Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:03

OzodDayjest: Вазир муовини хориждаги ватандошлар асосан қора меҳнат билан бандлигини эътироф этди


Россиядаги меҳнат муҳожирлари (иллюстратив сурат).

Пули йўқ мардикор касалхонада чорасизликдан вафот этди. Меҳнат вазири ўринбосари ўзбекистонликлар чет элда асосан қора меҳнат билан бандлигини айтди. Тошкент ва Қашқадарёда порахўр мансабдорлар қўлга олинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

“Ўзбекистонда камбағал касалга чалинса, олдиндан ўлимни бўйнига олиб қўядиган бўлиб қолди”

Ўзбекистонда камбағал касал бўлса, олдиндан ўлимни бўйнига олиб қўядиган бўлиб қолди (“Ҳуррият”, 14 март). “Ўтган йили бир қашқадарёлик танишим автоҳалокатга учради. Унинг бўйин суяги синиб, гапиролмай ва қимирлай олмай қолди. Тошкентдаги қурилишларда мардикорлик қилиб оиласини боқаётган эди. Қишлоқда хотини беш нафар гўдаги билан яшарди. Тошкентдаги катта бир шифохонада 15 кун ётди. Қариндошлари бир неча миллион сўм тўплаб олиб келиб беришди. Сўнг бу ер қиммат экан деб, уч миллион сўмга махсус тез ёрдам ёллаб, уни Қаршига олиб кетишди. У ерда аранг ўн кун ётишига маҳалла пул йиғиб берди. Аёл бешта боласини боқсинми ёки эрига ҳар куни 200 минг сўм топиб берсинми?! Пул йўқлигидан тиббий ёрдам тўхтаб қолди. Эллик ёшдаги одам пули йўқлигидан кўзи мўлтираб ётиб ўлди”, деб ёзади сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматов. Қайд этилишича, бундай мисоллар кўп, тиббиёт тубдан ислоҳ қилинмаса, кўзи мўлтираб ҳаёт билан эрта хайрлашадиган камбағаллар кўпаяверади.

Меҳнат вазири ўринбосари: Ўзбекистонлик ватандошлар чет элда асосан қора меҳнат билан банд

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов хорижда ишлаётган ватандошларнинг аксари қора меҳнат билан кун кўраётганини эътироф этди (“Оила даврасида”, 15 март). “Умумий ҳисобда тахминан 3 миллиондан ортиқ юртдошимиз хорижий давлатларда ишлаб юрибди. Лекин ачинарлиси, уларнинг аксарияти “қора меҳнат” билан банд. Бунинг сабаби, улар бирор касб ёки ҳунарга эга эмас”, деган вазир ўринбосари. Меҳнат вазирлиги расмийси Жанубий Кореяга ишга боришга тарафдорлар кўп эканини айтган. Корея Ўзбекистонга ажратган квота 3000 га яқин. Аммо мамлакатда “ҳозир кетаман” деб жомадон ҳозирлаб турганлар 200 мингдан ортиқ. Вазир ўринбосари Кореяга бораётган аксар ўзбекистонликлар ноқонуний тартибда қолишга уринаётганини ҳам қайд этган. “Кореяликларнинг республикамиздан кам номзод танлашининг сабаби, аксарият ўзбеклар ўша давлатга боргач, ўртада тузилган шартномага амал қилмайди. Масалан, шартномаси тугаса, ортига қайтишни истамайди. Кореялик ҳамкорларимиздан кўпинча шунга ўхшаган эътирозларни эшитамиз”, деган Э.Муҳиддинов.

Тошкент ва Қашқадарёда порахўр мансабдорлар қўлга олинди

Тошкент шаҳри Сергели тумани электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси 6000 доллар пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 15 март). Туманда ишлаб чиқариш корхонаси қураётган тадбиркор исми ошкор этилмаган бош муҳандисдан электр тармоғига уланиш учун рухсат сўраган. У эса зикр этилган миқдорда пора берса, иш хамирдан қил суғургандек осон битишини айтган. Бош муҳандис катта миқдордаги пора олаётганда прокуратура департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Қашқадарёда эса тамагир таълим мансабдори ушланди. Қамаши саноат коллежи директори Акбар Давлатов ишга кираётган Х.Жабборовадан 500 доллар пора талаб қилган. Х.Жабборова эса бу ҳақда ҳуқуқ идорасига хабар берган. Директор А.Давлатов коллежи ходимларидан бири орқали пора олгандан сўнг ушланган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG