Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:42

OzodDayjest: Бухорода Кашпировский “издош”и кўп одамни чув туширди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Давлат тест маркази раҳбари амалдаги тест тизими замондан ортда қолганини эътироф этди. Вилоятларда йўл нозирлари йўлтўсарлик қилмоқда. Бухорода машҳур экстрасенс судланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

ДТМ раҳбари тест тизими замондан орқада қолганини тан олди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) директори Мажит Каримов амалдаги тест тизими – синовларни ташкил этишдан тортиб натижаларни ҳисоблашга қадар замондан орқада қолиб келганини тан олди (“Халқ сўзи”, 7 июнь). “Тан олишимиз керак, бугунги кунга қадар ўтказилган тест синовлари кўп томонлама замонавийликдан, илғор тажрибалардан орқада қолаётган эди. Буни тайёгарлик ишларида ҳам, синовларни ташкил этиш, натижаларни ҳисоблаш ва эълон қилишда ҳам кўрдик”, дейди марказ раҳбари. Қайд этилишича, бу йилдан тест синовлари адолатли бўлиши учун бир қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жорий йилдан имтиҳон одатдагидек бир кунда (1 август) эмас, 1 августдан 15 августга қадар икки сменада ўтказилади. Тест синови жараёни турли шубҳали хатти-ҳаракатлар олдини олиш мақсадида узлуксиз видеокузатув остида ўтади. Натижалар тест ўтказилган куннинг эртасигаёқ ДТМ расмий сайтида эълон қилинади. Ҳозирга қадар ДТМ раҳбарияти тест тизимига оид танқидий фикрларни буткул инкор қилиб келган.

Вилоятларда йўл нозирлари йўлтўсар-қароқчилик қилмоқда

Вилоятларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан белгиланган тартибга зид равишда ҳайдовчиларни тўхтатиш ва жаримага тортиш давом этмоқда (“XXI аср”, 7 июнь). Амалдаги тартибга кўра, тезлик радар орқали назоратга олингани хусусида йўлларда махсус белгилар ўрнатилган бўлиши лозим. Аммо махсус огоҳлантирув белгилари ўрнатилмаган жойларда ҳам нозирлар яширинган ҳолда рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳолат эса “йўлтўсар-қароқчилик” деб аталган. “ЙПХга яқин манбаларимизнинг айтишича, ходимлар ҳар куни раҳбарларидан “план” олиб кўчага чиқишади. У қанақа “план” дейсизми? Масалан, бир кунда ўнта маъмурий баённомани тўлдириш шарт! 5 таси – хавфсизлик камарини тақмаганлик учун, яна 5 таси – бошқа қоидабузарликлар учун! Энди ўзимизга савол берайлик, ҳаракат хавфсизлиги посбони бисмиллони нимадан бошлайди? Нима қилиб бўлса ҳам “план”ни бажариш пайида бўлади. Бажармай ҳам кўрсин-чи, ё маоши, ё амали!..” деб ёзади газета.

Бухорода машҳур экстрасенс маҳкамага тортилди

Бухоро шаҳрида ўзини Кашпировскийнинг шогирди деб таништирган экстрасенс аёл кўплаб одамларни чув туширгани фош этилди (“Даракчи”, 7 июнь). Бу ҳақда Бухоро шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси Ойбек Примов маълум қилган. Исми ошкор этилмаган аёл руҳий тушкунликка учраган одамларга ноодатий муолажани таклиф этган. Хусусан, у тумор, сув ва илоҳий нур билан даволашни иддао қилган. Шу тариқа Кашпировскийнинг экстрасенс “издоши” кўплаб одамларнинг миллионлаб маблағига эга чиққан. Қайд этилишича, одамларга фириб бериб келган экстрасенс жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ҳукмига биноан айбдор, деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган. “Энг қизиғи, “экстрасенс”га хавфни олдиндан билиш ва бартараф этиш қобилияти ёрдам бермади”, деб ёзади терговчи О.Примов.

XS
SM
MD
LG