Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2020, Тошкент вақти: 03:27

OzodDayjest: Самарқандда Telegram ёзишмалари қотилликка сабаб бўлди


Иллюстратив сурат.

Самарқандлик йигит онаси билан телефон орқали ёзишмалар олиб борган ва учрашиб турган эркакни чавақлаб ташлади. Матбуот танасидан игна топилган чақалоқнинг ота-онаси оғир аҳволдалигини ёзмоқда. Ўзбекистон китоб ноширлиги борасида қўшни мамлакатлардан ортда қолаётгани айтилди.

_____________________________________________________________

Танасидан игна топилган чақалоқнинг ота-онаси оғир аҳволда экани айтилди

2018 йилнинг энг шов-шувли ва ғайриоддий воқеаси қаҳрамони – танасидан игналар топилган 2 ёшли Азизбек Абдумажидовнинг ота-онаси оғир аҳволда (“Даракчи”, 4 апрель). Айни пайтда оила Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги қурилиши охирига етказилмаган уйда яшамоқда. Болани ҳар 6 ойда Тошкентда кўрикдан ўтказиш керак. “Ўтган йили 12 сентябрда Тошкентга олиб борганимизда шифокорлар ўғлимда ҳаётига хавф соладиган нохуш ўзгаришлар йўқлигини айтишди. Лекин жуда хавотирдаман. Танасидаги яна 3 дона сим ва игна олиб ташлангани йўқ. Кўкрак қовурғаси ва бўйин қисми, юрак орқа томони – умуртқа олдига жойлашиб қолган игналарни чиқариб ташлаш учун яна операция зарур. Шифокорларнинг айтишича, бундай амалиёт учун Азизбекнинг ҳали жисмоний қуввати етарли эмас. Операциядан олдинги борди-келди ва бошқа харажатларга ҳам имконимиз йўқ. Шу кунларда яна Азизбекни шифокор кўригига олиб бориш керак”, дейди чақалоқнинг онаси Шоҳсанам Болтабоева. Қайд этилишича, оила Тошлоқ тумани халқ қабулхонаси ва ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо бирор жўяли жавоб олмаган.

Самарқандлик йигит онаси билан учрашиб юрган эркакни 36 марта пичоқ уриб ўлдирди

Самарқандлик йигит онаси билан телефон орқали ёзишмалар олиб борган ва учрашиб турган эркакни шафқатсизларча ўлдирди (“Ҳуқуқ”, 4 апрель). Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Асомиддин Сайфиддинов хабар беради. Икки фарзанднинг онаси бўлган аёл жиноий жавобгарликка тортилган эри билан яшамай қўйган, аммо турмуш ўртоғи тез-тез келиб болаларидан хабар олиб турган. Аёл эса бошқа бир эркак билан танишиб, у билан Телеграм тармоғи орқали ёзишиб борган. Аёлнинг тўнғич ўғли онаси эркак билан учрашиб юрганидан хабар топган ва онасининг Телеграм саҳифасини ўз телефонига улаб олган. Шу тариқа у онаси ва эркак ўртасидаги ёзишмалардан хабардор бўлиб борган. 20 ёшли йигит эркакни онасини тинч қўйиш борасида огоҳлантирган. Бир муддат кейин эса эркакни ўзи ишлайдиган савдо дўконида 36 марта пичоқ уриб ўлдирган. Шундан кейин ИИБга бориб, қотиллик қилгани ҳақида хабар берган. Суд ҳукмига кўра, қотил йигитга 20 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Ўзбекистонда бирорта ҳам китоб бозори йўқлигидан таассуф билдирилди

Китобхонлик борасида хўжакўрсинчиликдан амалий ишларга ўтиш вақти келди, деб ҳисоблайди “Академнашр” нашриёти директори Санжар Назар (“Солиқ плюс”, 29 март). Таниқли ноширга кўра, ноширлик борасида Ўзбекистон қўшни мамлакатлардан ортда қолмоқда. Масалан, аҳолиси икки баравар кам Қозоғистонда нашриётлар сони Ўзбекистондан қарийб 10 баравар кўп. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда халқаро китоб кўргазмалари ўтказилади, аммо Ўзбекистонда бундай кўргазма шу пайтгача ўтказилмади.

Таъкидланишича, китоб нашрини қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилиши шарт. “Бутун дунёда мавжуд тажриба шуни кўрсатадики, ноширчилик турли жамғармалар, меценатлар ва, албатта, давлатнинг қўллаб-қувватлаши туфайлигина ўзининг асл моҳиятига мос натижаларни беради. Масалан, Беҳбудий, Чўлпон, Борхес ёки Жойсни нашр қилиб пул топиш қийинроқ, аммо уларни нашр этмасанг, ноширчиликда нима бор?!” дейди Санжар Назар.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бўйича бирорта ҳам китоб бозори йўқ. Тошкент ва вилоят ҳокимиятлари “делолари” кўтарилса, қоғозда қанча ерлар китоб дўконлари учун ажратилгани, амалда эса кафе, ошхоналарга айланиб кетгани маълум бўлади, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG