Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:13

OzodDayjest: ИИВ нашри прописка тизими Конституцияга зид эканини қайд этди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ички ишлар вазирлиги нашрида прописка тизими мамлакат Қомусига зид экани урғуланди. Наманганда ўқитувларни ҳақорат қилган коллеж директори жазоланди. Янгийўлда мутасаддилар 11 ёшли ногирон қизни ёрдамсиз қолдирмоқда.

_____________________________________________________________

Ички ишлар вазирлиги нашрида прописка тизими Конституцияга зид экани қайд этилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий нашрида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги прописка тизими Конституцияга зид экани қайд этилди (“Постда”, 2 июнь). Хусусан, тошкентлик Мурод Эрназаров прописка тизими Конституциядаги фуқароларнинг исталган ҳудудда яшаш ҳуқуқига зид эканини таъкидлаб, вазирлик расмийларидан доимий пропискага оид чекловлар қачон йўқотилишини сўраган. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Ф.Турсунов ушбу саволга жавоб бераркан, прописка тизими Конституцияга зид экани ҳақидаги фикрни рад этмаган. Миграция расмийсига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Вазирлик расмийси прописка тизими бутунлай бекор қилиниши масаласига тўхталмаган.

Наманганда ўқитувларни уятли сўзлар билан ҳақоратлаган коллеж директори жазоланди

Наманган юридик коллежи директори Нодира Мирзаолимова ўқитувчи ва ўқувчиларни уятли сўзлар билан ҳақоратлагани учун судда жавоб берди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маҳаллий нашрларга маълум қилган. Директор, шунингдек, ўқитувчиларни “порахўр” деб асоссиз айблаган, уларнинг миллатини юзига солиб, айирмачилик қилган. Жабрдийда ўқитувчиларнинг шикояти асосида директорга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси бўйича иш очилган. Судланувчи Н.Мирзаолимова маҳкама жараёнида айбини тан олмаган, аммо ҳужжат ва далиллар асосида айби тўлиқ исботланган. Тилига эрк берган директор бир йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва жаримага тортилган.

11 ёшли ногирон қизга маблағ йўқ, кўзбўямачилик учун эса бор!

Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Марказ” маҳалласида яшовчи Турсуной Ваҳобова 9 йилдан бери ногирон набирасини парваришлаб келади. Аммо ёрдамга муҳтож ушбу оилага мутасаддилар ёрдам бермаётир (“Оила даврасида”, 7 июнь). 11 ёшли Динара Ваҳобова туғма руҳий ногирон бўлиб, икки ёшлигида ота-онаси ажрашиб кетгач, буви қўлида қолган. Кекса аёл, бундан ташқари, тўшакка михланиб қолган турмуш ўртоғига ҳам қарайди. Хонадоннинг яшаш шароити жуда оғир. 11 ёшли қиз эса ҳатто туғилганлик ҳақида гувоҳномани ҳам ололмаган. Ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга ҳақдор эканига қарамай, бу хонадонга мутасаддилар ёрдам кўрсатмаётир. Масалан, оғир аҳволдаги оилага ёрдамга маблағ топа олмаган “Марказ” маҳалласи расмийлари кўзбўямачиликлар учун пул топмоқда. “Ҳақиқий ёрдамга муҳтож кишилар турганда, ўзига тўқ, шароити яхши бўлганларни қўллаб-қувватлаш тўғримикан?” деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG