Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:12

Нобиометрик паспорт муддати яна бир ярим йилга узайтирилди. Жарима бекор этилди


Ўзбекистонда эски нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 494-сон қарорига мувофиқ мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар, чет эл ҳудудида эса нобиометрик паспортнинг амал қилиш муддатига қадар узайтирилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими аҳолига эски паспортларни алмаштиришлари учун қўшимча имконият бериш мақсадида ҳукумат шундай қарор олганини айтди.

Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбасига асосланиб, вазирлик эски паспорт муддатини узайтиришни сўраб ҳукуматга мурожаат қилгани ва эски паспортларнинг амал қилиш муддати камида бир йилга узайтирилиши борасида ҳукуматнинг қарори кутилаётгани ҳақда хабар қилган эди.​

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан 5 июль кунги суҳбатда ҳукумат қарори вазирликнинг сўрови асосида қабул қилингани, 1 июлгача янги паспорт олишга улгурмаганлар жаримага тортилмаслигини тасдиқлади.

- Одамлар охирги кунга тақаб, янги биометрик паспортга топшираяпти, столларда навбатлар кўпайиб кетаяпти. Паспорт олишга улгурмаганларга яна имконият берайлик, навбатда туриб қолишмасин, деб келаси йил охиригача узайтирилаяпти. Эски паспорт муддати узайтирилгандан кейин, жарималар ҳам бўлмайди, - дейди ИИВ расмийси.

Ўзбекистонда эски нобиометрик паспортларнинг амaл қилиш муддати учинчи марта узайтирилaяпти.

Дастлаб 2011 йилнинг январидан бошланган биометрик паспортга ўтиш жараёни 2015 йилнинг декабрига қадар тўла якунланиши кўзда тутилган эди.

Ўшанда эски русумдаги паспортларнинг 2015 йил 31 декабригача амалда бўлиши эълон қилинган эди.

Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси эски паспортларнинг мамлакат ичидаги амал қилиш муддатини 2018 йил 1 июлигача узайтирди, белгиланган муддат ичида янги биометрик паспорт олмаганлар жаримага тортилишидан огоҳлантирди.

1 июлгача биометрик паспорт олишга улгурмаганлар ярим миллион сўмгача бўлган миқдорда жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан сўнгги ойларда паспорт столлари олдида ур-йиқит навбатлар юзага келди.

Гарчи эски паспортларнинг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилган эса-да айрим паспорт столлари олдида навбатлар камаймаган.

Самарқанднинг Пахтачи тумани паспорт столига янги биометрик паспорт учун борган 45 ёшли Акбар Шомуродов паспорт столи олдида ур-йиқит 5 июль куни ҳам бўлганини айтади:

- Ичкарида паспорт столи ходими доим футбол кўриб ўтиради, биз ташқарида очеред кутамиз. Тағин бизга дўқ ҳам қилади. Икки ҳафтада битиши керак бўлган паспортни одамлар ойлаб кутишaяпти, - дейди Шомуродов.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ нафақат Самарқанд, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги Паспорт бўлимлари бинолари олдида шу кунларда турнақатор навбатлар юзага келган.

Аҳолига паспортни алмаштириш учун қўшимча имконият бериш масадида бундан олдин Ички ишлар вазирлиги паспорт бўлимлари 26 майдан бошлаб, тонги соат 9да эмас, балки 8 да иш бошлашини йўлга қўйган эди.

Гарчи Ўзбекистонда эски паспортларнинг амал муддати узайтирилган эса-да бу паспортлар билан чет элга чиқиб бўлмайди, хорижда эски паспорт билан юрган Ўзбекистон ватандошлари паспортининг амал қилиш фурсати тугамаган бўлса Ўзбекистонга киришда бир марта фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистонда эски паспортдан янги биометрик паспортга ўтиш жараёни ҳали тугамасидан 2019 йил 1 январидан Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун махсус биометрик паспортлар жорий этилиши маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG