Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:54

OzodDayjest: Ўзбекистоннинг янги парламенти заиф кадрлар билан тўлдирилгани иддао қилинди


Ўзбекистон ҳукуматидан халқ маблағи ҳисобидан спортни молиялаштиришни тўхтатиш сўралди. Ўзбекистонлик блогер янги парламент сайловидаги “расклад” аввалгисидан фарқ қилмаслигига эътибор қаратди. Қишлоқ хўжалиги вазири фермерлар ҳокимларга қарам эканидан ёзғирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Иқтисодчи: Спортчига пул бериб, ўқувчини китобдан маҳрум этмоқдамиз


Профессионал спортни давлат томонидан молиялаштириш бой мамлакатларга хос, Ўзбекистон ҳукумати эса ҳозирги шароитда ўз харажатларини қисқартириш ҳақида ўйлаши керак, деб ҳисоблайди Висконсин университети (АҚШ) бизнес мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов (www.daryo.uz, 3 январь).

“Ўзбекистоннинг ривожланишини хоҳласангиз, давлат харажатларини қисқартиришингиз шарт. Ҳозир бизда харажатлар 33 фоиз. Қайсидир бир мард келиб, шуни икки баробар камайтириши керак”, дейди иқтисодчи. “Ўзбекистондаги ҳар бир мактабда иссиқ ҳожатхона ёки интернет йўқ. Шу маънода профессионал спортни молиялаштириш қанчалик мақсадга мувофиқ?.. Кўп мамлакатлар тушуниб етганки, спорт ниҳоятда қиммат cоҳа... АҚШда киши бошига ЯИМ 50 минг доллар, лекин шунда ҳам АҚШ ҳукумати спортга пул бермаяпти”, дейди Б. Ҳошимов.

Қайд этилишича, спортчига пул берилар экан, демак, қайсидир мактаб ўқувчисининг китобини олиб қўйилаётган бўлади.

Блогер: Ўзбекистоннинг янги парламенти “эски почерк” бўйича шакллантирилди


22 декабрь ва 5 январь кунги сайловлардан кейин шакллантирилган Ўзбекистон парламентини янги парламент деб бўлмайди, бу – эски “почерк”, деб ҳисоблайди Телеграмдаги Davletov.uz канали муаллифи.

“100 кунлик сайлов кампанияси одамларда янги парламентга бўлган қандайдир умид уйғотди. Аммо сайланган депутатлар рўйхатини чуқурроқ ўрганиш шунча саъй-ҳаракатлар нечоғли мақсадли бўлди, деган саволни кун тартибига олиб чиқмоқда. Ҳаракатдан бир думалаб партияга айланган Экопартия яна ўша 15 та ўринга эга бўлгани, ЎзЛиДеП ҳам, “Миллий тикланиш” ўша-ўша “расклад”да қолгани шундай фикр билдиришга асос бўлади. Бу халқнинг хоҳиш-иродаси натижаси дейишдан йироқмиз”, деб ёзади блогер.

Қайд этилишича, янги сайлов натижалари аввалгиларидан у даражада фарқланмади.

“Ўзбекистон минглаб янги-янги юзларни кашф қилаётган, амалдаги номенклатура сингари ўйламайдиган, ёш ва илғор фикрлайдиган кадрлар, “Буюк келажак” экспертлари бошқарувга фаол жалб қилинаётган бир пайтда янги парламентимиз эски фундамент асосида ундан-да заиф кадрлар билан тўлдирилгандек туюляпти”, деб ёзади Davletov.uz канали муаллифи.

Вазир Ж. Хўжаев Қозоғистон буғдойи Ўзбекистонникидан сифатли эканини тан олди


Ўзбекистонда ғалла кам ҳосил берадиган, фақат бир марта экин экиладиган ерларда давлатга ғалла топшириш режасини бекор қилиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўтиш керак, деб ҳисоблайди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев (www.kun.uz, 3 январь).

Вазир ғалла кам ҳосил берадиган ерларда қайси маҳсулот кўп ҳосил беришини ўрганиб, тўлиқ ўша маҳсулотни етиштиришга ўтиш кераклиги, бундан келадиган даромаднинг ўндан бирига буғдойни бошқа мамлакатлардан, хусусан, Россия ва Қозоғистондан экспорт қилиш мумкинлигини таъкидлади. Қолаверса, бу давлатларда етиштириладиган буғдойнинг сифатида Ўзбекистонникидан яхши экани, бу ҳам давлат, ҳам истеъмолчилар учун бирдай манфаатли бўлишини айтди.

“Қозоғистонда бир йил ерга дам беришади. Мен ҳали Ўзбекистонда йил бўйи дам бериладиган ерни кўрмадим. Бизнинг фермерларимиз эса ҳокимларга, ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарига қарам. У нимани эк деса, экади; бирор ишни қилма деса, қилмайди. 25 йил давомидаги мутелик қонига шу қадар сингиб кетганки, ғалланинг ўрнига бошқа нарса эк десангиз, “Шунақа қилиш мумкинми, еримни олиб қўйишмайдими?” деб юзингизга мўлтиллаб қараб туришади”, деган вазир Ж. Хўжаев.

XS
SM
MD
LG