Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:26

OzodDayjest: Таълим расмийлари танқидий мақола ёзган журналистнинг овозини ўчиришга уринмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Вазир Музаффар Солиев уй-жой ширкатлари тизимида 100 миллиард сўм ўзлаштирилгани ҳақида маълум қилди. Танқидий мақола ёзган журналистнинг мактабда ишлаган отаси юмуш ерида муаммоларга дуч келди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” халқаро рейтингларда паст ўринда эканининг асосий сабаби айтилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Уй-жой ширкатлари тизимида 100 миллиард сўм ўзлаштирилгани аниқланди

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни бошқариш мақсадида ташкил этилган уй-жой мулкдорлари ширкати тизими текширилганда пул ўзлаштирилган ҳолатлар аниқланмоқда (“Оила даврасида”, 8 март). Бу ҳақда мамлакат Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев маълум қилади. Хусусан, “Бир уй – бир ширкат” тамойили асосида ҳар бир кўп қаватли уй қошида ташкил этилган 244 та ширкат фаолияти текширилганда 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилгани аниқланган. Вазирга кўра, яқин муддатда янги биллинг тизимига ўтиш режалаштирилмоқда. Биллинг тизимига мувофиқ, ширкат ҳисобидаги маблағлар вазирлик назоратида бўлади ва ширкатлар аҳолидан йиғилган бадал пулларини ўзлаштириши, ноқонуний мақсадларга фойдаланиши йўли тўсилади.

Танқидий мақола ёзган журналистнинг отаси бошида қора булутлар айланмоқда

Журналист Беҳзод Қобулов халқ таълими тизимидаги ғирромликлар ҳақида мақола эълон қилгач, отасининг бошида қора булутлар айлана бошлади (“Жамият”, 2 март). Бу ҳақда журналистнинг ўзи хабар берган. Танқидий мақола чоп этилгач, унинг отаси ишлайдиган Наманган вилоятидаги мактабни вилоят халқ таълими бошқармаси комиссияси босган. Комиссия қидира-қидира “ўта мудҳиш” камчилик топган: мактаб ҳожатхонасининг эшиги бўялмаган экан. Қайд этилишича, айни шу камчилик сабаб халқ таълими масъуллари 40 йил педагоглик қилган инсонни ўз аризасига кўра ишдан олишга уринмоқда. Журналист Б.Қобуловга кўра, халқ таълими расмийлари отасига босим ўтказиш орқали унинг овозини ўчиришга уринмоқда. “Кишини дилтанг қиладиган ҳолат шуки, зўравонлар журналистга ошкора таҳдид, зуғум қилишга қандай ботиндилар? Журналистнинг ортида ҳеч ким йўқ деган ўй қачон пайдо бўлган ўзи? Қачон, айтинг, қачон танқид ёзган журналист мутлақ дахлсиз бўлади?” деб савол қўяди у. Маълум бўлишича, журналист Б.Қобулов xabar.uz сайтида “Ўқитувчи! Бўл тайёр – доим тайёр!” номли мақола чоп этиб, ўқитувчилар кўчаларга гул экиш, пахта териш, гўнг ташиш, ариқ чопиш, металлом тўплаш, коммунал тўловлар йиғиш, аҳолини рўйхатга олиш каби юмушларга мажбурланаётганини танқид қилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” халқаро рейтингларда ҳамон паст ўринда қолмоқда

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпания халқаро рейтингларда паст ўринда қолмоқда (“Даракчи”, 8 март). Масалан, “Skytrax” портали рейтингида миллий авиакомпания ҳатто юзталикка ҳам кира олмаган. Ҳолбуки, 14 миллиондан зиёд ҳаво кемалари мижозлари хулосасига кўра, эълон қилинган рейтингда қўшни Қозоғистондаги бирданига иккита аэропорт (Остона ва Алмати) энг яхшилар қаторида эътироф этилган. Қайд этилишича, яқингача Ўзбекистон ҳаво кемалари ва аэропортларидаги муаммолар матбуотда очиқ айтилмаган, ижтимоий тармоқларда айтилган салбий фикрларга эса муносабат билдирилмаган. Соҳа мутасаддилари муаммоларни билатуриб, уларни ҳал қилишга ҳаракат қилмаган. Бошқа соҳалар қатори бу борада ҳам мақтов ва ҳамду сано авж олган. Мақолада аэропортлардаги қайта-қайта текширувлар, паспорт назоратидаги турнақатор навбатларни бартараф этиш, такси хизматини тартибга солиш, умуман, хорижнинг илғор тажрибаси асосида тизими ишини такомиллаштириш зарурлиги уқтирилган.

XS
SM
MD
LG