Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 04:45

NASA “Союз” ҳалокатига қарамасдан рус ракеталаридан фойдаланишда давом этади


NASA директори Жим Брайденстайн Россиянинг фазо дастурини олқишлаб, ҳафта бошида “Союз” ракетаси аварияга учраган бўлишига қарамасдан, декабрь ойида режа бўйича “Союз” ракетаси бортидан Халқаро фазо станциясига (ХФС) янги экипаж юборилишига ишонишини билдирди.

Москвада АҚШ элчихонасида мухбирлар билан суҳбатлашган Брайденстайн:

- Яна бир бор “Союз” ракетасида учишимизга тўлиқ ишонаман. Айни дамда режадан кечикамиз, деб ўйлашга ҳам асос йўқ, - деди.

11 октябрь куни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромида учирилган “Союз” ракетаси старт чоғида аварияга учради. Ракета бортида ХФСга йўл олган “Роскосмос” космонавти Алексей Овчинин ва NASA астронавти Ник Хейглар омон қолди.

Россия фазо дастурида Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан бери бундай ҳалокат содир бўлмаган эди.

Жорий йилда NASA директори этиб тайинланган Брайденстайн россиялик ҳамкасби Дмитрий Рогозин билан Бойқўнғирда “Союз” стартини томоша қилган.

Брайденстайн режа бўйича декабрь ойида ХФСга янги экипаж юборилишини айтар экан, АҚШ ва Россия фазо агентлари ўртасидаги “ажойиб“ ҳамкорликни олқишлади.

“Союз” авариясидан олдин 20 декабрда ХФСга янги экипаж юбориш режалаштирилган эди.

Жума куни “Роскосмос“ ХФСга кейинги миссияни ўз вақтида юбориши мумкинлигини билдирди.

NASA директори “Союз” лойиҳасининг бардошлилигини олқишлар экан, ҳалокатни АҚШ вице президенти Майк Пенс билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.

Брайденстайн, шунингдек, махсус капсула ёрдамида омон қолган америкалик астронавт Хейг билан суҳбатлашганини, у яхши кайфиятда эканлигини таъкидлади.

NASA директори Россия ва АҚШ фазо агентликлари ўртасидаги алоқа мустаҳкам эканлигини айтар экан, икки давлат фазо соҳасида ҳамкорликда кўпроқ натижага эришишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Союз” аварияси ортидан космонавтларни ХФС элтиш хизмати вақтинча тўхтатиб қўйилгани хабар қилинган эди.

2011 йилдан бери фазогирлар ХФСга фақат “Союз“ ракеталари бортида чиқарилиб келади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Пайшанба куни президент Дональд Трампдан “Союз” ҳалокати ҳақида сўралганда, президент америкаликлар фазога чиқиш учун Россия хизматларидан фойдаланаётганидан хавотирда эмаслигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG