Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:09

OzodDayjest: Ўзбек матбуоти Гдлянни Геббельсга менгзатди


Тельман Гдлян.
Тельман Гдлян.

Матбуот терговчи Гдлян фашист вазири Геббельс усулларидан фойдаланаётгани ҳақида ёзди. Самарқандда сайёҳларни қийнаётган муаммолар санаб ўтилди. Бир аср аввал жадид маърифатпарварлар очган “Турон” кутубхонаси бугун ёрдамга муҳтож.

_____________________________________________________________

Матбуот: Терговчи Гдлян фашист вазири Геббельс усулларидан фойдаланмоқда

Ўзбек халқи тарихида машъум из қолдирган терговчи Тельман Хоренович Гдлян ҳамон ўзини адолат курашчиси сифатида кўрсатишга уринмоқда (“Даракчи”, 17 май). Тарихчи Шуҳрат Саломовга кўра, аслида у қаҳрамон ниқобидаги қотилдир. Қайд этилишича, Гдлян Гитлернинг яқин маслакдоши, фашистлар давлати рейсминистри Геббельс қўллаган усуллардан фойдаланмоқда. Геббельс “Кичкина одам ўзининг арзимаслигини мураккаб масалалар ортига яширишни ёқтиради” дегани каби, Гдлян ҳам ўзининг жиноятларини адолат учун кураш ғояси билан ниқоблашга уринмоқда. “Мана, 35 йилки, Гдлян ва унинг сафдошлари ўзбек халқига қарши амалга оширган жиноятларни хаспўшлаш учун “биз ўзбек халқининг халоскорларимиз” деган иддаони илгари суриб келмоқда. Афсуски, бу билан Гдлян Геббельснинг ҳақлигини исботлади. Зотан, у “Менга оммавий ахборот воситаларини беринг, мен ҳар қандай халқни онгсиз махлуққа айлантираман” деган эди. Таассуфки, Гдлян бунга қисман бўлса-да эришмоқда. Ана шу ёлғон чўпчакларга чиппа-чин ишонаётган айрим одамлар билиб-билмай Гдляннинг жиноий фаолияти тарафдорларига айланмоқда”, деб ёзади тарихчи-публицист Ш.Саломов. Таъкидланишича, Гдлян гуруҳи устидан жиноий иш очиб, уларни халқаро судга тортиш керак.

Самарқандда сайёҳларни қийнаётган муаммолар саналди

Самарқандга узоқ хориж ва қўшни мамлакатлардан келаётган сайёҳлар сони ошмоқда. Масалан, жорий йилнинг уч ойида Регистон майдонига 170 мингдан ошиқ сайёҳ келган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 37 мингтани ташкил этган (“Ҳуррият”, 16 май). Сайёҳлар сони ошиши билан тарихий обидаларнинг аксарида ўриндиқлар камлиги маълум бўлиб қолди. Масалан, биргина Шоҳи Зиндага дам олиш кунлари 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюради. Ўриндиқлар эса бармоқ билан санарли. Шу сабаб кўплаб сайёҳлар соя-салқин излаб ерда ўтиришга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари, ҳожатхона ва ювиниш жойларини ҳам тубдан яхшилаш кераклиги аён бўлмоқда. Шунингдек, мақолада Самарқандга келган сайёҳлар кечаси бориши мумкин бўлган кўнгилочар масканлар ҳам йўқлиги қайд этилган.

Бир аср аввал жадидлар очган “Турон” кутубхонаси бугун ёрдамга муҳтож

Жадид маърифатпарварлари саъй-ҳаракати билан бир аср муқаддам ташкил этилган “Турон” кутубхонаси ёрдам ва эътиборга муҳтож (“Оила даврасида”, 17 май). Бир пайтлар Чорсу бозори яқинида жойлашган кутубхонадан одам қадами узилмас эди. Кейинроқ кутубхона Тошкент вилоятига кўчирилди. Айни пайтда кутубхонада ўқувчилар учун интернетда ишлаш имкони мавжуд эмас. Илгари – кутубхона пойтахт марказида бўлган маҳали барча турдаги газета-журналлар пешма-пеш берилган, аммо ҳозир ундай эмас. Шунингдек, кутубхонага қарашли ер майдонини обод қилиш учун ҳам маблағ зарур. “Миллиардлаб пулга бир-биридан муҳташам савдо мажмуалари, ресторану тўйхона қурилаётган бир пайтда Тошкент вилоятидаги биттагина кутубхонани обод зиё масканига айлантириш қийин эмасдир”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG