Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2021, Тошкент вақти: 07:17

OzodDayjest: Таниқли профессор Ўзбекистон тиббиётида дори ширкатлари лоббиси авж олаётганидан огоҳлантирди


Олий Мажлис депутати президент сайлови қишдан кузга кўчирилаётгани сабабини тушунтирди. Тошкентда барча йўллар “Artel Group”га элтмоқда. Профессор Ибодуллаев Ўзбекистон тиббиётида фармкомпаниялар лоббиси авж олаётганини урғулади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Олий Мажлис депутати президент сайлови октябрь ойига кўчирилиши сабабини очиқлади

Ўзбекистонда президент сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкин (www.uza.uz, 27 январь). Сайлов санасини ўзгартириш бўйича Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида муҳокама қилинган. Эндиликда ушбу масала палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Олий Мажлиси депутати Ақшагул Тулегенова сайлов санаси ўзгартилишини сабабини очиқлади.

Қайд этилишича, сайловдан кейинги сиёсий тадбирлар янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, Давлат дастурини қабул қилиш каби ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлади; қатор хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига (масалан, Рождество) тўғри келиши сабабли жаҳон миқёсида обрўга эга бўлган халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда ҳам муайян қийинчиликларни вужудга келтиради. Бундан ташқари, декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келгани сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда ҳам қатор ноқулайликлар юзага келади.

Агар янги тартиб қабул қилинса, 2021 йилги президент сайлови 24 октябрда ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, президент сайлови декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинган.

Рост24: “Йирик заргарлик корхонасига Тошкент шаҳри ҳокимлиги эгалик қилиши қонунга зиддир”

Марказий Осиёдаги энг йирик заргарлик корхонаси экани айтилаётган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамиятига Тошкент шаҳар ҳокимлиги эгалик қилмоқда (“Рост24”, 25 январь). Бюджет ташкилоти бўлган ҳокимликнинг заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан қўшимча даромад қилиши эса Ўзбекистон қонунчилигига зиддир.

Қонунчиликка ўзгариш киритиш ёки қўшимча фармон билан Тошкент ҳокимлигининг ушбу фаолиятига изн берилса ҳам, бу бошқа бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Хусусан, давлат томонидан йирик маблағ (21 миллион АҚШ доллари) билан молиялаштирилган “Gold Moon Tashkent” ширкати осонгина майда ва йирик заргарларга зарба бериши, соғлом рақобатни йўққа чиқариши мумкин.

Интеллектуал мулк идораси маълумотига кўра, “Fonon” бренди “Technology Development” компаниясига тегишли ва унинг 100 фоиз таъсисчиси Дилмурод Расулов. Д. Расулов компаниясининг электрон манзили эса “Artel Group” доменида жойлашган.

“Европада барча солиқлар, даромадлар Римга элтгани учун “барча йўллар Римга элтади” деган ибора пайдо бўлганди. Тошкентда барча даромадлар... кечирасиз, йўллар “Artel Group”га элтаётгандек”, дея хулоса қилган нашр.

Мутахассис: “Иштаҳаси карнай дори ширкатлари лоббисини чеклаш лозим”

Ўзбекистон тиббиётида фармкомпаниялар лоббиси авж олмоқда. Бу ҳақда Тошкентдаги “Асаб ва руҳият” илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев парламент юқори палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси экспертлар йиғилишида гапирди (www.kun.uz, 22 январь).

“Тиббиётимизнинг барча йўналишларига лоббизм кириб келиб бўлди. Масалан, тиббиёт йўналишидаги олимларнинг илмий конференцияларини ўтказишга фармацевтлар ҳомийлик қиляпти. Шунинг учун бошқа йўналишдаги конференциялардан фарқли равишда, тиббиёт конференциялари йирик ва ҳашаматли меҳмонхоналарда ўтказилади. Олимларнинг ўзида катта пул йўқ. Шу сабабли бир қатор олимларнинг илмий мақолалари ҳам фармацевтлар пули билан чет эл журналларида чиқади. Бундан фармацевтлар қандай фойда кўради, дейсизми? Шифокор ўзига ҳомийлик қилаётган фармацевтнинг дорисини инсультда фойдали, таъсири жуда яхши, деб мақоласига киритади. Инсульт бўлган беморларга бериладиган бир нечта доридан ташқари қолган дорилар маълум асоратлар қолдиради”, деган З. Ибодуллаев.

Олимнинг таъкидлашича, Ўзбекистон тезроқ далилларга асосланган тиббиётга ўтиши ва дори ширкатлари лоббисини чеклаши керак.

“Россия тиббиёти аллақачон фармацевтиканинг қулига айланиб бўлган. Бизда эса ҳали имконият бор. Тезроқ далилларга асосланган тиббиётни ўзимизда жорий қилишимиз керак. Ишонтириб айтаман, биз шу туфайли четдан миллиардлаб долларга келадиган дорилар ва энг ёмони – қоладиган асоратлардан қутуламиз”, деган профессор-невролог Зарифбой Ибодуллаев.

XS
SM
MD
LG