Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 20:31

OzodDayjest: Тошкентда бозорқўм халқ ризқига кўз тиккани иддао қилинмоқда


Иллюстратив сурат.

Матбуот банкларнинг президент қарори ижросини пайсалга солаётгани ҳақида ёзди. Тошкентдаги Авиасозлар деҳқон бозори раҳбари халқ ризқига хиёнатда айбланди. Икки киши ўлимига сабаб бўлган милиционер 3 йилга қамалди.

_____________________________________________________________

Банклар президентнинг боғчалар тўғрисидаги қарори ижросига тўғаноқ бўлмоқда

Ўзбекистон банклари президент 2018 йил 5 апрелида имзолаган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга оид қарор ижросига тўсқинлик қилмоқда (“XXI аср”, 11 апрель). Қарорга мувофиқ, банклар мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли даврда кредит ажратиши лозим. Аммо давлат ва хусусий шерикчиликда боғча ташкил этмоқчи бўлаётган юзлаб тадбиркор банклар кредит бермаётгани хусусида арз қилган. Биргина Ўзбекистон либерал-демократик партияси боғча қуриш учун кредит ололмаётган 127 нафар тадбиркорни рўйхатга олган. Масалан, керакли ҳужжатларни ҳозирлаш ва бошқа тайёргарлик ишлари учун каттагина маблағ сарфлаб улгурган андижонлик Дилдора Мадаминова бир йилдан буён “Халқ банки” кредитни ажратишини кутмоқда.

Тошкентдаги бозор раҳбари арзонлаштирилган маҳсулотлардан минглаб доллар ноқонуний даромад қилгани фош этилди

Тошкентдаги Авиасозлар деҳқон бозори раҳбари халқ ризқига хиёнат қилиб, арзонлаштирилган маҳсулотларни қимматга сотаётгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура нашри хабар беради. Қайд этилишича, бозорқўм биргина гўшт ҳамда тухумдан ойига 4500-5000 доллар ноқонуний даромад қилган. Бозорқўм арзонлаштирилган маҳсулотлар савдосини назорат қилмаслик эвазига прокуратура ҳузуридаги департамент вакилига ҳар ойда даромаддан 1500 доллар улуш бериб туришни таклиф этган. Хабар қилинишича, халқ ризқига хиёнат қилган бозор раисига қонуний жазо берилган. Вазирлар Маҳкамасининг махсус баённомасига кўра, вилоятлардан келтирилган гўшт, тухум, картошка, пиёз каби маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда сотилиши лозим.

Икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган ички ишлар ходими 3 йилга озодликдан маҳрум этилди

Икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори М.Ҳ. (32 ёш) 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Темуржон Юсупов “Даракчи” нашрига маълум қилган. Автоҳалокат 2018 йил 28 апрель куни тонги соат 4:30 да рўй берган. Ички ишлар инспектори М.Ҳ. “Ласетти” хизмат машинасида мансаб ваколатини бузган ҳолда, ўзбошимчалик билан ўзига бириктирилган ҳудудни тарк этган ва Амир Темур шоҳкўчаси бўйлаб тезликни меъёрдан оширган ҳолда ҳаракатланган. Боғишамол кўчаси билан кесишган чорраҳада 56 ёшли ҳайдовчи А.Ҳ. йўл қоидаларини қўпол равишда бузади ва ички ишлар инспектори машинаси билан тўқнашиб кетади. Оқибатда А.Ҳ.нинг машинасидаги икки йўловчи ҳодиса жойида вафот этади, ҳайдовчи ва қолган икки йўловчи жароҳатланади. Суд нафақат инсон ўлимига сабабчи бўлган ички ишлар инспектори, қоидани қўпол равишда бузган ҳайдовчи А.Ҳ.га ҳам озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG