Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:00

OzodDayjest: Наманганда рухсатсиз шаръий никоҳ ўқиган домла жаримага тортилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Наманган шаҳрида ФҲДЁ идорасида никоҳдан ўтмаганларни шаръан никоҳлаган домла маъмурий жавобгарликка тортилди. Халқ артисти Муножат Йўлчиева нега судга чақирилгани маълум бўлди. Матбуот дори воситалари йўриқномаларининг ўзбек тилидаги варианти талабга жавоб бермаслиги танқид қилмоқда.

_____________________________________________________________

ФҲДЁ идорасида қайддан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқиган наманганлик домла жазоланди

Наманган шаҳри “Соҳибкор” маҳалласида яшовчи келин-куёвнинг шаръий никоҳини ўқиган домла Ҳасан Аҳмаджонов маъмурий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 3 январь). Бу ҳақда вилоят прокуратураси вакили Гўзал Шарипова маълум қилган. Қайд этилишича, келин-куёв амалдаги тартибга кўра аввал ФҲДЁ идорасида никоҳдан ўтиши, сўнгра шаръий никоҳ ўқилиши лозим эди. Аммо келин-куёв фақат шаръий никоҳдан ўтган, холос. Прокуратура нашрига кўра, келин-куёв фақат шаръий никоҳ ўқитган ҳолларда улар ажрашиб кетса, келин ва унинг зурриёти кўчада қолади, уларга на суд ва на бошқа идоралар ёрдам бера олади. Мақолада қонуний никоҳни менсимай, фақат шаръий никоҳ билан чекланиш “катта қусур” деб аталган.

Матбуот: Бутун бошли фармацевтика тизимида ўзбек тилини биладиган таржимон-муҳаррир йўқми?

Дори воситалари йўриқномаларининг ўзбек тилидаги варианти адабий тил маромларига жавоб бермайди (“XXI аср”, 2018 йил 29 декабрь). Одатда, рус тилидан таржима қилинадиган йўриқномаларда услубий ғализликлар ва имловий хатолар кўп учрамоқда. “Энг қизиқ жиҳати, аксарият дори-дармонларга илова қилинган йўриқномаларни кўздан кечирсак, рус тилидагилари аниқ, равон ва тушунарли. Ўзбекча иловасини англаб, обдон тушуниб олиш учун эса яна таржимон керак бўлади! Наҳотки, шундай катта имконият ва салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги тизимида ўзбек тилини пухта биладиган саводли таржимон-муҳаррир топилмаса?” деб ёзади газета.

Халқ артисти Муножат Йўлчиева фирибгарлик иши юзасидан судга чақирилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева судга чақирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. “Даракчи” нашри аниқлик киритишича, таниқли санъаткор фирибгарлик иши юзасидан гувоҳ сифатида маҳкамага чақирилган. Ўзбекистон давлат консерваторияси битирувчиси бўлган 23 ёшли Лутфулла Турдиев икки нафар абитуриентни консерваторияга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 12000 доллар пул сўраган. Мазкур сумма “керакли одамлар”га пора сифатида берилиши айтилган. Л. Турдиев, шунингдек, консерваторияга киришга талабгор икки абитуриентнинг овозини халқ артисти Муножат Йўлчиева синовдан ўтказишини билдирган. Л. Турдиев “хамир учидан патир” сифатида 4000 долларни олаётганда ҳуқуқ-тартибот идораси вакиллари томонидан ушланган. Судда гувоҳлик берган Муножат Йўлчиева фирибгарликда айбланаётган Л. Турдиевни танимаслиги, ушбу воқеа рўй берган пайтда Германияда хизмат сафарида бўлганини айтган. Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьяси Мусо Юсуповга кўра, консерваторияга ўқишга киритмоқчи бўлган шахс 2 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG