Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:31

OzodDayjest: Наманганлик уч "социал маугли" ҳужжат олиши учун ДНК экспертизаси керак бўлди


Иллюстратив сурат.

Наманган вилояти Поп туманида тоғда ўсган уч нафар бола аниқланди. Масъуллар Ўзбекистонда етиштирилган мош нега экспортдан қайтганига ойдинлик киритди. Тошлоқда қотиллик жинояти фош қилинди.

________________________________________________

Наманганда тоғда ўсган болалар топилди

​Наманган вилояти Поп туманида тоғда ўсган уч нафар бола аниқланди (“Инсон ва қонун”, 16 апрель). Гап шундаки, чўпонлик билан шуғулланган Содиқжон Азимов асосий вақтини тоғда ўтказган. 2003 йилда у шаръий никоҳ асосида уйланган ва бирин-кетин уч ўғил фарзанд кўрган. Учала фарзанд хам шифохонада эмас, яйловда туғилган. Айни пайтда 15, 13 ва 11 ёшга кириб улгурган болаларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома ҳам олинмаган. Орадан шунча йил ўтиб, чўпон ота ФҲДЁ бўлимига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш учун мурожаат қилган. Аммо болаларга гувоҳнома бериш учун ДНК суд-биологик экспертизаси ўтказишга тўғри келган. Экспертиза Содиқжон Азимов ва унинг аёли болаларнинг чиндан ҳам ота-онаси эканини тасдиқлагач, уларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилган. Поп тумани адлия бўлими бошлиғи Азамат Жўраев ватандошларни ҳужжат масаласида эътиборли бўлишга ундаган.

Ўзбекистонда етиштирилган мошнинг сифати хитойликларда шубҳа уйғотди

Ўзбекистонда етиштирилган мошнинг сифати хитойлик импортёрларда шубҳа уйғотди (“Оила даврасида”, 18 апрель). Шу боис катта миқдордаги маҳсулот экспортдан қайтган. “Ўзстандарт” агентлиги вакилларига кўра, мошнинг табиийлигини исботлаб берадиган халқаро сертификатнинг йўқлиги хитойликларда шубҳа уйғотган. “Мамлакатимиздаги стандартлар МДҲ ҳудудида монеликсиз амал қилса-да, халқаро стандартлар талабини тўла жорий этишда муаммоларимиз йўқ эмас”, деган “Ўзстандарт” агентлиги бош директорининг ўринбосари Жасур Шукуров. Қайд этилишича, айни пайтда ушбу масалага аниқ ечим топиш чоралари изланмоқда.

Хабар қилинишича, 2018 йил давомида Ўзбекистон сертификатлаштириш органлари томонидан жами 148,8 миллиард сўмлик маҳаллий ва импорт маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз, деб топилган. Унинг 50 миллиард сўми озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари саналади.

Фарғонада аёл жасадини каналга ташламоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани ҳудудида қотиллик жинояти фош қилинди (“Постда”, 13 апрель). Тунда Катта Фарғона канали бўйлаб бетартиб ҳаракатланаётган “Ваз-2109” автомобили ички ишлар ходимларида шубҳа уйғотган. Машина тўхтатилганда ҳайдовчи Ш. З. товуқ фермасига гўшт олиб кетаётганини айтган. Аммо машинадаги адёлга ўралган юк ички ишлар ходимларининг гумонини кучайтирган. Текширув чоғи адёлга аёл жасади ўралгани маълум бўлган. Марғилон шаҳрида яшовчи Ш. З. Қўштепа туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган У. М. исмли танишини жаҳл устида пичоқлаб ўлдиргани, жиноятини яшириш учун жасадни Катта Фарғона каналига оқизиб юбориш учун кетаётганини тан олади. Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очилган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG