Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:00

OzodDayjest: Коррупцияга оид шикоятларнинг учдан иккиси солиқчилар фаолияти билан боғлиқ


Давлат солиқ қўмитаси биноси.

Ота-оналар Ўзбекистонда боғчага болаларни 3 ёшдан қабул қилиш ҳақидаги талабни бекор қилишни сўрамоқда. Коррупцияга оид шикоятларнинг асосий қисми солиқ идоралари фаолиятига тегишли экани маълум бўлди. ИИВ вакиллари мактабларда аввал ўқитилган йўл ҳаракати қоидалари дарсларини ўқув дастурига қайтариш лозимгини таъкидламоқда.

_____________________________________________________________

Коррупцияга оид шикоятларнинг асосий қисми солиқ идоралари фаолиятига тегишли

Ўтган йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон вилоятларида ўтказилган сайёр қабулларда 32 мингдан ошиқ шикоят келиб тушган (“Ҳуқуқ”, 12 апрель). Таҳлилларга кўра, коррупция, яъни порахўрлик, тамагирлик, мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатига оид шикоятларнинг 65 фоизи солиқ идоралари фаолиятига дахлдор. Бундан ташқари, аҳоли тиббиёт (8 фоиз), маҳаллий ҳокимликлар (7 фоиз), газ таъминоти корхоналари ва кадастр идораси (3 фоиз) ва бошқа ташкилотлар (13 фоиз) ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракати устидан арз қилган. Ўрганишлар асосида 34 нафар масъуллар ишдан бўшатилган, 16 нафари интизомий жазога тортилган, 3 ҳолатда жиноий иш қўзғатилган.

Ота-оналар боғчага болаларни 3 ёшдан қабул қилиш талабидан норози

Ўзбекистонда боғчага болаларни 3 ёшдан қабул қилиш ҳақидаги талабни бекор қилиш лозим (“Жамият”,6 апрель). Негаки, бу талаблар фарзанд кўрганидан кейин ишлаш ниятида бўлган оналарга ноқулайлик туғдирмоқда. “Фарзандим 2 ёшга тўлди. Энди ишга чиқишим керак, чунки ишхонам бола пули тўлашни тўхтатди. Лекин боғчалар 3 ёшдан қабул қиламиз, деяпти. Агар боламга қарасам, қандай кун кўраман? Агар ишга чиқсам, ҳеч кимим йўқ, боламга ким қарайди?” дейди ёлғиз оналардан бири. “Бу масалада турмуш ўртоғим Мактабгача таълим вазирлигига борди. У ердан эса “истасангиз болагингизни хусусий боғчага беришингиз мумкин, давлат боғчаларига 3 ёшга етмасдан қабул қила олмаймиз”, деган жавобни олдик. Хусусий боғчаларнинг ойлик тўлови менинг маошимдан ҳам кўп. Бир миллиондан уч миллионгача! Бу оддий оилалар учун қимматлик қилади”, деган Дилрабо Акрамова. Бундан ташқари, боғчаларнинг соат 17:00 га қадар фаолият юритиши ҳам давлат ташкилотларида 18:00 га қадар ишлайдиган ота-оналарга муаммо туғдираётгани таъкидланган.

Ҳайдовчиларга аёвсиз бўлган йўл нозирлари қоидабузар пиёдаларни жазоламаяпти

Ўзбекистонда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар иккитадан биттаси пиёда иштирокида рўй бермоқда. Масалан, 2017 йилда пиёда иштирокида 563 та ЙТҲ қайд этилган ва шундан 516 ҳолатда улар айбдор, деб топилган. “Оила даврасида” газетасига кўра, катта чорраҳаларда ҳамиша ҳозиру нозир йўл ҳаракати хавфсизлиги вакиллари кўп ҳолларда қоидабузарлик қилаётган пиёдаларни маъмурий жазога тортиш у ёқда турсин, ҳатто оғзаки танбеҳ бермаётир. Ҳолбуки, йўл нозирлари қоида бузган ҳайдовчиларни аяб ўтирмайди. ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов қоидабузар пиёдалар сони йил сайин ортиб бораётганини қайд этган. Вазирлик вакилига кўра, илгари мактабларда ўқитилган йўл ҳаракати қоидалари дарсларини ўқув дастурига қайтариш лозим.

XS
SM
MD
LG