Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2019, Тошкент вақти: 19:32

OzodDayjest: Ўзбек журналисти Григорий тақвими ой номларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда


Иллюстратив сурат.

МИБ раҳбари электр энергияси ва таъминотида ўзибўларчилик авж олганини эътироф этди. Григорий тақвими ой номларини ўзгартириш таклиф этилди. Қўшиқчи Санжей “Карвон кўрдим”нинг янги талқинига оид танқидларга жавоб берди.

_____________________________________________________________

МИБ раҳбари электр ва газ таъминотида ўзибўларчилик авж олганини тан олди

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов электр энергияси ва газ таъминотида қинғирликлар ва ўзибўларчилик авж олганини тан олди (“Ҳуқуқ”, 10 январь). Қайд этилишича, яқингача электр ва газ идораси ходимлари қинғирликлар қилиб, маълум ҳақ эвазига энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини хаспўшлаб келган. Шунингдек, аслида қарзи бўлмаган истеъмолчилар гарданига қарз юклаш амалиёти ҳам авж олган. Қайд этилишича, МИБ ташкил этилгач, энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига муросасиз муносабатни шакллантириш, мавжуд тартибни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш чоралари кўрилмоқда. МИБ вакилига кўра, 2018 йилда биргина Тошкент шаҳри бўйича истеъмолчилардан энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича 2,7 триллион сўм ундирилган.

Григорий тақвими ой номларидан воз кечиб, Навоий, Улуғбек каби номлар бериш таклиф этилди

Григорий тақвимига оид ой номлари ўзбек миллий қадриятларига ёт ва шу боис уларни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўмин (“Адабиёт газетаси”, 2 январь). Муаллиф айни пайтда амалда бўлган ой номларини қуйидаги тартибда атоқли отларга ўзгартиришни таклиф қилган: январь – Ватан, февраль – Навоий, март – Улуғбек, апрель – Амир Темур, май – Хоразмий, июнь – Зулфия, июль – Бухорий, август – Ибн Сино, сентябрь – Беруний, октябрь – Фарғоний, ноябрь – Жалолиддин, декабрь – Авесто. “Қадриятларимизга мос тақвим яратишимиз кечиктириб бўлмайдиган ҳаётий зарурат. Қачонгача ҳар ойда қадимги римликлар тақвими, уларнинг худо ва императорларини эслаймиз?” деб ёзган муаллиф.

Қўшиқчи Санжей Шерали Жўраевнинг ашулаларини ўғирлаб олгани ҳақидаги айбловларга жавоб берди

Қўшиқчи Санжей (Санжар Жавбердиев) машҳур ҳофиз Шерали Жўраевнинг “Карвон кўрдим” қўшиғини замонавий услубда куйлагани ва шеър матнини рухсатсиз ўзгартиргани боис ижтимоий тармоқда кескин танқидга учраган эди. Хонанда “Даракчи” нашри орқали ўзига нисбатан танқидларга жавоб берди. Санжейга кўра, у “Карвон кўрдим” қўшиғини Шерали Жўраев билан биргаликда куйлаш таклифи билан ҳофизнинг ўғиллари орқали унга мурожаат қилган. Аммо ҳофиздан жавоб бўлмагач, ўзи куйлашга қарор қилган. Хонанда қўшиқ матни шоир Усмон Азимга тегишли эканидан бехабар экани, эндиликда матнга киритилган ўзгаришлар бўйича муаллиф билан келишишга тайёр эканини билдирган. Навоий вилоятида туғилган Санжар Жавбердиев 15 йил давомида Россия Федерацияси, хусусан, Чеченистонда яшаган. Хонанда бундан аввалроқ соқолли экани боис унга “Ўзбекконцерт” раҳбарияти лицензия бермаётгани юзасидан президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллагани билан тилга тушган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG