Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

OzodDayjest: “Ўзбекистонда ОАВ ҳукумат кўрсатмаси асосида ишлашни бас қилсин”


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятида “Обод қишлоқ” дастури маблағлари талон-тарож қилингани аниқланди. Ўзбекистондаги нашрлар кўрсатма асосида ишлашни бас қилиши лозимлиги урғуланди. Сурункали ёмғирлар хусусида икки ўзбек мансабдори икки хил фикр айтди.

_____________________________________________________________

Прокуратура “Обод қишлоқ” дастури маблағлари талон-тарож қилинганини аниқлади

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида “Обод қишлоқ” дастури бўйича ажратилган маблағлар масъуллар томонидан талон-тарож этилгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 2 май). Хусусан, Кушек қишлоғини ободонлаштиришда кўзбўямачилик ва сохтакорликка йўл қўйилган. Қуйичирчиқ тумани ободонлаштириш бошқармаси қишлоқни обод қилиш бўйича “Аgrotexsanoatxolding qurilish” МЧЖ билан шартнома имзолаган. Кўзда тутилган ишлар тўлиқ қилинмаган бўлса-да, туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбари сохта далолатнома асосида бажарилмаган ишларни “бажарилди” деб тасдиқлаган. Шу тариқа биргина қишлоқ миқёсида 123 миллион сўм ўзлаштирилган. Икки мансабдорга тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Матбуот ҳукумат кўрсатмаси асосида ишлашни бас қилиши лозимлиги таъкидланди

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари кўрсатма асосида ишлашни бас қилиши лозим (“XXI аср”, 2 май). Либерал-демократик партия нашрига кўра, ОАВ ҳукуматнинг оғзига қарашни тўхтатиб, тишлаган мумини туфлаб ташлаши лозим. Қайд этилишича, чорак аср давомида матбуот “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” дея мақтов мақолалар берди, аммо сўнгги икки йилда мамлакат ҳаммадан кам экани маълум бўлди. Таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, умуман, жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги муаммоларга эса эркин фикрнинг қувиб чиқарилгани асосий сабаб бўлди. “Эркин матбуот, эркин фикр яшайдиган жойда давлат амалдорлари у ёқ-бу ёғига қараб ишлайди. Ҳукуматнинг кўзига матбуот кўзгу тутиб туриши керак. У кўзгуга қарасин, ўзини тузатсин! Бир ҳафта кўзгуга қарамаган одамнинг башарасини кўрганмисиз? Йигирма беш йил қарамаган одамникини-чи? Биз кўзгуга қарамадик, уни синдириб ташладик”, деб ёзади газета.

Икки мансабдор Ўзбекистондаги сурункали ёмғирлар ҳақида икки хил фикр айтди

Ўзбекистондаги икки мансабдор сурункали ёмғирлар ҳақида икки хил муносабат билдирди. Бу ҳақда Халқаро пресс клуб йиғинига таяниб бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаевга кўра, жорий йил март ва апрель ойларидаги ёғингарчилик туфайли мамлакатда тупроқ намлиги миқдори кескин ошиб кетган. Оқибатда ер майдонларида қатқалоқ юзага келган. Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятларида эса чигит қадаш кечиккан.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Равшан Мамутовга кўра эса, ёғингарчилик даврида мамлакатдаги сув омборларида 2 миллиард куб сув ғамлаб олинган. Бу эса ўтган йилга қараганда икки баравар юқори кўрсаткич. Биргина Чорвоқ сув омборида сув миқдори 1 миллиард кубдан ошган.

Дарвоқе, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам мамлакат бўйлаб хонадон, томорқа ва экин майдонларини сув босгани, дарахт ва кўприклар қулагани, автомобиль ва темирйўл чўккани ҳақида хабар берган.

XS
SM
MD
LG