Линклар

Г.Каримовага пора берганликда айбланаётган VimpelCom собиқ раҳбари устидан тергов тўхтатилди


VimpelCom компаниясининг собиқ раҳбари Жо Лундер.

Норвегия полицияси ҳозирда Veon деб аталувчи олдинги VimpelCom компаниясининг собиқ раҳбари устидан коррупция айблови бўйича очилган терговни тўхтатди. Полициянинг Рейтер агентлигига маълум қилишича, у чоршанбадан бошлаб гумонланувчи эмас.

Жо Лундер 2015 йили VimpelComнинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан тергов доирасида полиция томонидан қисқа муддатга ушланган ва ўшандан буён унинг устидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди. Лундер ўзининг айбсиз эканлигини айтиб келган.

Лундернинг айтишича, тергов уни адойи-тамом қилган. “Хафсалам мутлақо совуб кетди. Мен 30 йил бировлар ҳурмат қиладиган одам бўлишга ҳаракат қилдим. Энди эса, ҳаётим култепага айланди”, деган Лундер матбуот анжуманида.

VimpelCom компаниясининг собиқ раҳбари адвокатининг айтишича, Лундер кўрган зарари учун полиция устидан судга арз қилмоқчи. “Мен бирон бир гумонланувчига Лундер кўрган иқтисодий зарар миқёсида зарар етказилган бошқа биронта ҳам терговни кўрган эмасман. Биз ҳозирча етказилган зарарни ҳатто ҳисоблаб ҳам кўрганимиз йўқ. Лекин у жуда каттадир”, деган адвокат Като Шиётц.

АҚШ ва Голландия расмийлари 2014 йили Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозоридаги коррупцияга оид информацияни текширишни бошлаган эди. Информация МТС, VimpelCom ва TeliaSonera ширкатлари “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова эканлиги тахмин қилинаётган маҳаллий амалдорга пора берганига оид” бўлгани тўғрисида ўз вақтида РБК нашри ёзган эди, деб ёзди Рейтер.

АҚШ Адлия вазирлиги VimpelCom билан Ўзбекистондаги идоралар ўртасида 2006 йил январидан 2011 йил сентябригача умумий қиймати 133,5 млн долларлик 7 та шубҳали келишув тузилганига оид маълумотларни топган.

Лундер 2015 йили коррупцияга алоқаси йўқлиги тўғрисида баёнот берган. “Билганимнинг ҳаммасини расмийларга (Норвегиянинг) айтганман”, деган у.

2016 йилнинг февралида VimpelCom мулозимлари пора берганини тан олиб, Голландия прокуратураси ва АҚШ расмийлари билан иш бўйича келишувга эришган ва мазкур келишувга биноан VimpelCom 795 млн доллар тўлаган.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида давлат маблағларини растрата қилиш, солиқдан қочиш ва бошқа шу каби жиноятларда айбланиб, 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ҳақда 2017 йил июлидагина хабар қилди, деб ёзди Рейтер.

VimpelCom компанияси жорий йил мартида номини Veonга ўзгартирди. “Билайн” бренди остида ишлайдиган VimpelCom мобил алоқа оператори шу компанияга қарашли, деб хабар қилди Рейтер.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG