Линклар

17 январ 2018, Тошкент вақти: 02:23

OzodDayjest: ДМТ имтиҳонларда коррупция мавжуд бўлиб келганини тан олди


Иллюстратив сурат.

Давлат тест маркази бу йил имтиҳонларда коррупция бўлмаслигига ваъда берди. Андижонда гувоҳномасиз рулга ўтирган аёл бир пиёдани босиб кетди. Театр актёри спектаклларга ҳокимлар келиб, бошқаларга ибрат бўлиши лозимлигини айтди.

_____________________________________________________________

Давлат тест маркази имтиҳонларда коррупция мавжуд бўлиб келганини эътироф этди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев бу йил олий ўқув юртларига қабул имтиҳонларида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўйилмаслигини билдирди (“Оила даврасида”, 11 январь). “Абитуриентлар сонининг йилдан-йилга ортиши ва имтиҳон бир кунда бўлгани учун тестлар турли тарқоқ биноларда ўтишига сабаб бўлди. Бу эса уларнинг адолатли ўтишига халақит бериб келди. Энди марказимизда Коррупцияга қарши комиссия иш олиб бормоқда”, деган Қ.Ҳақбердиев. Давлат тест маркази йиллар давомида тест тизимида адолатсизликлар ва коррупция урчиганини рад этиб келган. Ўзбекистон Президентининг танқидидан кейин Давлат тест маркази ҳам камчиликларни тан олишга мажбур бўлмоқда. 2018 йилда тест жараёни 1 августдан 15 августга қадар яхлит катта залларда видеокузатув остида ўтказилиши маълум қилинган. Натижалар эса имтиҳоннинг эртасигаёқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Андижонда гувоҳномасиз рулга ўтирган аёл пиёданинг ўлимига сабаб бўлди

Андижон шаҳрида яшовчи аёл гувоҳномасиз машина бошқариб кетаётиб 24 ёшли пиёдани уриб юборди (“Постда”, 6 январь). Тафсилотларга кўра, Боғишамолда дам олмоқчи бўлган уч нафар қариндош аёл танишларидан саёҳатга олиб бориб келишни илтимос қилган. Шу тариқа аёллар “Кобальт” автомашинасида сафарга чиқишган. Йўлда аёллардан бири таниш ҳайдовчидан машина минишни ўргатишни сўраган ва рулга ўтирган. Аммо чорраҳалардан бирида тормоз ўрнига газни босиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, 24 ёшли пиёда вафот этган. ИИВ нашри гувоҳномасиз машина ҳайдаш, гувоҳномаси бўлмаган шахсларга машина бошқарувини топширишдан қайтарган.

Муқимий театри актёри: Спектаклларга ҳокимлар келиб, бошқаларга ибрат бўлсин

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри унутилган масканга айланди, ўз вақтида гуркираган театрнинг нуфузини яна қайтариш учун эса ўн йиллик стратегия ишлаб чиқиш керак (“Даракчи”, 11 январь). Бу ҳақда театр актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекчанов интервьюсида маълум қилган. “Ҳоким, ташкилот директори одамларга ўрнак бўлиб, спектаклларимизни кўргани келса, халқнинг театрга бўлган эътибори ортади. Театрларга томошабинни қайтариш керак... Шу театрда ишлаётганимга 35 йил бўлди. Шу вақт мобайнида қанчадан-қанча директору бош режиссёрлар ишлаб кетди. Улар орасидан мусиқанинг “м” ҳарфини билмайдиганларни ҳам кўрганмиз. Театр ходимлари ўзимизни тажрибага боқилган қуёндек ҳис қиламиз”, деган актёр А.Бекчанов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG