Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 07:29

Андижон халқ таълими бўлими ўқувчиларни қарғаган ўқитувчига огоҳлантириш берди


Ўқитувчи ўқувчиларни қарғамоқда

Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарияти шаҳардаги 40-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Нигора Маткаримовага болаларни қарғагани учун огоҳлантириш берди.

19 сентябрда Озодлик 50 яшар Нигора Маткаримованинг айни мактабнинг 5-синфида ўқиëтган икки ўқувчини қарғаётгани акс этган видеотасвирни тарқатган эди.

Айни мактабда таълим олувчи бошқа бир ўқувчи томонидан Озодликка Telegram тармоғи орқали юборилган видеода Нигора Маткаримова икки ўқувчини: “Оллоҳ жазоингни берсин! Оёғинг ишламай шал бўлиб қолларинг! Мана шу мактабни босиша олмагин!” дея қарғайди.

Аëн бўлишича¸ ўқувчилар унинг устидан ўз ота-оналарига шикоят қилиши ортидан ​Нигора Маткаримованинг ушбу қарғишига учраган.

Май ойида юз берган ҳодисани ёритган Озодлик мухбирига Нигора Маткаримова дастлаб ўқувчиларни қарғамаганини айтди:

- Cизга қаердан келди ўша хабар? Сизда борми ўша далил-исбот? Шунақа бўлмагани учун мен дадил гапираяпман. Унақа ишлар умуман қилинмаган. Мен сенга тушунтираяпман: бер вилоят ҳокимиятига. Нимага тушунмайсан?! Бир СНБга, бер прокуратурага. Менга сайрасана сен!, - деган эди Озодлик мухбири билан биринчи суҳбатда Маткаримова.

Аëл¸ Озодлик юборган видеотасвирларни кўргандан кейин ҳам, ўқувчиларни қарғаганини эътироф этмади:

- Ҳа ўша гапни ҳам гапира олмайми? Урмаганманам, сўкмаганманам! Мен урмабманми? Бола қўрқмаган. Қўрқиб кетиб ҳушидан кетибдими? Бурни қонаб кетибдими қўрқиб? – деган эди Нигора Маткаримова.

Махсус текширув

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Муҳиддин Турғунбоевнинг айтишича, Озодлик тайёрлаган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан, бўлиб ўтган ҳодисани ўрганиш мақсадида шаҳар таълим бўлими раҳбарияти томонидан махсус текширув гуруҳи тузилган.

Шаҳар таълим бўлимидан мактабга борган мутахассислар ҳодиса ҳақиқатан бўлганини аниқлаганлар, аммо ўқитувчига огоҳлантириш бериш билан чекланганлар.

Муҳиддин Турғунбоев ҳозирда бошланғич синфларга таълим бераётган Нигора Маткаримовага “камида ҳайфсан” берилишини билдирди:

- Тўғри ўша нарса бўлган. Мактаб маъмурияти ўзи чора кўриши керак. Биз ўқитувчининг ўзига бошқа бундай нарсалар бўлмаслиги кераклигини огоҳлантириб ўтдик. Тўғриси, ҳали чора кўра олмадик, сабаби мактабда раҳбар йўқлиги учун. Мактаб директори шу воқеа бўлишидан бир неча кун олдин, ўз истаги билан, ишдан бўшаб кетган. Ҳозирча таълим бўлими мудирини раҳбарликка вақтинча қўйдик. Буйруқ чиққандан кейин бу воқеани қайта муҳокамага қўйиш шарти билан. Лекин, буйруқ чиққандан кейин, мактаб маъмурияти камида ҳайфсан беради. Чунки ўқитувчининг оғзидан чиққан гап ёш болага гапириладиган гап эмас, – деди Муҳиддин Турғунбоев.

“Ота-оналар сабабчи”

Озодлик мухбири билан суҳбатда Муҳиддин Турғунбоев текширув жараёнида мактаб ўқитувчисига нисбатан ота-оналар томонидан “ноўрин” муносабат бўлгани аниқланганини ҳам илова қилди:

-У ерда бундай ҳодисанинг бўлишига у ердаги ота-оналар сабабчи. Бу ўқитувчининг ортиқча шахсиятига тегиб юборилган. Тўғри, Нигора Маткаримова и2-тоифали ўқитувчи. Лекин, бу ўқитувчи ҳақида ота-оналардан “жалоба” ёки бошқа нарса кузатилмаган шунча йилдан бери. Ота-оналар арзимаган нарсага ўқитувчини келиб асабига теккан, мажбур қилиб қўйган мана шу нарсани қилишга, - деди Муҳиддин Турғунбоев.

Ўзбекистон 1992 йилда БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилган.

Ушбу халқаро ҳужжатга қўшилган мамлакат боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, унинг шаъни ва қадр-қимматини, шафқатсиз муомала, жумладан, жисмоний тажоввуздан ҳимоя қилиш мажбуриятини олган.

Ўзбекистонда, мавжуд меъёрий ҳужжатларга қарамай, ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан ҳақоратланиши ва калтакланиши, айниқса, қишлоқ мактабларида кўп учрайди.

Шу йил февраль ойида Наманган шаҳридаги 43-ўрта мактабда ўқувчисини урган инглиз тили ўқитувчисига ҳайфсан берилган эди.

Икки йил муқаддам Бухорода бошланғич мактаб ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказганди.

2010 йилда Сурхондарёда пахта териш меъёрини бажармаган талабалар коллеж ўқитувчилари томонидан қамчиланган эди.

XS
SM
MD
LG