Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:03

OzodDayjest: Балки янги Ўзбекистон китобсиз мамлакат бўлиши керакдир?! - “Академнашр” директори


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда иш вақтида ходимларнинг ҳалок бўлиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Муяссар Раззоқова операдаги таниш-билишчилик ва кўзбўямачилик ҳақида гапирди. Ўзбекистонда китоб ноширлиги учун ёмон кунлар бошланаётгани башорат қилинди.

_____________________________________________________________

Иш вақти ҳалок бўлиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда


Ўзбекистонда иш вақти ходимларнинг ҳалок бўлиши ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 8 январь). Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги давлат меҳнат инспекцияси раҳбари ўринбосари Абдувоҳид Шаропов маълум қилган. 2017 йилда 456 та бахтсиз ҳодисада 519 нафар ходим жароҳатланган ва улардан 162 нафари вафот этган. 2018 йилда 553 та бахтсиз ҳодисада 667 нафар ишчи лат еган ва улардан 182 нафари ҳаётдан бевақт кўз юмган. 2019 йилда бу кўрсаткич янада ошган. Қайд этилишича, бир йил давомида давлат меҳнат инспекциясига бу борада 20 минг зиёд шикоят келиб тушган. Вазирлик вакили иш пайти ҳалок бўлган ходимларга тегишли товон пули тўлангани масаласига ойдинлик киритмаган.

Муяссар Раззоқова операда таниш-билишчилик авж олганидан хавотир билдирди


Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, профессор Муяссар Раззоқова мамлакат опера санъатида таниш-билишчилик кучайиб кетганидан хавотир билдирди (“Даракчи”, 9 январь). “Операда ҳам эстрададаги каби таниш-билиш ривожланиб кетган. Овози бор, истеъдодли йигит-қизлар четда қолиб кетяпти. Ҳозир театрда ишлаётганларни овози бўйича аттестациядан ўтказса, элакда уч-тўрт нафари қолиб, қолганлари тушиб кетади”, деган М. Раззоқова. Таниқли санъаткор операда фонограмма ва кўзбўямачилик ҳолатларини ҳам танқид қилган.

М. Раззоқовага кўра, ўзбекистонлик кадрлар чет элга кетишга мажбур бўлмоқда. Шу боис ҳудудларда ҳам опера театрларини очиш лозим.

Китоб ноширлиги учун ёмон кунлар бошланаётгани башорат қилинди


“Академнашр” нашриёти директори Санжар Назар нашриёт ва китоб савдоси хизматлари учун қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғи ошганини ноширлик учун ёмон кунлар келаётгани белгиси, деб атади (www.sof.uz, 8 январь).

“Матбаа, нашриёт ва китоб савдоси хизматлари учун 15 фоиз миқдорда ҚҚС тўланадиган бўлди. Нашр учун зарур хомашёлар: қоғоз, бўёқ ва ҳоказолар учун олдин ҳам ҚҚС тўланар эди. Корхоналарнинг даромад солиғи миқдори 12 фоиздан 15 фоизга ошди. Аҳолининг тўлов қобилияти, харид қуввати ошиши мумкинлигига ҳатто бирон ишора ҳам кўринмаётган бир шароитда бу ўзгаришларнинг оқибатини тасаввур қилишни ҳам хоҳламасдим”, дейди нашриёт директори С. Назар.

Муаллиф ҚҚС ва даромад солиқларининг ошиши шундоғам зўрға елкасидан нафас олиб турган соҳа учун ортиқча юк эканини таъкидлаган.

“Балки янги Ўзбекистон китобсиз мамлакат бўлиши керакдир?!” дея киноя қилади ношир.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG