Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Ўзбек сенаторлари Сурхондарёдаги санитария ҳолатидан қониқмади


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати биноси.
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати биноси.

Сурхондарё аҳолисининг 43,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. “Иегова шоҳидлари” оқими аъзоси бўлган она фарзандига қон қуйилишига розилик бермай, унинг ўлимига сабаб бўлди. Ўзбек матбуотида миллий футбол терма жамоасига ёшлар жалб этилмаётгани танқид қилинди.

________________________________________________________________

Парламент Сурхондарёдаги санитария ҳолатини қониқарсиз топди

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасидаги муҳокамада Сурхондарёда санитария-эпидемиологик ҳолатга оид қонуннинг ижроси қониқарсиз, деб баҳоланди (“Жамият”, 24 март). Ўрганишлар жараёнида вилоятда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида муайян ишлар қилингани, аммо бу борада қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Вилоятда 2016 йилда 2015 йилга нисбатан вирусли гепатит, сальмонеллиоз, ошқозон тифи каби юқумли касалликлар сони ошган. Уй ҳайвонларининг бруцеллёз касаллиги кенг тарқалган. Сурхондарё аҳолисининг 43,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Умумий овқатланиш шахобчалари ходимларининг 61,2 фоизи, озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг 48,5 фоизи ва даволаш муассасалари ходимларининг 10 фоизи тиббий кўрикдан ўтмай ишлаётгани аниқланган. Қайд этилишича, Сенат қўмитасининг танқидий руҳда ўтган мажлиси якунида тегишли қарор қабул қилинган.

Матбуот: “Яҳуво шоҳидлари”га аъзо она фарзанди ҳаётига зомин бўлди

“Иегова шоҳидлари” сектаси аъзоси бўлган тошкентлик Елена фарзандининг ҳаётига зомин бўлди (“Даракчи”, 30 март). Бу ҳақда нобуд бўлган бола – Володянинг бобоси Пётр Сергеевич мактуб орқали маълум қилган. 2015 йилнинг январида мактуб муаллифининг ўғли Анатолий, келини Елена ва набираси Володя автоҳалокатга учрайди. Автоҳалокатда норасида Володя кўпроқ жабр кўради. Шифохонада докторлар унга зудлик билан қон қуйиш лозимлигини айтишади. Аммо боланинг онаси Елена қон қуйиш “Иегова шоҳидлари” эътиқодида оғир гуноҳ саналишини айтиб, боласига қон қуйдиришга қарши чиқади. Оқибатда Володя нобуд бўлади. “Она эса (агар уни шундай аташ мумкин бўлса) фақат ўғлининг ўлимидан сўнг тинчланди. Аммо унинг юзида қайғу ва надоматдан асар ҳам йўқ эди. Чамаси, боласини “гуноҳ”дан асраб қолганидан хурсанд эди. “Боламни Иегованинг ўзи севимли бандалари қатори ҳузурига чорлади” деди у тантанавор оҳангда”, деб ёзади Пётр Сергеевич келинининг хатти-ҳаракатини қоралаб.

Ўзбекистон футбол термаси энг қари жамоа экани танқид қилинди

28 март куни ўз майдонида Қатар жамоасини мағлуб этган Ўзбекистон футбол термаси мухлисларда ЖЧ-2018 га чиқиш борасида умид уйғотди, аммо терманинг муваффақиятига ишонмаётган мутахассислар ҳам бор (“Оила даврасида”, 30 март). “Ишонмайман! Чунки мураббийга яқин ишловчилар, терма жамоалар маркази ходимлари ҳам ижтимоий тармоқларда бизнинг Осиёдаги ўрнимиз шу, боримиз, бўлганимиз шу, дея саралаш гуруҳ босқичида 3-ўринга лойиқ эканимизни писанда қилишмоқда. Футболимиз ичида юрган одамлар ишонмагач, мухлислар нима қилишсин?!” деб ёзган журналист Шуҳрат Шокиржонов. Шунингдек, журналист Ўзбекистон миллий термасининг қариялар жамоаси бўлиб қолаётгани ва таркибга ёшлар жалб этилмаётганини ҳам танқид қилган. “Терма жамоамиз саралашда қатнашаётган 12 терма ичида энг қари жамоа. Ҳалигача Қатар-2011 қаҳрамонлари терма жамоамиз асосини ташкил этмоқда”, деб ёзган Ш. Шокиржонов.

XS
SM
MD
LG