Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2018, Тошкент вақти: 17:21

Ўзбек олигархи билан низолашиб қамалган Парижер “Жаслиқ”дан озод бўлиб, Исроилда даволанмоқда


Валерия Парижернинг қаридошлари Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказган эди.

Россия ва Исроил ватандоши, Тошкентдаги Лок-бўёқ заводининг собиқ тижорий директори, 2002 йили Тошкент суди томонидан озодликдан маҳрум қилинган 61 яшар Валерий Парижер Жаслиқ қамоқхонасидан озод қилингани орадан бир йил маълум бўлди.

Парижернинг синглиси Нелли Парижернинг Озодлик мухбирига айтишича, ўтган йил март ойида озод бўлган маҳкумнинг Исроилга етиб олгунича бу хабарни матбуотдан сир сақлашни маъқул кўришган:

- Ўзбекистоннинг янги раҳбари Мирзиëев қамоқда ëтган тадбиркорларни озод қилиш ташаббусидан кейин Валерий ҳам озод қилинди. У озод бўлганидан кейин чет эл ватандоши сифатида Ўзбекистонда изнсиз юрди, деб (Парижер 2002 йилдан 2017 йилгача қамоқда ўтирди - таҳр) мамлакатдан чиқариб юборилди.Звонокдан звоноккача муддат ўтган Валерий ҳозир Исроилда даволанмоқда. Қамоқдаги кўргуликларни унутишга ҳаракат қилса ҳам, Жаслиқда орттирган касалликлар асоратидан қутулиши қийин бўлмоқда. Жаслиқда орттириб келган бел оғриғини жарроҳлик амалиëти билан даволашмоқчи,- деди маҳкумнинг синглиси.

Парижер Жаслиқдан қандай озод бўлди?

Жаслиқ қамоқхонасининг тутқуни Валерий Парижернинг озод бўлиши “биз кутмаган бир пайтда” юз берди, дейди маҳкумнинг синглиси Нелли Парижер Озодлик билан 16 февраль кунги суҳбатда:

- Ўтган йил февралида кимдир бизга телефон қилиб Парижер билан бирга қамоқда ўтиргани¸ икки ҳафта олдин озод бўлганини айтди. Кейин у киши бизга Валерий ҳам озодликка чиқади¸ келиб олиб кетинглар, деди. 3 март куни Жаслиқ қамоқхонаси олдига бордик. Ичкаридан СНБ зобити чиқиб, "кутиб туринглар пешиндан кейин чиқади" деди. Ичкаридан озоб-тўзиб кетган Валерий чиқиб келди. Кейин у билан бирга Тошкентuа¸ Тошкентдан эса, Исроилга қайтдик. Биз матбуотга ҳабар бермай турдик. Уни қаматган "акахонлар" ҳали от устида эди. МХХ раиси ишдан кетганидан кейин Валерийнинг озод бўлганини матбуотга айтишга қарор қилдик¸ деди суҳбатдош. Неллининг яна айтишича¸ акасига янги "раскрутка" таëрлаб қўйилган. Қамоқ муддати тугаши билан яна "раскрутка" қилиниши керак бўлган. "Янги раҳбарият иродаси боис акамга муддат қўшиб берилмади"¸ дейди суҳбатдош.

Тадбиркорнинг “Жаслиққа” йўли

Асли украиналик, Россия ва Исроил қўшватандоши Валерий Парижер 2000 йилда шартнома асосида Тошкентдаги Лок-бўёқ заводига тижорий директор лавозимида ишлагани келган. 2002 йилда у давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва қаллоблик айблари билан Ўзбекистон расмийлари томонидан қамоққа олинган.

Парижер Бекободдаги УЯ 64/21 колониясида қамоқ жазосини ўтаётган пайтда Озодликка қўнғироқ қилиб Тошкентдаги Лок-бўёқ заводига уни корхонанинг ўша пайтдаги хўжайини, криминал авторитетлардан бири эканлиги айтиладиган Ғафур Раҳимов таклиф қилганини айтган эди.

Парижернинг гапига кўра, икки йил ишлаганидан кейин Ғофур Раҳимовга тегишли ширкатлардан бири билан келиша олмай, ишдан кетмоқчи бўлганида уни қамоққа олишган ва натижада у 15 йил қамоқда қолиб кетди.

Парижер дастлаб 2002 йили 14 йиллик қамоққа ҳукм қилинган. Кейинчалик уч марта амнистияга тушиб, қамоқ муддати қисқартирилган. Бироқ синглиси Неллининг айтишича, озодликка чиқиши арафасида Парижер "раскрутка"га тушган.

- Чиқиши арафасида унга яна 5 йиллик қамоқ қўшиб берилди ва Парижер Жаслиқ қамоқхонасига жўнатилди¸ дейди суҳбатдош.

Қийноқлар?

Валерий Парижернинг синглиси Неллининг айтишича¸ акаси қамоқда мунтазам қийналгани боис ўнлаб ҳасталиклар орттирган. Неллига кўра¸ шу кунларда қийноқ асоратларини даволаш қийин кечмоқда.

Парижер қамоқда пайтида Озодликка суҳбат берган рафиқаси Ирина Парижер эрининг Жаслиқ қамоғида қандай қийналганини айтиб берган эди

- Уни жуда хўрлашмоқда. Тирноқлари остига игна тиқиб қийноққа солишмоқда. Унинг вазни 40 килограмга тушиб кетибди. 40 даража иссиқда кўчада темир қутига солиб қўйишар экан. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азобга солишмоқда уни, деган эди 2012 йилда Ирина Парижер.

Парижернинг ўзи эса қамоқдаги қийноқлар ҳақида зонадан туриб ўша пайтдаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилган эди:

“Жаноб президент, нега генерал Иноятов, генерал Қодиров ва генерал Матлюбов сизнинг номингизни рўкач қилиб, фашист ва одамхўрлар сингари ҳаракат қиляпти? Бу фашистлар одамларни ўлдирмоқда, қийноққа солмоқда.

Лагерларда махбуслар қўлларини нажас тўлдирилган бочкаларга солишга мажбурланади ва шу тарзда хўрланади. Ундан кейин тўқмоқлар билан калтакланиб, мадҳияни айтишга мажбурланади. Бу генераллар яқинда маҳбуслар қонига ғарқ бўлади, деган эди ўз мактубида Валерий Парижер.

Парижер иши халқаро муносабатлар кун тартибида

2012 йилда Валерий Парижернинг Исроилдаги қариндошлари Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказган эди. Улар Парижерга беш йил қамоқ қўшиб берилгани ва унинг Жаслиқ қамоғига ўтказилганига норозилик билдиришган эди. Ўшандан кейин Исроил ватандоши Валерий Парижер масаласи билан Исроил элчихонаси шуғуллана бошлади.

2006-2007 йилларда Парижернинг иши Ўзбекистон билан Россия расмийлари ўртасидаги музокараларда ҳам кўтарилган эди. Хусусан, баъзи хабарларга кўра, ўша пайтда Россия бош вазири ўринбосари бўлган Сергей Иванов Тошкентга қилган сафари пайтида президент Ислом Каримов билан суҳбат пайтида Россия фуқароси ишини ҳал қилиб беришни илтимос қилган.

"Янги раҳбар шарофати билан"

Парижернинг қамоқдан озод қилиниши Ўзбекистонинг янги раҳбари Шавкат Мирзиëев даврида юз берди. Озодликда ўзбек қамоқхоналаридан озод бўлган бир неча чет эллик тадбиркорлар ҳақида маълумотлар бор. Шулардан бири ўзбек қамоғида узоқ йиллар ўтирган турк тадбиркори Закий Абуснинг Озодлика айтишича, у Ўзбекистон ҳукуматидан товон ундирмоқчи. Бу ҳақдаги материал яқин кунларда эълон қилинади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG