Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 11:39

OzodDayjest: Ҳукумат мулозими амалдорларнинг давлат тилини билмаслигини шармандалик ўлароқ баҳолади


Ўзбекистондаги давлат тилига бағишланган стендлардан бири

Самарқандлик полвон вазни бир неча тонна бўлган самолётни тишида тортиб, рекорд ўрнатди. Мансабдорларнинг давлат тилини билмаслиги шармандалик дея баҳоланди. Россиялик блогер Андижондаги “самосуд”дан кейин Ўзбекистонга бориш фикридан воз кечди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ҳукумат департаменти раҳбари: “Амалдорларнинг ўзбек тилини билмаслиги – шармандалик!”

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев давлат тилини билмайдиган ва унда гапирмайдиган раҳбарлар ҳақида фикр билдирди (www.kun.uz, 8 январь).

“Бу – шармандалик, бу – уят! Майли, вазирлик ёки ташкилот раҳбари Америкада ўқиб келгандир, Германия, Англияда ўқиб келгандир. Унинг чет тилларини билиши жуда яхши, лекин Ўзбекистонда раҳбар лавозимида ишлаб, давлат тилини, она тилини билмаслик бу – шармандалик”, деган у “Davlat tilida ish yuritish” қўлланмасининг тақдимотида.

Қирғизбоевга кўра, президент Шавкат Мирзиёев БМТ сессиясида ўзбекча нутқ сўзлаб, ҳаммага намуна бўлди. Ҳозирги раҳбарлар эса мана шу ишдан хулоса қилиши керак.

“Қайси вазирлик ва ташкилотларда раҳбар ёки раҳбар ўринбосари давлат тилида иш юритмас, йиғинларда давлат тилида гапирмас экан, ўша жойдаги давлат тили масалалари бўйича раҳбар ўринбосари ҳам ишламаяпти, унинг ҳам бунда айби бор”, деган у.

Департамент мудири ҳозирда шу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси киритилганини маълум қилган. Лойиҳага кўра, ҳар қандай кадр раҳбарликка ишга қўйилишидан аввал давлат тилини билиш даражаси бўйича имтиҳондан ўтади. Қарор эса 1 апрелдан кучга кириши кўзда тутилган.

Россиялик блогер Илья Варламов Андижондаги “самосуд”дан кейин Ўзбекистонга бориш фикридан қайтди

Россиялик таниқли блогер Илья Варламов Андижонда содир бўлган “самосуд”дан кейин Ўзбекистонга бориш фикридан қайтди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари И. Варламовнинг Угандага бағишланган видеоблогига таяниб хабар берди.

Андижон вилоятида йўл-транспорт қоидаларини бузган ҳайдовчиларни видеога олганликда гумон қилинган эркак машина юкхонасига тиқилган ва “самосуд” қилинган эди. Кейинроқ ушбу ҳуқуқбузарликда иштирок этган беш киши жаримага тортилган.

Блогер Варламов коронавирусга боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг Ўзбекистонга боришни ният қилгани, аммо энди қўрқаётганини маълум қилган.

“Мен қўрқяпман, Андижонда юкхонага тиқишларини истамаган бўлардим. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистонга борсам, юкхонага тиқиб, дарахтга боғлаб қўйишларидан бироз хавотирдаман”, дея киноя қилган И. Варламов.

Шу билан бирга, блогер Ўзбекистонда йўл-ҳаракати қоидаси бузилганини видеога олиб юборганлар учун мукофот тўлаш тизими жорий этилганини мақтаган.

Аввалроқ И.Варламов ўз блогида 2010 йилнинг апрелида Қозоғистондан Ўзбекистонга чегарадан ўтишдаги диққатпазлик ҳақида ҳикоя қилган эди.

Гиннес рекордлар китобига 29 марта кирган самарқандлик полвон ҳақида маълумот берилди

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Фориш қишлоғида дурадгор уста оиласида туғилган Фахриддин Ахназаров Гиннес рекордлар китобига 29 марта кирган саноқли полвонлардан бири саналади (“Ҳуррият” газетаси, 13 январь).

Ф. Ахназаров бир неча тонна келадиган йўловчи самолёт ва ҳарбий юк машиналарини тишида торта олади, кафти билан тахтага юзлаб мих қоқади, тишида 150 килограммлик юкни бемалол кўтаради, 16 йўловчиси бор автомобилни ҳеч бир қийинчиликсиз маълум масофагача қўли билан тортиб боради.

Полвоннинг шоу дастурларида АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон, Буюк Британия қироличаси Елизавета II, машҳур киноюлдуз Арнольд Шварцнеггер меҳмон бўлган.

Қайд этилишича, “XX аср Геракли” деб аталувчи полвон ўзбек мумтоз спорт турини жаҳон цирк аренасига олиб чиқишга ҳисса қўшди.

“Бу каби муваффақиятлар донғи дунёга таралган полвонни асло ҳаволантирмаган. У ҳамон ўзини дунё миқёсида тасаввурга сиғмас натижаларга эришган музаффар инсон эмас, фарзандлари учун жонкуяр ота, рафиқаси учун вафодор умр йўлдоши, уни тарбиялаб вояга етказган ота-онасининг юзини ерга қаратмаган қобил фарзанд деб билади”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG