Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2018, Тошкент вақти: 01:46

OzodMikrofon: 24 йил пахта чопган аёлимга қонунда белгиланган пенсия тўланмаяпти


Иллюстрация

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан мурожаат қилган 57 яшар Сотлиқ Зулфиқоров совет замонидаги колхозда 24 йил ишлаган ногирон рафиқасига қонунда белгиланган миқдорда пенсия тўланмаётганидан арз қилди.

OzodMikrofon рукнига мурожаат қилган тингловчига кўра, 24 йил давомида ҳафтасига 7 кун колхознинг пахта даласида ишчи бўлиб ишлаган хотини - Ҳалима Менглиева шу кунда 240 минг сўм пенсия олмоқда.

- Менинг аёлим 24 йил иш стажи бор. Шунга ҳужжатларини тўплаб олиб борсам, ижтимоий таъминот бўлимини бошлиғи, имтиёзли пенсия олиши учун бир йилда 365 иш куни бўлиши керак, деяпти. Қандай қилиб, 365 иш куни бўлиши мумкин - дам олиш кунлари бор, байрам бор, бу кунларда прокурор дам олади, сиз дам оласиз, дедим. Лекин, барибир пенсиясини оширишмаяпти - 240 минг сўм. Аслида, 20 йилдан ортиқ стажи бўлган аёлларга пенсия 400 минг сўмдан кам бўлиши керак эмас. Ҳозир аёлим ногирон, 24 йил колхозда ишлаган - қани энди адолат?! - дейди Сотлиқ Зулфиқоров.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: 24 йил пахта чопган аёлимга қонунда белгиланган пенсия тўланмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00
Бевосита линк

Пенсия жамғармасидан олинган маълумотга кўра, Менглиевага, агар зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этган бўлса, ойига камида 400 минг сўмдан ортиқ пенсия тўланиши лозим.

"Бу аёл агар 24 йил ишлагани ҳақида меҳнат дафтарчаси ва шу йиллар ичида иш куни белгиланган колхоз раисининг қарорлари бўлса, у ҳолда бу аёл учун минимал пенсия миқдори 400 минг сўм бўлиши керак. Аммо, аниқ жавоб бериш учун бу аёлнинг ҳужжатларини кўришимиз лозим. Марҳамат, бизга ариза билан мурожаат қилсинлар", деди жамғарманинг ўзини таништирмаган мутахассиси.

Шунингдек, бу мутахассиснинг қўшимча қилишича, шу йилнинг 1 октябридан бошлаб, собиқ совет даврида ишлаган колхоз ишчилари учун пенсия тайинлаш тартиби ўзгарган.

"Совет даврида колхозда бир йилда бир марта қарор чиқарилган ва мисол учун, 3 болали аёл учун минимум иш куни 150, 2 болали аёлга 160 кун қилиб белгиланган. Агар ана шу қарорлари қўлида бўлса, ўшандан келиб чиққан ҳолда йиллик иш куни ҳисоблаб чиқарилади. Агар, шундай қарор бўлмаса, совет давридаги минимум 150 иш куни олинарди ва у 30га бўлинарди, шунда 5 ой чиқарди. Лекин, Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан 1 октябрдан бошлаб, энди бир ҳафтадаги иш кунлари 7 кун эмас, 6 кунга қисқартирилди - шунда энди йилига 150 кунлик минимум иш кунлари олиниб, 25,4 га бўлинади ва бир йилдаги иш куни 5 ой 9 кун бўлади - 9 кун қўшилди", дея изоҳ берди жамғарма мутахассиси.

Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб, собиқ совет даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган оддий ишчилар учун пенсияни ҳисоблашнинг янги тартиби жорий этилгани, эндиликда бу даврда ишлаган пенсия ёшидаги кишилар пенсиясини қайта ҳисоблатиш учун ариза топшириши мумкинлигини билдирди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 25 сентябрида "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорни қабул қилган.

Пенсия жамғармасидан олинган маълумотга кўра, собиқ совет даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган оддий ишчи-хизматчилар пенсияси, 1 октябрдан бошлаб, қайта ҳисобланади.

* * * * *
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG