Линклар

Шаҳрихонда заҳарланганларнинг 100 нафаридан сальмонеллёз бактерияси топилди


Шаҳрихондаги музқаймоқ кафеси

Андижон вилоят, Шаҳрихон шаҳрида май куни музқаймоқдан заҳарланган 100 киши қонидан сальмонеллёз бактерияси топилган.

Андижон вилоятида 40 йил мобайнида санитария-эпидемиология назорати тизимида ишлаган врач, овозини эфирга исмини айтмай бериш шарти билан, бу маълумотни Озодликка тақдим қилди.

Бундан олдин Eltuz.com нашри шаҳрихонлик шифокорга таяниб, бу ҳақда маълум қилган эди.

Мақолада келтирилишича, музқаймоқдан заҳарланганларнинг анализларида сальмонеллёз инфекцияси аниқланган бўлсада, шифокорларга бу ҳақда ҳеч кимга ошкор этмаслик уқтирилган.

Андижонлик врачнинг Озодликка айтишича¸ анализидан сальмонеллёз инфекцияси аниқланган 100 кишининг 10 га яқини сальмонеллёзнинг оғир формаси билан касалланган.

Унга кўра, касалларнинг соғайиши учун камида бир ой керак.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимининг ўтган ҳафта Озодликка билдиришича¸ кўра, 15 май куни Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига ва Юқумли касалликлар шифохонасига қайт қилиш ва ич кетиш каби овқатдан заҳарланиш белгилари билан мурожаат қилган 212 кишидан 186 нафари даволаниш учун ётқизилган.

“Беморларга кўрсатилган барча зарур даволаш муолажалари самараси ўтган суткалар ичида, яъни 17 май соат 8.00 ҳолатига 153 нафар фуқаронинг ҳолати яхшиланиб, уйига жавоб берилган. Қолган 33 беморнинг ҳолати қониқарли, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Лекин вазирлик хабарида Шаҳрихондан бошқа шифохоналарга ётқизилган беморлар ҳақида маълумот берилмаган.

Вазирлик маълумотига кўра,беморлар заҳарланган музқаймоқ бактериологик ва кимёвий текширувдан ўтказилган.

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, заҳарланган беморларнинг барчаси Шаҳрихон марказидаги МАКС кафесидан музқаймоқ еганликларини айтишган.

Озодлик суҳбатлашган андижонлик бошқа бир кекса врачга кўра¸ Ўзбекистонда сут маҳсулотларидан тайëрланган маҳсулотлардан заҳарланиш хавфи сақланиб қолмоқда:

- Тадбиркорларни текшириб зада қилмаслик керак, деган ҳукуматнинг нияти яхши¸ лекин озиқ-овқат соҳаси минглаган инсонларнинг саломатлигига дахлдор бўлгани боис, мунтазам назорат остида бўлиши лозим. Санэпид врачлар билдирмасдан бориб текширишларига изн берилиши керак. Агар Шаҳрихонда санитария назорати кучли бўлганида заҳарланиш кўлами бунчалик бўлмас эди¸ дейди врач.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG