Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:54

OzodDayjest: Қарамоғидаги қизалоқни игна санчиб азоблаган энага жазоланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижонда тарбиясидаги қизалоқни қийноққа солган энага маҳкамага тортилди. Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги салбий қарашларга барҳам бериш мақсадида янги фильм ишланди. Навоийлик 13 ёшли Муҳаммадали ТВдаги чиқишидан кейин “калькулятор бола” номини олди.

_____________________________________________________________

Марҳаматда марҳаматсиз энага судланди

Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи 54 ёшли аёли унга омонат топширилган 5 ёшли қизалоқни қийноққа солишда айбдор деб топилди (“Даракчи”, 5 апрель). Шу туманда яшовчи аёл Қозоғистонга ишлагани кетаркан, қизини энагага топширган. Исми ошкор этилмаган энага эса қарамоғидаги ожиз қизчани муттасил равишда қийнаб келган. Жумладан, пешонасига игна санчган, белига таёқ билан урган, “онанг ўлган” деб томоғидан бўғган, қайноқ сув қуйган. 54 ёшли энагага иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди судьяси Жаҳонгир Якубхўжаевга кўра, судланувчига жазо тайинлашда аёлнинг 2 фарзанди борлиги, оилада ягона боқувчи экани ва бошқа омиллар ҳисобга олинган. Энага қандай сабабга кўра жиноятни содир этгани, унинг руҳий ҳолати қандай эканига ойдинлик киритилмаган.

“Ўзбеккино” Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги эскича қарашларга барҳам бериш мақсадида янги фильм ишлади

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳомийлигида, Жаҳонгир Қосимов режиссёрлигида XV асрда яшаган атоқли уламо Хожа Аҳрор Валий ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди. Агентлик бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаевнинг “Даракчи” нашрига маълум қилишича, мазкур фильм Хожа Аҳрор Валий ҳақида совет замонида шаклланган салбий қарашларга барҳам бериш мақсадида ишланган. Атоқли адиб Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясида Хожа Аҳрор Валий илм-фанга қарши жоҳил уламо ва Улуғбекнинг ғаними сифатида тасвирланган. Шуҳрат Ризаевга кўра, аслида Хожа Аҳрор Валий мамлакат ва миллат ривожи учун кўп хайрли ишлар қилган зот бўлган. Бу борада Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Бобурнинг асарларини далил қилиб келтириш мумкин. Қолаверса, Хожа Аҳрор Валий ва Улуғбек муносабати Шайхзода талқин этганидан фарқ қилган. “Хожа Аҳрор Валий ҳақида халққа тўғри маълумот бериш учун ҳужжатли фильм суратга олиш керак эди ва бу амалга ошди” дейди “Ўзбеккино” раҳбари ўринбосари Ш.Ризаев.

Навоийлик 13 ёшли Муҳаммадали “калькулятор бола” сифатида машҳур бўлиб кетди

Навоий шаҳридаги 14-мактабнинг 6-синфида ўқиётган Муҳаммадали Тотлибоев фавқулодда қобилияти билан “калькулятор бола” деган ном олди ва машҳур бўлиб кетди (“Ҳуррият”, 4 апрель). Ҳисоб-китобга уста болакай 15 хонали сонни исталган бир хонали сонга кўпайтириш амалини 4-5 сонияда хаёлан бажариб, натижани тўғри айтиб беради. Умуман, катта хонали сонларни бир-бирига кўпайтириб, бўла олади. Қайд этилишича, аввалроқ М.Тотлибоев “Зўр” телеканалидаги “Индиго” кўрсатувида қатнашиб, камёб қобилиятини намойиш этган. Аммо асосан санъаткорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати кўрсатув ғолиблигини зеҳни беқиёс ёш математикка эмас, раққосга берган.

XS
SM
MD
LG