда иттифоққа қўшилмаслиги ва ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслигини айтди.​

"Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳамда вужудга келган барча зиддият ва можароларни тинч, сиёсий йўллар билан ҳал этиш тарафдоридир. Мамлакатимиз ҳарбий-сиёсий блок ва иттифоқларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, қуролли кучларимизни мамлакат ҳудудидан ташқарига сафарбар этмаслик қоидаларини принципиал ва ягона танлов сифатида қабул қилган. Масалага шундай ёндашув, биз учун энг тўғри қарор деб ҳисоблаймиз," деди Комилов.

Ўзбек дипломатияси раҳбарининг бу баёноти мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов белгилаб берган ташқи сиёсат йўналиши ўзгармаганини кўрсатади.

Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларида мамлакати ҳарбий блокларга қўшилмасилиги ва хорижий ҳарбий базаларнинг ўз давлати ҳудудига жойлаштирилишига қарши эканини бир неча бор таъкидлаган.

Каримов ўлимидан сўнг халқаро йиғилишларда Ўзбекистонни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тамсил этмоқда.

Шу ой ўрталарида Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлат раҳбарлари саммитида ҳам Ўзбекистон муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўрнида Комилов иштирок этган эди.

"Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев айтганларидек, Ўзбекистон бундан буён ҳам барча давлатлар билан тенглик ва ўзаро ҳурматга асосланган дўстона ва конструктив ҳамкорликни амалга оширади," деди Комилов БМТ сессиясидаги нутқига якун ясаркан.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, шунингдек, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммоларни камайтириш борасида қабул қилинган дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва бу борада зарур молиявий механизмларни йўлга қўйиш лозимлигини ҳам таъкидлади.

XS
SM
MD
LG