Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2018, Тошкент вақти: 01:08

Тожикистонлик ўзбеклар Раҳмон ва Мирзиёев номзодини Нобель Тинчлик мукофотига кўрсатмоқда


Тожикистондаги Ўзбеклар Жамияти мажлиси.

Тожикистондаги Ўзбеклар Жамияти президентлар Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевлар номзодини икки давлат орасидаги муаммоларга барҳам бериш ва муносабатларни тубдан яхшилашда кўрсатган хизматлари учун Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилиш таклифи билан чиқди.

Ўзбеклар Жамиятининг бу таклифи Тожикистон шаҳар ва туманларидаги йиғилишларда қўллаб-қувватланмоқда.

Душанбе яқинидаги Ваҳдат тумани, Гулистон жамоатида жойлашган умумий ўрта мактабда 10 октябрь куни тўрт юзга яқин зиёлилар, деҳқонлар ва руҳонийлар йиғилди. Улар орасида тожиклар, ўзбеклар ва бошқа халқлар вакиллари кўзга ташланди.

Тожикистондаги Ўзбеклар Жамиятининг раиси Муҳаррама Мирзоалиева йиғилиш иштирокчиларига Ўзбеклар Жамияти Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилиш, ҳамда уларга "Тожикистон Қаҳрамони" унвонини бериш ғоясини илгари сурди.

“27 йил ичида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги борди-келди деярли тўхтаб қолганди. Икки ака-ука (Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев) муносабатларни яхшилаш учун катта хизмат қилишди. Уларнинг ўзлари ака-ука бўлишди. Яна биз олдингидек бир бўлдик. Шу сабаб Ўзбеклар Жамияти Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига дунёдаги энг юқори мукофот - Нобель Тинчлик мукофоти бериш таклифи билан чиқди,” - деди Муҳаррама Мирзоалиева.

Йиғилишда бу таклиф гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Муҳаррама Мирзоалиеванинг Озодликка айтишича, жамият раҳбарлари Нобель мукофоти қўмитаси аъзолари билан учрашган:

“Биз Швецияга бориб, Нобель мукофотига тавсия бериш тартиби билан танишдик. Уларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстлик ва биродарликни тиклашдаги хизматларини ҳисобга олиб, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилиш мумкин экан. Бошқа бир шарт - Тожикистондаги барча аҳоли ва халқлар мазкур таклифни қўллаб-қувватлашлари керак”.

Шу боис Ўзбек Жамияти раҳбарияти ва фаол аъзолари мамлакатнинг турли минтақаларида аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, тарафдорлар имзоларини тўпламоқда.

Ваҳдат тумани аҳолиси вакиллари Озодлик билан суҳбатда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида борди-келди тикланиши ва дўстлик мустаҳамланишидан хурсанд эканини айтди.

Руҳоний Олимжон Исмоилов икки қўшни халқ ўртасида дўстлик ва биродарликни тиклашда Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари катта эканини айтди.

Халқ-демократик партиянинг Ваҳдат туманидаги бўлими раисаси Фотима Табарованинг билдиришича, партия аъзолари, умуман аксар аҳоли Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевга Нобель Тинчлик мукофоти бериш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Табарованинг таъкидлашича, Тожикистондаги энг сераҳоли Ваҳдат туманида 340 минг кишидан 42 мингини ўзбеклар ташкил этади.

“Тожикистон Қаҳрамони” унвони берилсин

Ваҳдат тумани, Гулистон жамоатидаги йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонга “Тожикистон Қаҳрамони” унвонини бериш ғояси ҳам илгари сурилди.

Олдин Тожикистондаги “Ватан қалқонлари” нодавлат ташкилоти Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига расман мурожаат қилиб, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни яхшилашдаги хизматларини инобатга олиб Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевга “Тожикистон Қаҳрамони” унвони беришни таклиф қилганди.

Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу мурожаатга жавобида “Ўзбекистон президентининг Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларидаги ташаббусларини ҳисобга олиб” бу таклифни инобатга олиши айтилган.

Жорий йил 17 августида Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи жараёнида “икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдадаги ташаббуслари учун” Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни “Эл-юрт Ҳурмати” ордени билан тақдирлаган эди.

Жорий йил май ойида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси "Менинг фикрим" ижтимоий порталида президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини бериш таклифи билан чиқди.

Таклифни 10 минг киши қўллагани маълум бўлди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати¸ Олимжон Тўхтаназаров 25 май куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга Нобель мукофоти бериш керак деган таклифини илгари сурган эди.

Тожикистонда 1998 йилда парламент қуйи палатаси мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишидаги хизматлари учун президент Имомали Раҳмонга Нобель Тинчлик мукофотини бериш таклифи билан чиққан эди.

XS
SM
MD
LG