Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:56

OzodDayjest: БП ўринбосари: Қамоқда бир-икки кун ўтириб чиқишнинг амалдорлар учун фойдаси бор


Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова.
Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонлик таҳлилчи эркинликни парваришлаш мамлакат ичидаги сиёсий ва академик доиралардан бошланиши лозимлигини урғулади. Андижонда блогерни қаматган мутасаддилар “юмшоқкўнгил ойимчалар” деб аталди. Светлана Ортиқова йиғлаган судья ва прокурорлар ҳақида гапирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Сиёсий таҳлилчи Ўзбекистон раҳбариятини популизм хатаридан огоҳлантирди


Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов президент Шавкат Мирзиёевнинг мухолифат масаласидаги фикрига муносабат билдирди (www.sof.uz, 2019 йил 28 декабрь). “Менимча, президент “мухолифат” масаласини кўтаришдан олдин, ундан-да муҳим масалалар мавжуд эди. Жумладан, Ўзбекистонда сиёсий партиялар ва парламентнинг тўлиқ эркин бўлиши, ҳар қандай яширин ва ошкора босимлардан холи бўлиши борасида жиддий баёнотлар қилинмади, жамиятга ва ушбу институтларга мурожаатлар йўлланмади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳалига қадар “академик эркинлик” нима экани, у тараққиётимиз учун нақадар муҳим экани урғуланмади”, дейди К. Раббимов. Қайд этилишича, эркинликни парваришлаш Ўзбекистон ичидаги сиёсий ва академик доиралардан бошланиши лозим. Ҳолбуки, ҳали мамлакат жамоатчилик тафаккури қўрқувдан қутула олгани йўқ.

К. Раббимовга кўра, академик эркинлик шаклланмаган, сиёсий институтлар эҳтиёткорлик ва қўрқув ҳолатидан чиқмаган бир даврда мухолифат масаласининг кўтарилиши давлатни популизмда айблаш, мухолифат тушунчасининг қадрсизланиши ва хориждаги мухолиф кучларнинг давлат билан муроса ва мулоқотдан умидини узишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни Тошкентда ёшлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев сиёсий мухолифат борасида фикр билдириб ўтди. Хусусан, у оппозицияга қарши эмаслиги, аммо у четдан кириб келишини ёқламаслигини билдирди.

Андижонда блогернинг қамалиши буюртма экани тахмин қилинди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Андижон вилояти Асака туманида блогер Отабек Нуриддиновнинг қамалганини танқидий баҳолади. “Отабек Нуриддиновнинг масъуллар ишини танқид қилгани учун Асакадаги бир гуруҳ мансабдорлар ўзаро тил бириктириб жазолатгани яна ҳам ойдинлашмоқда”, деб ёзди депутат Телеграмдаги шахсий саҳифасида. Қайд этилишича, блогер яшин тезлигида жазолангани бу буюртма деган шубҳани кучайтиради. Депутат бу ҳолатни “фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жуда ёмон сигнал”, деб атаган.

Журналист Каримберди Тўрамуродга кўра, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари аҳолини “ҳароми” деб ҳақорат қилаётган, журналист ва блогерларга дарёга чўктириш билан таҳдид қилаётган ҳокимларни жазолаш ўрнига уларни зўр бериб ҳимоя қилмоқда, блогерни қамоққа ташлаш борасида эса фавқулодда тезкорлик намойиш этмоқда.

Блогер Нозим Сафари эса ўзаро келишиб, блогерни қаматган мансабдорларни “нозиктаъб, юмшоқкўнгил ойимчалар” деб атаган.

“Баъзи майда мансабдорлар ҳоким онасидан сўкса ҳам чидайди. Ҳақиқат учун бир оғиз гапирганни эса худди ўша ҳоким кўрсатмаси билан қаматиб ҳам юборади. Шараф, ғурур, виждон? Йўқ, ундай сўзлар бизга таниш эмас”, деб ёзади Н. Сафари.

Прокуратурага кўра, Абдуфатто Нуриддинов (Отабек Нуриддинов) 2019 йил 30 декабрь куни туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор деб топилган ва унга жарима ҳамда 15 сутка қамоқ жазолари тайинланган.

Светлана Ортиқова прокурорлар қачон йиғлаши ҳақида гапирди


Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик фаолияти давомида жиноят кўчасига кирган кўплаб судья ва прокурорларни кўрганини маълум қилди (www.kun.uz, 2019 йил 30 декабрь).

“Мен шу тизимда 40 йилдан ортиқ ишлаб, (ана шундай жинояти учун қўлга олинганлар билан) гаплашганман, кўзидан ёшини оқизиб, “Агарда шу аҳволга тушишимни ўйлаганимда, мана шу жиноятга қўл урмасдим” деб қанча судьялар, прокурорлар йиғлаган”, дейди С. Ортиқова.

Бош прокурор ўринбосари ватанни, халқни, давлатни озгина бўлса ҳам ўйлаган одам жиноятга қўл урмаслигини айтган. Айни пайтда, у бирор лавозимга киришишдан аввал мансабдорнинг бир-икки кун қамоқда ўтириб чиқишининг фойдаси ҳақида гапирган.

“Мансабга ўтиришдан олдин одамлар колонияда бир-икки кун ўтириб чиқса, турмага кириб чиқса, камеранинг ҳидини билса, ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди”, деган С. Ортиқова.

XS
SM
MD
LG