Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

Андижонда одамлар икки ойдан бери паспортини ололмаяпти


Мамлакатнинг деярли барча паспорт бўлимлари олдида навбатлар кузатилади (Суратда Пайариқ тумани паспорт бўлими олдидаги вазият)
Мамлакатнинг деярли барча паспорт бўлимлари олдида навбатлар кузатилади (Суратда Пайариқ тумани паспорт бўлими олдидаги вазият)

Андижон туман ИИБ паспорт бўлими январь ойи бошидан буён ишламаяпти. Туман аҳолиси паспорт столига қатнайвериб чарчаганидан, хорижга чиқиш режаси бўлганлар эса кета олмаётганидан шикоят қилмоқда. Андижон туман паспорт бўлими муаммо сабабини техник носозлик билан изоҳлади.

“Икки ярим ойдан бери паспорт учун югураман”

Андижон туманида яшовчи 30 яшар йигитнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у туман паспорт бўлимига паспортини янгилаш учун 15 декабрда ҳужжат топширган. У орадан 1,5 ой вақт ўтганига қарамай паспортини ололмаётганидан шикоят қилди:

“Ўзи ноябрь ўртасида ҳужжатларимни топширмоқчи эдим. Паспорт столи президент сайлови деб 1 ой ишламади. Кейин 15 декабрда бориб, ҳужжат топширдим. “Январнинг бошида келинг” деди. Борсам, “2-3 кундан кейин келинг” деди. Шундан бери ҳар 2-3 кунда бориб келаяпман. Йўлкирага пулимиз кетгани бир томон, қатнайвериб асабларимиз чарчагани бир томон. Тайинли бир жавоб ҳам йўқ. “Эрта келинг, индин келинг” дейишади фақат. Битта шу бир паспортни деб, ноябрдан бери югураман”, деди исми сир қолишини сўраган андижонлик эркак.

“Паспортсиз Россияга кета олмаяпман”

Ушбу туманда яшовчи 27 яшар аёл эса, Россияга кетиш режаси паспортини ололмаётгани учун орқага сурилаётганидан нолиди:

“Мен оилам билан Россияда яшайман. Паспортимни янгилаш учун декабрь ўрталарида келиб, паспорт столга ҳужжат топширдим. “9 январда келинг” дейишди борсам, “Ишламаяпмиз, кейинги ҳафта келинг” деди. Ҳар ҳафта бориб-келаяпман. “Ишламаяпмиз” деган жавобни беришади. Қачон беришлари номаълум. Юзлаб одам совуқда сарсон юрибди. Мен Россияда ишлайман. Иш жойимдан 2 ҳафтага рухсат олиб келганман. Мана 1,5 ойдан бери ишга ҳам бормаяпман. Нима қилишни билмай, бошим қотиб ўтирибман” деди андижонлик аёл исми ошкор қилинмаслик шарти билан.

Паспорт столи: Аппарат бузилган

Андижон туман ИИБ паспорт бўлимидан олинган маълумотга кўра, бўлимнинг бир ойдан бери ишламаётганига техник муаммо сабаб бўлаяпти:

“Январь бошида аппаратимиз бузилиб қолди. Уни Тошкентга жўнатдик. Қачон тузалиши бизга ҳам маълум эмас” , деди паспорт бўлими ходимларидан бири.

Паспорт столларидаги турнақатор навбатлар камаймаяпти

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги паспорт бўлимларида ҳам вазият қониқарли эмаслигидан шикоятлар тўхтамаяпти.

Кейинги икки йил давомида мамлакат паспорт бўлимлари олдида кузатилган турнақатор навбатлар 2017 йилда ҳам давом этаяпти.

12 январь куни Озодликка йўлланган суратларда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани паспорт бўлимидаги вазият акс этган. Суратларда ўнлаб одамлар туман паспорт столи олдида навбатда тургани тасвирланган. Суратни йўллаган манба, бу каби навбатлар ҳар куни кузатилаётгани ҳақида ёзган.

Ўтган йилнинг 24 сентябрь куни очилган Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига шу пайтгача йўлланган шикоятларнинг аксарини ҳам биометрик паспорт олиш билан боғлиқ муаммолар ташкил этади. Бу ҳақда виртуал қабулхона масъуллари Озодлик билан суҳбатда билдиришган.

Ўтган йилнинг 12 ноябридан бошлаб мамлакатнинг барча вилоят ва туманларидаги паспорт бўлимлари биометрик паспорт беришни бир ой муддатга тўхтатган эди. Президент сайлови арафасидаги бу тадбирни расмийлар профилактика ишлари билан боғлаган эди.

XS
SM
MD
LG