Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:38

Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасини "қора ниқобли"лар босди


Озодлик манбаларининг хабар қилишича, 8 август куни Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида қора ниқобли хавфсизлик хизмати ходимлари рейд ўтказган. Рейд пайти бошқарманинг автотранспорт воситалари техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидалари ва меъёрларига амал қилишни назорат қилиш бўлимининг бир қанча ходими иш жойидан қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилган. Бошқарма мулозимлари рейдлар пайти олти нафар инспекторнинг ҳибсга олинганини тасдиқлашди, бироқ бошқа тафсилотларни очиқлашни исташмади.

Айтилишича, Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги рейдлар коррупцияга қарши тадбирлар доирасида ўтказилган.

​Озодлик манбаларига кўра, ҳибсга олинган инспекторлар "порахўрлик, жумладан, қоидабузарлардан олинган жарима пулларини талон-тарож қилганлик, жариманинг учдан икки қисми миқдорида қоидабузарлардан пора олганликда" айбланмоқда.

- Икки нафарини тtргов давомида қамоқда ушлаб туриш ҳақида суд қарор чиқарган. Қолгани қўйиб юборилган, лекин доимий сўроққа чақиртирилмоқда. Уларнинг иши билан прокуратура шуғулланмоқда, - деди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.

Мавзуга оид хабарлардан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатдаги энг коррупциялашган тизим, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ҳайдовчилардан пора олишлари одатий холга айланган, деган хулосага келиш мумкин.

2013 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланган Адҳам Аҳмадбоев милициядаги порахўрликка қарши аёвсиз курашишни ваъда қилган эди.

КГБ мактабидан чиққан одамнинг ИИВга раҳбар этиб тайинланиги ортидан Ўзбекистонда милиция ходимларининг порахўрлик гумони билан ҳибсга олиниши ёки ишдан бўшатилиши кўпайди.

Кузатувчилар эса, ички ишлар тизимида порахўрликка қарши жиддий кураш бошланганига шубҳа билан қарайдилар.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов ИИВ ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида бир-икки ходимнинг қўлга олиниши билан милиция тизими ўзгаришсиз қолаётганини айтади.

- Тўғри, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ўзгаришлар бўляпти. Йўлларда порахўрликни камайтириш учун камералар кўпайтириляпти. Лекин, бу билан порахўрлик камаяётгани йўқ. Бир-икки милиция ходимини ёки ГАИ ходимини қамаш билан буни йўқотиб бўлмайди. Туб ислоҳот зарур. Милиция тўғрисида қонунлар қабул қилиниб, бу тизимни тубдан ўзгартириш керак, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида порахўрликни камайтириш учун Тошкент кўчаларига кузатув камералари ўрнатилди ва бу камералар шу ой оҳиридан ишга туширилиши айтилмоқда.

Айни пайтда кузатувчилар, коррупцияни камайтириши учун аҳолиси уч миллион кишилик Тошкентда 120 та камеранинг ўрнатилиши кифоя эмаслигини таъкидлашмоқда.

XS
SM
MD
LG