Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:59

Рассом Вячеслав Охунов: Ўзимни темир қафасдан қутулган қушдек эркин ҳис қилдим


Халқаро арт анжуманларига тез-тез таклиф қилинадиган ўзбек рассоми Вячеслав Охуновга 6 йиллик сурункали раддиялардан сўнг хорижга чиқишга изн берувчи ҳужжат берилди.

Бу ҳақда Озодликка рассомнинг ўзи хабар қилди. Рассомга кўра¸ 26 декабрь, сешанба куни уни Ўзбекистон республикаси ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш (ОВИР) идорасига чақириб зудлик билан паспортига хорижга чиқишга изн беувчи стикерни ëпиштириб беришган:

- Ўта ҳушмуомалалик билан, узр сўраб, паспортимга тезда стикер ëпиштиришди. ОВИРнинг туман бўлимида қилинадиган бу ишни республика бўлимидаги катта раҳбарнинг ўзи кабинетида ҳал қилди- қўйди. Улар мени 22 декабрдан бери қидиришибди. Ўша куни президент МХХ ислоҳ қилиниши керак деб қаттиқроқ гапирган, дейишди. Ўзимни қафасдан қутилган қуш каби ҳис қилдим, деди рассом кулиб 26 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Рассом Охунов халқаро кўргазмаларда ўзбек тасвирий санъатини намойиш қилиб келади.
Рассом Охунов халқаро кўргазмаларда ўзбек тасвирий санъатини намойиш қилиб келади.

Кўргазмалар рассомсиз ўтди

Охуновнинг айтишича, «у мамалакатни тарк қилишига тақиқ қўйилган 6 йил давомида ўнлаб халқаро кўргазмаларга» бора олмаган:

- Венециядаги рассомлар анжумани¸ Берлин ва Лондондаги халқаро кўргазмаларига бора олмадим. Аммо улар менсиз тадбирни ўтказишди. Рассом қани дейишса¸ у Ўзбекистонда уй қамоғида дейишган. Ҳатто шундай сарлавҳали мақолалар ҳам чиқиб кетди, деди рассом.

Ижоди билан мамлакати ифтихор қилишига арзийдиган ўзбек рассомининг ўзи Озодлик билан суҳбатда “ҳукуматни танқид қилишдан тап тортмагани ва оммадан фарқли равишда фаол фуқаролик позициясида қолгани учун "МХХ" деган қора эскадрон қасосига нишон” бўлганини айтди:

- Обрўли кўргазмалардан Бадиий академия ва Маданият вазирлигига "Охунов келишини сўраймиз" деган мактубларни ҳам эътиборсиз қолдиришди. Ўтган йили МХХ ҳодимлари Урганч музейидаги расмларимни ëқиб юбориш таклифи билан ҳам чиқишди. "Нега?" деб сўрасам жимлик. Билганларнинг айтишича, дўстим¸ улуғ шоир Муҳаммад Солиҳ билан Европада учрашганим ва у ҳақда позитив фикрлар айтганим МХХга ëқмаган. Туркиядаги халқаро кўргазмада қатнашганимда ҳам Муҳаммад Солиҳ билан кўришгандим. Муҳаммад Солиҳ дўстим бўлади. Шу боис 6 йилдан бери менга чиқиш визаси беришни рад қилиб келишди. ОВИР идорасини судга бердим. Суд эса МХХ қарори муҳокама қилинмайди, деган хулоса берган эди. Суд ўз қарори билан "МХХ", деган қора эскадронга одамларни ҳуқуқидан маҳрум қилиш имконини бериб келган эди. Шу боис, мен кўргазмаларда фақат асарларим билангина иштирок этдим, холос. Энди эса, бу кунлар ортда қолди. Мирзиëев менинг мисолимда ўзгаришларга қодирлигини кўрсатди¸ дейди рассом Охунов.

Ҳукуматга ëқмаган рассом

Суҳбатдош назарида у яратган асарлар ҳам ҳукумат таъбига ëқмаган:

- Иккинчи сабаб эса, дўстим Баҳодир Мусаев билан халқ турмуши оғирлашгани акс этган перформенсни ташкил қилганим бўлди. Афтидан ҳокимиятга нисбатан танқидий қарашларим акс этган бу ҳаракатлар секин-аста тўплангани оқибати бўлса керак бунинг сабаби. Бошқа сабаб кўрмаяпман, - дейди 6 йиллик тақиқдан кейин ҳаракатланиш эркинлигига эга бўлган рассом Вячеслав Охунов.

Шармандалик

"Исми 14 мамлакатнинг 74 машҳур рассоми қаторига киритилган бу қадар машҳур рассомнинг 6 йил мобайнида Ўзбекистондан чиқарилмагани шармандаликдир”, деди Озодлик билан 27 декабрдаги суҳбатда рассом асарларини Европада тамсил қиладиган санъатшунос Изабел де Сена.

Рассом Вячеслав Охуновни яхши билганлар унинг ҳукуматни танқид қилишдан тап тортмайдиган дунëқараш соҳиби эканини билишади. Бу билан у атрофидаги воқеаларни сезмасликка уринувчи, кўримсиз ўзбек рассомлари массасидан ажралиб туради.

Охунов асари марказдан ўрин олган кўргазма ўзлари яшаётган мамлакатни ҳис қилувчи рассомларнинг долзарб мавзулардаги асарларини тамсил қилади.

Гарчи, Вячеслав Охунов ўз мамлакатидан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлса-да, унинг асарлари рассомни жазолаётган ҳукуматни шарманда қилароқ, бутун дунё бўйлаб намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, 1948 йилда туғилган Охунов Москвадаги Суриков номидаги Тасвирий санъат олийгоҳини битириб келиб, Ўзбекистонда 80- йилларда янги ижодий тўлқинга асос солган.

XS
SM
MD
LG