Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:09

Самарқандда изнсиз қурилиш қилганликда гумонланган 28 ширкат раҳбари сўроқ қилинмоқда


Самарқандда ўнлаб терговчилар ишламоқда
Самарқандда ўнлаб терговчилар ишламоқда

Самарқанд вилоят ҳокими ишдан олинганидан кейин ўтган 5 кун давомида вилоятдаги 28 қурилиш ширкати раҳбари ҳибсга олиниб, интенсив сўроқ қилинмоқда. Ўнлаб қурилиш ширкати раҳбарлари мамлакатдан чиқиб кетган. Бу маълумотни Озодликка тақдим қилган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораси мулозимига кўра¸ шу кунда Самарқандда учта тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.

- Вилоятда Ўзбекистон ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев¸ Ўзбекистон Ички Ишлар взаири Пўлат Бобожонов ва Республика Бош прокурори Отабек Муродов бевосита назорат қилаëтган учта гуруҳ ишламоқда. Пора бериб уй қуриш учун собиқ ҳоким Туробжон Жўраевдан рухсат олган қурилиш ширкатининг 28 раҳбари сўроқ қилинмоқда. Собиқ ҳокимнинг 10 июль куни қўлга олинган капитал қурилиш бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаевга нисбатан эҳтиëт чораси ўзгартирилди. Абдуллаев уйида ëтиб сўроққа қатнаб юрибди. У ишга қайтгани йўқ. Унинг вазифасини вақтинча Шунқор Фармонович Худойбердиев бажариб турибди¸ - деди мулозим.

Унинг яна айтишича, Вилоят ҳокмилигининг қурилиш ишлари бўйича мутахассиси Баҳодир Хўжақулов ва вилоят ҳокимининг собиқ ёрдамчиси Ботир Абдуллаев ҳам ноқонуний уй-жой қуришга алоқадор жиноят иши доирасида бир муддат ҳибс қилиниб, қўйиб юборилган.

Обидалар ўрнига кўп қаватли уй қурилган

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борган ва бунга била туриб рухсат берган ўндан ортиқ собиқ мулозим ҳам ҳибсга олиниб, сўроқ қилинмоқда:

- Бу амалдорлар ўзбошимчалиги боис тарихий-маданий объектлар бузилган. Самарқанд туристлар учун ўз жозибасини йўқотиш ҳавфи остида қолган. Туристлар Самарқандга янги биноларни эмас, асосан тарихий обидаларни томоша қилиш мақсадида келишини ҳозир ҳибсда бўлган вилоят ҳокими инобатга олмаган¸ - деди Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозими.

Ҳоким бир миллион долларни сейфида сақлаганми?

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораси мулозимининг Озодликка айтишича¸ текширишлар давомида 3 минг 458 та қоғозда бор, аммо амалда йўқ ширкатлар аниқланган:

- Банкда ҳисоб рақам ҳам очмаган бу фейк ширкатлар асосан пул ювиш мақсадида очилган. Асосан, қурилиш ширкатлари. Ҳозир 10дан ортиқ қурилиш ширкатлари раҳбари дам олишга деб Туркия¸ Россия¸ Испания ва Чехияга кетиб қолган. Уларга чақирув қоғози юборилди. Жиноят иши материалларида айнан уларнинг вилоят ҳокимига нақд АҚШ долларини конвертларда келтириб бергани ҳақида кўрсатмалар мавжуд. 10 июль куни Туробжон Жўраев ҳибсга олинганида унинг кабинетидаги сейфдан бир миллион АҚШ доллари чиқди. Жўраев бу пулларни қурувчи ширкат раҳбарларидан пора сифатида олганлигига иқрор бўлди¸ - деди мулозим.

Собиқ ҳоким қийноққа солиняптими?

Озодлик 10 июлдан бери ҳибсда қолаëтган собиқ ҳоким Туробжон Жўраевнинг яқинларидан бири билан гаплашди. Унинг айтишича, қанд касали ва нафас олиш йўллари яллиғланиши каби сурункали касаллик билан оғриб келган Жўраев ҳибсда ўта оғир шароитда сўроқ қилинмоқда:

- Дориларини беришмаяпти. Инсулин киритайлик десак, ўзимизда бор деб терговчилар олмади. Иккита бригада уни сўроқ қилмоқда. Савол -сўроқ боис Туробжон аканинг силласи қуриган. Барча айбларни бўйнига олди, дебди терговчи адвокатга. Уни руҳан синдириб иқрорнома ëздиришган, - деди Туробжон Жўраевнинг яқинларидан бири.

Қурган уйини бузиш бўйича қоғоз олган тадбиркор ҳушидан кетди

Самарқанддаги текширишлар асносида ноқонуний қурилгани юзага чиққан бир нечта кўп қаватли уйни бузиi масаласини янги ҳоким ўз назоратига олди

Маҳаллий журналист Каримберди Тўрамуроднинг Озодликка 18 июль куни билдиришича¸ ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида изнсиз 7 қаватли уй қурган «Афросиёб Хосият Бегим макони» ширкати раҳбари Умар Ражабов¸ уйни бузишга келган мулозимлар билан даҳанаки жангдан кейин ҳушидан кетиб қолган. Ражабов ҳиссадорлар пули эвазига қурган уйини бузиш борасида билдирги олганидан кейин касалхонага тушган.

Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Бўстонсарой, Шоҳруҳ, Орзу Маҳмудова кўчаларида изнсиз қурилган кўп қаватли биноларни қурган турли лавозимда ишлайдиган мулозимлар ҳам сўроққа чақирилгаан.

Вилоят ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозимига кўра¸ айни бинолар масаласи ҳам 23 июнь куни Бош вазир тарафидан кўриб чиқилган ва 13 июль кунги вилоят фаоллари йиғилишида уларни қурган ширкат раҳбарлари устидан жиноий иш очилгани маълум қилинган.

Маҳаллий қурилиш ширкати раҳбарининг Озодликка айтишича¸ вилоят ҳокимлигида кўп қаватли уйлар учун рухсат олишнинг коррупцион схемасига алоқадорларнинг ҳаммасидан шаҳарни тарк қилмаслик ҳақида тилхат олинган.

Озодлик Самарқанддаги кадр ўзгаришлари ва коррупция текширувлари жараëнини кузатишда давом этади.

(Бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ билганларингизни Озодликнинг Telegram каналига юборинг.)

XS
SM
MD
LG