Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:34

EgyptAir учоғи портлаш хавфи туфайли Урганч аэропортида 12 соат ушлаб турилди


Портлаш хавфи туфайли Урганчдаги аэропортга қўнишга мажбур бўлган EgyptAir авиаширкатининг йўловчи учоғи, текширувлардан сўнг Ўзбекистонни тарк этди.

EgyptAir авиаширкатига қарашли Airbus А-330 Қоҳирадан Пекинга халқаро парвозни амалга ошираётган пайти 8 июнь куни эрталаб соат 7:58да фавқулодда равишда Урганч шаҳари халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлганди.

Учоқ бортидаги 7 нафар экипаж аъзоси ва 118 йўловчи эвакуация қилинди.

Урганч халқаро аэропорти мулозимининг Озодликка маълум қилишича, йўловчилар юклари ва учоқ маҳаллий хавфсизлик ходимлари тарафидан текширувдан ўтказилган, лекин портловчи мослама топилмаган.

Урганч аэропорти мулозимларига кўра, улар 8 июнь куни эрталаб 7.16да Миср учоғида портлатгич борлиги ҳақида маълумот олганлар.

- 7.30да экипаж бизга чиқди. Биз рухсат бердик, 7.58да қўнди, - деди аэропорт мулозими.

Текширув пайтида экипаж аъзолари ва йўловчилар транзит ҳудудига ўтказилган.

Урганч халқаро аэропортидаги Озодлик манбаларига кўра, учоқ изчил текширувдан кейин мамҳаллий вақт билан 18:30да Урганч аэропортини тарк этди.

Озодлик суҳбатлашган Урганч аэропорти юқори мулозими учоққа портловчи мосламанинг ўрнатилгани ҳақидаги "ёлғон ахборот" ҳозирда махсус комиссия томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Учоқ Урганч аэропортига қўниши ортидан ​аэропортда парвозлар бекор қилинди.

Ўтган ой EgyptAir ширкатининг Париждан Қоҳирага парвоз қилган Airbus-320 учоғи 66 нафар йўловчиси билан Ўрта Ер денгизида ҳалокатга учраган эди.

Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича тергов ҳозир ҳам давом этмоқда.

Шу йилнинг март ойи охирида эса Миср ички йўналишида парвоз қиладиган EgyptAir авиаширкатининг А320 учоғи Искандария шаҳри аэропортидан Қоҳирага парвоз қилган пайти йўловчилардан бири танасида худкушлик камари борлигини айтиб, парвоз йўналишини ўзгартиришни талаб қилган, акс ҳолда учоқни портлатиш билан таҳдид қилганди.

Учоқ Қибрис аэропортига қўндирилган, лекин таҳдидчи ёнидаги худкушлик белбоғи сохта бўлиб чиққанди.

XS
SM
MD
LG