Линклар

Шошилинч хабар
05 апрел 2020, Тошкент вақти: 12:05

Ўзбекистон президенти умидларни оқлай оладими?


Иқтисодиёт вазирлигини “зарарли ташкилот” сифатида тугатиш таклиф этилди. Аҳмадбойдан жабр кўрганларга зарар қандай тақсимланиши очиқланди. Юлдуз Усмонова татуировкадан қутулиш қийин бўлаётганидан ёзғирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ғарб сармоядорларини Ўзбекистондан тўсаётган омиллар ошкор этилди

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач, уч йил ичида кенг қамровли ислоҳотларни бошлади, аммо яқинда табиий газ ва электр қуввати етишмовчилиги билан боғлиқ рўй берган норозилик ҳолатлари ўзбек халқининг янги раҳбарият бошчилигидаги ўзгаришга ишончи пасайиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бу ҳақда “Россия ва Евроосиё” дастурининг тадқиқотчиси Кейт Маллинсон муаллифлигидаги “Ўзбекистон президенти умидларни оқлай оладими?” (“Can Uzbekistan’s President Meet Raised Expectations?”) номли мақолада сўз боради.

Буюк Британиянинг Қироллик халқаро муносабатлар институтининг chathamhouse.org сайтида эълон қилинган мақола Uzanalytics нашри томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

Қайд этилишича, мамлакатда чет эл инвестицияси сезиларли даражада ортган бўлса-да, уларнинг аксари Россия ва Хитой қарзи ҳисобига тўғри келмоқда. Европа ва АҚШ компанияларининг эса ҳали ҳам ислоҳотларнинг кучи сақланиб қолишига ишончи комил эмас.

Изчил сиёсат йўқлиги, фармон ва қонунларнинг шошмашошарлик билан тайёрланаётгани, улар маъносини аниқлаштириш учун кўпинча президент фармонларини чиқариш талаб этилаётгани, шунингдек, қоидалар шаффоф эмаслиги Ғарб инвесторларини йўлдан қайтараётган қўшимча омиллар бўлмоқда. Меҳнат ресурсларининг ҳамон советча ёндашувдан эркин меҳнат бозорига ўтиш босқичида тургани вазиятни чигаллаштирмоқда”, деб ёзади муаллиф.

Мақолада сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар сустлашгани, президент Мирзиёев хавфли даврга қадам қўяётгани таъкидланади.

Таниқли эксперт иқтисодиёт вазирлигини тугатишни таклиф қилди

Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “зарарли ташкилот” сифатида тугатилиши лозим, дейди таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов (www.kun.uz, 16 декабрь). Унинг фикрича, вазирлик тугатилмаса, мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Экспертнинг бундай кескин фикрга келишига муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳаси сабаб бўлди. Унда иқтисодиёт вазирлиги “ўрта бизнес” тоифасини жорий этиш ва бундай корхоналарни ҚҚС тўлашдан озод қилишни таклиф этган.

Афтидан, иқтисодиёт ва саноат вазирлиги иқтисодиёт қонунларига зид бўлган ҳамда мамлакат иқтисодий ривожига тўсқинлик қиладиган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда биринчи ўринни эгаллашга қатъий қарор қилган”, деб ёзади Ю.Юсупов.

Унинг таъкидлашича, бундай чоралар фақат солиқ юкининг ошишига олиб келади. Шу боис ҚҚС тўлашда бирор бир имтиёз ва истиснолар бўлмаслиги лозим.

ҚҚС тўлашнинг моҳияти ва механизмларини тушунмаслик ҳам шу даражада бўладими! Агар ушбу солиқни тўлаш занжирида тўламайдиганлар пайдо бўлса, унда солиқ юки кейинги ҳалқаларга тушади. Яъни, ҚҚС йўқ бўлиб қолмайди, у барибир тўлиқ миқдорда тўланади, фақат бошқа тадбиркорлар томонидан”, дея хулоса қилади эксперт.

“Аҳмадбой иши”да жавобсиз савол чиқиб қолди

Фирибгарлик, ноқонуний молиявий пирамида ташкил этиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоевдан жабр кўрган фуқаролар сони ва уларга етказилган зарар миқдорига аниқлик киритилди (www.xabar.uz, 17 декабрь). МИБнинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Менглиевга кўра, “Аҳмадбой иши” доирасида 11710 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилган, етказилган зарар миқдори эса 386 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил қилади.

Айни пайтда маҳкумга тегишли 29 та кўчмас мулк ва 8 та автомобиль хатланиб, уларни аукционда сотиш устида иш олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, мулк сотилиши билан зарарларни қоплаш бошланади. Жабрланувчиларнинг рўйхати шакллантирилган, тушган маблағлар бўйича махсус электрон дастур яратилган бўлиб, кимнинг қанча ҳақи борлигидан келиб чиққан ҳолда пропорционал тақсимланиб борилади.

Хатланган мулклар ва дастлабки тергов жараёнида олиб қўйилган пул миқдори зарарларни қоплашга етадими? Бу савол ҳамон муаллақ турибди”, деб ёзади нашр.

Солиқ идораси қароқчиликда айбланди

Ҳудудларда тадбиркорларни Давлат солиқ қўмитаси нашри – “Солиқ плюс” газетасига мажбурий обуна қилдириш давом этмоқда. Бу ҳақда самарқандлик журналист Шуҳрат Шокиржонов Телеграмдаги каналида хабар берган. Қайд этилишича, солиқ идоралари тадбиркорлик субъектларини қўрқитиб, “камчилик топамиз”, “жаримага тортамиз” деб мажбурий тарзда обуна қилдирмоқда.

Журналист газетанинг битта сони баҳоси жуда қиммат (12 минг 692 сўм) эканига ҳам эътибор қаратган. Ҳолбуки, барча харажатлар билан газетанинг таннархи 2000 сўм атрофида бўлади.

Агар пировард мақсад Давлат солиқ қўмитасининг ўз соҳасида бўлаётган янгилик ва хабарлар, қонунчилик ҳамда маъмурчиликдаги ўзгаришлардан бохабар қилиш бўлганида, бундай маълумотни ўз расмий сайтида, телефон иловаларида бериб борса ҳам бўларди-ку?! Йўқ, уларга мажбурий обуна ортидан миллиардлаб маблағ керак. Кимдир бунинг ортидан экстра классдаги люкс автомобиллар минади, қўша-қўша қасрлар қуради. Ва буни ҳеч ким текшира олмайди! Чунки текширадиганлар – ўзлари”, деб ёзади журналист.

Муаллиф солиқ идорасининг ушбу хатти-ҳаракатини “қароқчилик” деб атаган.

Юлдуз Усмонова татуировкадан қутулиш учун ит азобини тортаётганини тан олди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова қўлига йўлбарс суратида татуировка қилдирганидан таассуф билдирди (www.daryo.uz, 16 декабрь). Хонанда бу ишини “аҳмоқгарчилик” деб атаган ва татуировкадан қутулиш учун ҳар ой ит азобида лазерга бораётганини тан олган.

Голландияда яшаб юрганимда бу татуировкани қилдиргандим. Ҳалигача олдириб ташлолмадим. Татуировка қилмоқчи бўлганлар бунақа қилманглар. Бу жуда ёмон, ярамас нарса экан. Ҳар ой ит азобида лазерга бориб келаман. Қаерга борсам, шу ҳақда сўраяпман, афсуски, ҳозирча бундан қутулиш учун шу лазердан бошқа ҳеч нарса чиқмабди.

Йўлбарснинг ҳам ярми кетиб, хиралашиб турибди. Бу нарса хато. Ўша пайтларда ёнимда ҳеч кимим йўқ эди, то бахтимни топгунимча нечта турмушга чиқдим. Неча қоқилиб, неча марта турдим. Олдинга қараб интилавердим. Шу татуировкани ҳам аxмоқгарчилик пайтида қилган эканман”, деган Ю.Усмонова.

Севишганларни видеога олиб товламачилик қилган шахс маҳкамага тортилди

Қашқадарё вилоятида севишган йигит-қизни телефонда видеосъёмка қилиб, сўнг улардан пул талаб қилган шахс маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 19 декабрь).

Бу ҳақда Нишон тумани прокурорининг ёрдамчиси Бекзод Хўжаев маълум қилган. Йигит пахта теримидаги маҳбубасини кўргани борган. Севишганлар машинада ўтирган пайтда далада ишловчи шахс уларни телефонда видеога олган.

“Даламизни ҳаром қиляпсанлар” дея дўқ урган шахс видеони интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, улардан 100 доллар талаб қилган. Исми ошкор этилмаган шахс талаб қилинган пулни олаётганда қўлга туширилган. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Қарши тумани суди товламачиликда айбланган шахсга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG