Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Нега Юлдуз Усмонованинг концертига оддий мухлис киролмайди?


Юлдуз Усмонова пахта даласида. Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат.
Юлдуз Усмонова пахта даласида. Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат.

Сарлавҳага чиқарилган савол ЎзА ахборот агентлиги 14 февраль куни эълон қилган мақола сарлавҳасининг ярмидир. Сарлавҳанинг тўлиқ варианти бу: “Чипталар нархини ким назорат қилади ёхуд нега Юлдуз Усмонованинг концертига оддий мухлис киролмайди?”

Мақола "Истиқлол" санъат саройи раҳбарияти эътиборига!” ҳавола қилинган бўлиб, унда чиптафуруш чайқовчилар сарой олдида бемалол “ишлаётгани” ҳақда ёзилган.

Юлдуз Усмонованинг концертига чипта нархи қўлда 600 минг сўмгача чиққанини билган мухбир чиптафуруш чайқовчилардан бирининг айтган гапини келтиради.

- Биз “шапка” бериб оламиз. Сизлардек 4-5 та эмас, 20-30 та оламиз. Пластик картадан ёки пул кўчириб эмас, фақат нақд пулнинг устига “шапка” берсаккина билет беришади. Биз жойни ҳам танлаб оламиз, “каропка” жойларни, яъни ўрта, энг зўр кўринадиган жойларни. Кассага ўтсангиз фақат ён томонларини сотишади. Бизга тағин олларинг деб “нагрузка” ҳам беришади, балкон, ён қаторлар, тепалардан. Мажбур оламиз-де, илож йўқ, деган чиптафуруш чайқовчи.

“Ўзингиз ўйланг, 500-600 минг, э боринг ана, бир миллион сўм маош оладиган киши рўзғоридан орттириб концертга туша оладими? Энг аввало, Халқ артисти, Хизмат кўрсатган артистларнинг концертидаги нархлар халқнинг чўнтагига оғирлик қилмайдиган бўлиши керак эмасмикин? Биринчи навбатда, улар халқпарварлиги билан барчага ўрнак бўлиши лозим назаримизда...

Айтай десангиз, муаммолар бисёр. “Истиқлол” санъат саройининг телефон рақамларига кун бўйи телефон қилсак ҳам бир бор бўлсин кўтаришмайди, муассасанинг www.istiqlolsaroyi.uz сайтидан эса керакли маълумотларни олишга уриниш бефойда. Сайт маълумотлари мунтазам янгилаб борилмайди, интерактив хизматлар йўлга қўйилмаган.

Бугун ҳамма соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда. Шунга монанд сарой маъмурияти ҳам чиптани сайт орқали онлайн сотишни йўлга қўйса, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинармиди. Сарой атрофида автомабиллар учун тураргоҳ ҳам муаммо. Узоқ вилоятдан машинада келган юртдошларимиз ортиқча ноқулайликларга дуч келади. Умид қиламизки, мазкур мақолада кўтарилган муаммоли масалалар сарой маъмурияти томонидан бартараф этилади ва бизнинг бу мавзуга яна қайтишимизга ҳожат қолмайди”, дейилган ЎзА 14 февраль куни эълон қилган мақолада.

"Истиқлол" санъат саройи атрофидаги чиптафуруш чайқовчилар ҳақда Озодлик ҳам яқинда мақола ёритган эди.

XS
SM
MD
LG